07.04.2023

Қуръони карим оятларида ёш авлодни тарбиялашга оид масалалар

Ёшлар бу Аллоҳ таоло бандасига берган энг улуғ немати фарзанддир. Ҳа фарзанд  Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган нематлари ичидаги бир нематдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. 

Аллоҳ таоло айтадики:

المال والبنون زينة الحيوة الدينا والباقيات الصالحات خير عند ربك ثوابا و خير املا

«Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...».[1]

Фарзанд қалб райхонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот этганимиздан кейин эса уларнинг сай- ҳаракатлари туфайли номаи амолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади.       

عن ابي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه و سلّم :" اذا مات لانسان 

انقطع عمله الاّ من ثلاث: صدقة جارية و علم ينتفع به و ولد صالح يدعوا له" (رواه مسلم(

 

 Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

 Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:

   «Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд».

Аллоҳ таоло инсонга фарзандни аслида немат қилиб берган. Лекин гоҳида мана шу фарзанд ота-онасига бало бўлиши ҳам мумкин. Агар оила тинч-тотув бўлиб, ота-она ўз фарзандларига яхши тарбия берсалару, бола улғайганда ота-онасига раҳмат олиб келса, бу улар учун Аллоҳнинг мукофоти бўлади. Болалар эртанги кунимизнинг посбонлари, қарашларимиз, ишларимизнинг давомчилари, улар янги турмуш барпо этиш, соғлом ҳаёт кечириш учун дунёга келган кишилардир.

  Одамга болаликдан сингдирилган одатлар ёш дарахт танасига ўйиб ёзилган ҳарфларга ўхшайдики, улар дарахт билан бирга ўсади, вояга етади, дарахтнинг таркибий қисмига айланиб қолади. 

    Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:

«Фарзандларингизни ўз орзуларига, ўз ҳолларига қўйманг, уларни гўзал тарзда тарбия қилинг.» [2]

Инсон боласи туғилгандан то улғайиб. кексайиб вафот этгунга қадар тарбияга муҳтож. Бу тарбия дастлаб четдан ота-она, устоз ва бошқалар тарафидан берилади. Агар тарбия жараёни тўхтаб қолса ёки ёмон томонга бурилса, инсон тубанликка кета бошлайди.

Тарбиянинг энг мураккаб даври ўсмирлик давридир. Бола энди мустақил ҳаракат қила бошлаган, ҳаётга ўз назари билан баҳо беришга киришаётган, доимий эшитиб юргани ота-онанинг сўзидан кўра ўзгаларнинг, янги танишларнинг фикрлари жозибалироқ кўринаётган пайтда унга эҳтиёт бўлиб муомала қилмоқ керак

    Хорижда ёшларни тарбияси борасида олимлар қизиқ тажриба ўтказишади. Ота бола туғилишига беш олти ой қолганида ҳар куни маълум бир вақтда битта эртакни «унинг» ёнида сўйлаверади. Гўдак туғилгандан сўнг ҳам эртак айтишда давом этади. Боланинг тили   чиққанида ота ўша эртакни айта бошлаганида, унинг давомини боланинг ўзи сўзлаб берибди. Ҳофизул Қуърон бўлган бир киши фарзанд кўради. Боланинг тили чиққанида, маълум оятларни такрорлаётганини эшитишади. Маълум бўлишича, ота илоҳий каломни тиловат қилаётганида фарзанднинг онаси  унга қулоқ солиб, тинглаб турар экан. Демак, фарзандни соғлом ўстиришни  она қорнида вужудга келганидан бошланса, кўзланган мақсадга эришиш  мумкин. Яхши таълим - тарбия, шубҳасиз, инсоннинг жисми ва руҳий  дунёсига, охиратига фойдали, уни ҳар икки жаҳонда бахт-у саодатли қиладиган, илм ва тажриба билан бир қаторда диёнат-у билимдонлик, балоғат бахш этадиган туғри йўлга эзгу ва маъқул илмларга ундайди-ган таълим – тарбиядир. Ақл илмга нақадар тўлиб – тошса ҳам, қалб ва кўнгилни сира унутмаслиги керак, инсон ўзидаги маънавий жиҳат-ларни – виждон ва нафсини тарбиялаш, эҳтиросларни бошқара олиши, хунук одатларини тарк этиши,  мавжуд  илмий ютуқларини инсоннинг фойдасига йўналтира оладиган зеҳниятга эга бўлиши зарур. 

  Маънавият қадру қиймати йўқ, бир ёқлама, таълим -тарбия таъсиридан  инсонлар, кўпини тўғри йўлдан оздиради. Улардан кутилган эзгулик ва яхши натижани кўрмаймиз. Ватанга, инсонларга, башари-ятга, фидокорона хизмат қилишни, адолату - фазилатни, одоб-у  назокатни, раҳм-у  шафқатни, меҳр - муҳаббатни ўргатадиган бир таълим-тарбия биз учун зарур. Бу эса, иймон ва нафс тарбияси билан бўлади. 

  

 

 

Исоқали Салоҳиддинов – Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси 

 


 

[1] Qur’oni karim ma’nolarining tarjima va tafsiri / Tarjima va izohlar muallifi Abdulaziz Mansur. –T.: Toshkent islom universiteti, 2018. – 634 b.

 

 

[2] Imom Nasafiy «Madorik at tanzil» Dorut tahqiq- Lubnon. 2021 y. 243 b. 

 

Izoh qoldirish

Izohlar