11.04.2023

ЧИНАКАМ ТАВБАНИНГ МУКОФОТИ

Аллоҳ таоло каломида шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритса..." (Таҳрим сураси, 8-оят).

 Авваламбор, “Тавба” ҳақида: Ушбу сўз қайтмоқ, пушаймон бўлиш ила гуноҳларни тарк этиб ҳаққа юз бурмоқ, ҳамда ўша гуноҳни яна такрор қилмасликка азм этмоқ деганидир.

  “Ҳужжат ул-ислом” (Ислом далили) бўлган Имом абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари келтиришича, тавба илм, ҳол ҳамда феъл каби навбати билан бириси бирисини тақозо этувчи 3 нарсанинг мужассамлашувидан вужудга келадиган ўзгармас илоҳий суннат ҳисобланади. Ушбу 3 босқичнинг кейингиси аввалгисини талаб қилади. Сабаби шуки Аллоҳ мулк ва малакутнинг устига жорий қилган қонунидаги узлюксизлик шуни тақазо қилади. Киши қилган гуноҳи сабабли ўзи ва ўзи учун суюкли бўлган нарсаларнинг орасини ажратадиган зарарни англаб етиши илмдир. Буни қила олган киши ўз қалбида ғолибдир ва бу англашлик суюкли нарсаларини бой берган ўша қалбда алам-оғриқни ҳосил қилади. Йўқотиш ҳисси кучайганлиги сайин алами тобора ортиб боради. Киши Маҳбубини ўзининг ёмон иши сабаб бой бергани учун қалби оғриқ чекади. Ва бу оғриқ надомат дейилади. Ҳамда бунинг натижаси ўлароқ қалбда “Қасд” деб аталмиш бир ҳолат намоён бўладики, бу гуноҳларни тарк этишни мақсад қилиб, шу мақсад томон қадам ташлаш демакдир.

  Тавба шундай бир оғриқки у бекор ўтаётган умрни ҳис қилиш, Аллоҳнинг ғазаби остида зое бўлаётган бебаҳо неъмат-ўтмиш ва ҳозирги кунларни тафаккур қилиб аламли ҳамда қонли кўз ёши тўкмоқлигидир. Дарҳақиқат қилинган хатодан пушаймон бўлиб, ғамга ботиш мусулмон киши учун вожибдир. Бу албатта тавбанинг руҳиятидир. Камолига етиши унинг ўнгланишлиги билан бўлади.

   Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ “Ал-Муфҳим”ида келтиришича киши тилида “Астағфируллоҳ” деб қўйиб гуноҳини давом эттириши “Тавба” эмасдир. Бу каби истиғфор “Истиғфорга” муҳтождир! (яъники ҳақиқий истиғфорга).

   Тавба кечиктириб бўлмас бир ишдир. Ҳуддики эртага уйқусидан уйғонишлиги тайин қилинганидек “Эртага тавба қиламан”дейди бу ғофил банда. Тавбани кечга сургани сайин гуноҳлари кўпайиб қалбини зулмат қоплаб олади. Натижада гуноҳ қилиш унинг табиатига айланиб қолади. Уламолардан бири шундай деган: “Аллоҳ таоло бир бандага яхшиликни ирода қилса, унга надомат, синиқлик, хорлик, муҳтожлик, ўзидан ёрдам сўраш, доимий тазарру ва дуо қилиш эшигини очиб қўяди. Сўнгида ўша банда шундай тавба қиладики, шайтон алайҳилаъна “Қанийди уни гуноҳга васваса қилмаганимда, уни тарк этганимда эди” деб қолади.

   Аллоҳ таоло “Фурқон” сураси 70-оятда шундай марҳамат қилади “Илло, кимки (Шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхши (савоб)ларга айлантириб қўяр, Аллоҳ Мағфиратли ва раҳмли зотдир”.

   Аллоҳ таоло гарчи муҳтож бўлмаса ҳам бандасининг тавбаси унга ҳуш келади ва қанчалик бўлишидан қатъий назар қабул қилади. Киши қандай катта гуноҳ қилмасин. Аллоҳнинг раҳматидан асло ноумид бўлмасин. Аллоҳ барибир мени кечирмайди демасин. Зеро Имом Термизий, Ибн Можа ҳамда Ҳокимлар ушбу ҳадисни келтирганлар: “Ҳар бир кишики хато қилади. Хато қилганларнинг энг яхшиси тавбага келганларидир”. Шундай экан Роббига қайтиб астойдил тавба қилсин. Албатта тавбаси қабул бўлади. Шу ўрнида шайтоннинг “Хотиржам бўл Аллоҳ кечирувчи, тавбаларни қабул қилувчи зотдир” деган васвасасига (ҳийласига) алданиб қолмасин. Сабаби “Ўлим” изн сўраб келмайди. Роббининг бандасига инъом этадиган энг олий неъмати бу “ўзининг ризолиги”дир. Унинг ризолиги эса тавбасиз бўлмас албатта. Шундай экан киши ўлим уни йўқламасидан Роббиси бўлган Аллоҳга холис, самимий, ҳақиқий тавба қилмоқлиги лозим..!

 

 

Йўлдошев Жамшид – Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси 1-босқич талабаси.

Izoh qoldirish

Izohlar