
Эътикоф хақида
Пайғамбаримиз Мухаммад Соллалоҳу алайхи васалламнинг умматларининг ойи, ойлар султони бўлган рамазони шариф ўзининг улуғ фазли, рахмати, мағфирати билан бошқа ойлардан ажралиб туради.
Бу муборак ойда бошқа ойларда бўлмаган бир суннати муаккада яъни эътикоф амали бор.
Эътикоф уч хил бўлиб вожиб, суннат ва мустахабдир.
Вожиб - назр қилинган эътикофлар.
Суннат - Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги эътикоф.
Мустахаб - Рамазондан бошқа ойларда ўтириладиган эътикофдир.
Эътикофнинг рукни Масжидда туриш. Шарти рўзадор бўлишдир.
Бизнинг ханафий мазхабимизда суннати муаккада бўлган эътикоф Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида жамоат Масжидида рўзадор одамнинг эътикоф нияти билан ўтиришидир.
Эътикофнинг кўпи ўн кеча-ю кундуз, ками бир кундир.
Ўн кун ўтиришни ният қилган киши Рамазоннинг йигирманчи куни Аср намозидан кейин қуёш ботмасдан Масжидга кириб, Шаввол ойининг биринчи кунигача ўтиради. Бир кундан кўпроқ ўтиришни ният қилган кишилар хам мана шу пайтда кириб, Шом намозини ўқиб чиқадилар.
Хоссатан бир кун эътикоф ўтиришни ният қилган кишилар эса субхи содиқ бўлишидан олдин кирадилар ва Шомдан кейин чиқадилар.
Эътикофни намоз ўкиш, тасбех ва тахлиллар айтиш, китоб ўқиш, дарс қилиш каби савобли амаллар билан ўтказади. Дунё сўзлари сўзланмайди ва жим хам ўтирилмайди. Жим ўтириш хам ибодат деган эътиқодда жим ўтириб ўтказиш макрух булади чунки бизнинг мазхабимизда жим ўтириш ибодатга ўтмайди.
Эътикоф ўтирувчи киши Масжидни ичида ейиши, ичиши, ухлаши ва товарни Масжид ичига киргизмасдан сотиши ва сотиб олиши жоиз. Масжиддан фақатгина тахорат олиш ва Жумъа намозига бориш учунгина чиқади. Жумъа намози учун Жумъанинг аввалги тўрт ракаат суннатини ўқий оладиган миқдордаги вақтда чиқади яъни анча олдин чиқиб кетмайди. Жумъа намозини ўқиб бўлиши билан тезда эътикоф ўтирган Масжидига қайтади. Агар ўша Масжидда эътикофни давом эттириб, охирига етказса яъни ўша Масжидда тугатса, эътикофи бузилмайди лекин макрух бўлади. Чунки уни адо қилиш бир Масжидда лозим тутилади заруратсиз икки Масжидда тугатмайди.
Масжиддан узрсиз бироз вақт чиқиш эътикофни бузади.
Эътикоф ўтирувчининг жимо қилиши ва ушлаш, ўпиш каби жимога чақиривчи амалларни қилиши харомдир. Агар ўпиш, ушлаш натижасида инзол яъни маний келса эътикоф бузилади ва унга қазо қилиш вожиб бўлади.
Эътикоф ўтирган киши кечаси ёки кундузи, қасддан ёки билмаган холатда аёли билан қўшилиб қўйса маний келса хам, келмаса хам эътикофи ботил бўлади.
Бир киши бир неча кунлар эътикоф ўтиришни ўзига вожиб қилиб олса, унга кечалари билан биргаликда кетма кетликда ўтириш вожиб бўлади.
Эътикоф ўтириш суннати кифоя бўлиб бир махалла ёки бир шахардан бир киши ўтирса, бошқаларидан соқит бўлади.
Энг афзал эътикоф Масжидул Харомда кейин Масжидун Набавийда кейин Байтул Мақдисда ва ундан кейин ахли кўп бўлган Жомеъ Масжидлардадир.
Аёллар Жамоат Масжидида эътикоф ўтирмайдилар балки эрининг рухсати билан ўз уйларида алохида бир хонада ўтирадилар. Агар хайз кўрсалар чиқадилар.
Аллох таъоло барчамизга бу муборак ойда гунохлари кечирилган, ибодатлари мақбул, дуолари мустажоб бўлган бахтли бандалардан бўлишимизни насиб қилсин.
Хушматов Умрзоқ – Имом термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3 - босқич талабаси.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar