БОМДОД НАМОЗИ ВАҚТИ КИРМАСДАН АЗОН АЙТИШ
Мазҳаблар орасидаги ихтилоф қилинган масъалалардан яна бири бомдод вақти киришидан олдин азон айтиш масъаласидир. Биз ҳанафийлар наздида бу жоиз эмас. Агар шундай қилиб вақтидан олдинроқ айтилган бўлса, бомдод вақти киргач қайтадан айтилади. Ҳанафийларнинг бу ҳукмига қарама-қарши каби кўринадиган баъзи ривоятлар бор. Жумладан, Пайғамбаримиз (алайҳиссаллом)нинг “Билол кечаси азон айтади, сизлар Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг азонини эшитгунингизча еб-ичаверинг”[1] деган ҳадислари. Кашмирий бу ривоятнинг шарҳида мазҳабларнинг қарашларини зикр этиб, ҳижозликлар ва шофеийлар наздида субҳи содиқдан – бомдод вақти киришидан олдин азон айтиш жоизлигини айтишган. Имом Абу Ҳанифа (ваф. 150/767 й.) ва Имом Зуфар (ваф. 158/775 й.) наздида бошқа намозларда бўлгани каби бунда ҳам вақтидан олдин айтилган азон жоиз эмас ва у қайтарилади. Имом Абу Юсуф (ваф. 182/798 й.) даслаб жоизмас деган бўлса, имом Молик (ваф. 179/795 й.) билан баҳс-мунозарадан кейин жоизлигига фатво берган[2].
Кашмирий юқоридаги ҳадисга қуйидагича жавоб берган:
“Азонни икки марта айтишнинг сабаби одамларни саҳарлик қилдиришдир”. Чунки “Саҳиҳайн”да келган ҳадисда “Сизлардан бирингизни Билолнинг азони саҳарликдан қайтармасин. Зеро у намоз ўқувчи намозидан тўхташи ва ухлаган уйғониши учун азон айтади”[3] дейилган. Шундай экан, азонни такроран айтиш рамазон ойида бўлиши керак. Абдулмалик ибн Қаттон Шофеий (ваф. 123/741 й.) ва Ибн Дақиқул Ийд (ваф. 702/1302 й.) буни очиқ равишда билдирган. “Ширъатул ислом” китобида саҳарлик учун азон айтиш мустаҳабдир деб айтилган. Бу китобнинг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний (ваф. 593/1197 й.)нинг устози бўлиб, унинг асари далил сифатида қабул қилишда эътиборга сазовор ҳисобланади. Мен шуни айтаманки, азонни такроран айтилиши бутун йил давомида бўлган иш эмас. Бу борада “Шарҳу маонил осор” ва “Насбу-р-роя” асарларида кўпгина далиллар мавжуд”[4].
Кашмирий ҳанафийлар наздида ҳадисларни мана шу услуб ва йўллар билан ҳам тушунилиши ва амалга киритилишини кўрсатиб берган. Юқоридаги ҳадисни шарҳлашда ва тушунишда ҳанафийлар тўғри йўлда эканини янада исботлаш учун Дороқутний (ваф. 385/996 й.)нинг “Сунан” номли ҳадис асарида келган бир ривоятни келтириб диққатни жалб қилган. “...Ушбу ҳадисга кўра, Мадинанинг тўққиз бурчагида масжидлар фаолият олиб борган ва улар Билол (розияллоҳу анҳу)нинг азонини эшитишлари билан намозга туришган[5]. Аллома Кашмирий айтади: “Бундан ҳам маълум бўлмоқдаки, Билолнинг бомдод вақти киришидан олдин айтган азони бутун йил бўйича давом этмаган, акс ҳолда улар саҳарлик қилишга киришиш ўрнига, намозга туришган бўлишармиди?![6]”
Хулоса қилиб айтганда, биз ҳанафий мазҳабидаги мусулмонлар учун бомдод вақти киришидан олдин айтилмайди, агар айтилса, вақт киргач қайтадан айтилади. Уламолар бизнинг Ўзбекистон ҳудудида бомдод вақти қуёш чиқишидан олдинги бир ярим соатга яқин вақт дейишган. Ана шу соат ичида айтилган азон бомдод намози учун айтилган ҳисобланади. Ундан олдин айтилса, ё хато айтилган бўлади, ёхуд одамларни саҳарликка уйғотиш учун бўлади ва иккала ҳолатда ҳам азонни қайтариб айтилади.
Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Бухорий, Азон. 11.
[2] Кашмирий. Арфу-ш-шазий, I, 216.
[3] Бухорий. Азон, 13, Муслим. Сиям, 8.
[4] Кашмирий. Арфу-ш-шазий, I, 216-217.
[5] Дороқутний, Сунан, II, 458.
[6] Кашмирий. Маорифу-с-сунан. II, 218.
Izohlar