Ҳайит байрами тарихи
Мусулмон оламида кенг нишонланадиган, барча мусулмонлар учун хос бўлган байрамлардан бири бу ҳайит (ийд) байрами ҳисобланади.
Бу байрам мустақилликка эришганимиздан сўнг юртимизда ҳам кенг кўламда, умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинмоқда.
Ҳайит сўзи араб тилидан кириб келган сўз бўлиб, “ийд” – байрам, маъносини билдиради. Ислом анъанасига кўра иккита ҳайит расман байрам сифатида нишонланади: Қурбон ҳайити (ийд ал-кабир, ийд ал-адҳо), Рамазон ҳайити (ийд ас-сиғар, ийд ал-фитр). Мусулмон оламида ҳайит кунлари ой календари асосида белгиланади. Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг ўнинчи кунига тўғри келса, Рамазон ҳайити шаввол ойининг биринчи кунида нишонланади.
Рамазон ҳайитининг пайдо бўлиши ва нишонланиши Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан узвий боғлиқ. Ҳижратнинг иккинчи йилидан буён Рамазон ҳайити улуғ айём сифатида нишонлаб келинади. Мазкур ибодатнинг тантанаси ўлароқ Рамазон ҳайити Аллоҳ таоло томонидан мусулмонлар учун байрам қилиб берилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида шаҳар аҳли икки кунда ўйин-кулги қилар эдилар.
“Бу иккиси қандай кун?” деб сўрадилар.
“Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди”, – дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ сизларга бу иккиси ўрнига улардан кўра яхши — Қурбонлик куни ва Фитр кунини берди”, – дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Қурбон ва Рамазон ҳайитлари Аллоҳнинг бандаларига фарз қилган улуғ ибодатлари: Рамазон рўзаси ва ҳаж ибодати адо этиб бўлинган куннинг эртасига нишонланади. Аллоҳ таоло бандаларини мана шундай улуғ ибодатларни адо этишга муяссар қилгани учун ҳам унинг шукронасига икки ракаат ҳайит намозини ўқишни вожиб қилди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг” (“Кавсар” сураси, 2-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир”, – деганлар. Мўмин-мусулмонлар Ҳайит байрамини яқинлари даврасида ўтказадилар. Айниқса, ота-оналарига янада хушмуомала бўлиб, хурсандчилик улашишади. Уларнинг дуоларини олишади. Шунингдек, муҳтожлар ва беморлар ҳолидан хабар олиш, болаларга шодлик улашиш, уларнинг қалбларига қувонч олиб кириш катта савоб амаллардан бири. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, – деганлар.
Ийд – Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар туфайли У Зотнинг бандаларига кўрсатган раҳмат-у мағфирати сабабидан хурсандчилик изҳор қилиш учун бир муносабатдир. Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт”, деган (“Юнус” сураси, 58-оят).
Ийд улуғ ибодатни адо қилгандан сўнг бандаларга тақдим қилинган ўзига хос раббоний зиёфатдир. Ийд ул-фитр – Рамазон ҳайити байрами Аллоҳ таоло бандаларига Рамазон ойида фарз қилган рўза ибодати адо қилинганидан кейин келади. Банда Рамазонда Аллоҳнинг розилиги учун, У Зотнинг амри бўлгани учун егуликдан, ичимликдан ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалардан ўзини тияди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг фазли, мағфирати ва бу ибодатга лойиқ кўрганидан хурсанд бўлсинлар, деб бандаларини Ийд ул-фитр зиёфатига таклиф этади.
Ҳайит байрами – инсон шаъни ва қадрининг нечоғли юксаклигини кўрсатувчи хайр-саховат, меҳр-мурувват айёми, диллардаги гина-кудуратлар заволга кетиб, ўрнини унсу улфат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик эгалловчи, Ҳазрат Алишер Навоий таърифидаги каби сўз ва кўз озодалиги, тил ва дил поклиги байрамидир.
Ҳайит байрами шукрона мавсумидир. Инсон ўзига ато этилган неъматларга шукр қилиши вожиб экани буюк алломалар томонидан таъкидланган.
Ушбу маълумотлар шайх Усмонхон Алимовнинг “Муборак рамазон ҳайити шодиёналари: диний қадриятлар, азалий урф-одатлар ва ўлмас анъаналар” номли мақоласи асосида тайёрланди. (Янги Ўзбекистон газетаси: 13.05.2021-йил 97-сон)
Ҳикматилло Хурсанмуродов - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси Илмий тадқиқот ишлар муҳандиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar