27.04.2023

ҲАЗРАТИ УМАР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ КАРОМАТЛАРИ

(Эй сория тоққа)

Ал-Байҳақий ва Абу Нуъайм «Далоилу ан-нубуват» китобида, Лолаконий «шарҳу суннат» китобида, Дайр Аъқулий «Фаваиду» китобида, ибн Аъробий «Каромату ал-авлиё» китобида, Хотибнинг «Ровату Молик» китобида Нафиъдан, у киши ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: 

«Умар Сория исмли бир кишини қўмондон қилиб, бир томонга лашкар юборди. Бир жума куни Умар хутба ўқиётиб, бирдан чақира бошлади:

«Эй Сория! Тоққа, тоққа, тоққа қараб юр!» деб уч марта такрорлади. Сўнгра лашкарнинг элчиси келди. Умар ундан сўради. Элчи:

«Эй Амирул мўминун! Бизга нусрат келди. Ўша пайтда, биз «Эй Сория тоққа, тоққа, тоққа» деб уч марта айтилган овозни эшитдик ва шу заҳоти тоққа томон кўтарилдик», деди. Аллоҳ уларга ёрдам берди. Шунда бир киши Умарга :

«Эй Амирул мўминун! Ўшанда сиз шундай чақирган эдингиз» деди.[1] Ибн Ҳажар деди: «Унинг исноди ҳасандир».[2]

Ибн Мардавайҳ Маймун ибн Миҳрон орқали ибн Умардан ривоят қилади:

«Бир жума куни Умар ибн Хаттоб хутба қилаётган эди. Бирдан хутбадан бошқа ёққа бурилиб:

«Эй Сория тоққа, золим бўрилардан қутилиш учун тоққа қараб юр!» дедилар. Бу сўздан одамлар бир-бирига қараб қўйишди. Али розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳга қасамки, сўз у айтган жойдан чиқади» дедилар. Умар намозни адо этиб бўлганидан кейин, одамлар:

«Сизга нима бўлди эй Амирул мўминун» дейишди. У зот:

«Ҳаёлимдан ўтдики, мушриклар биродарларимизни қувиб боришарди. Улар тоғ дарасидан ўтиб борарди. Агар тоғга чекинсалар ғолиб бўлар эди, агар тўғри юрсалар ҳалок бўлардилар. Шунда мен сизлар эшитган нарсани айтдим» дедилар. Бир ойдан кейин бир ҳабарчи келди ва ўша куни ўша вақтда Умарнинг овозини ешитишганини айтди ва «Шунда тоққа кўтарилдик, Аллоҳ бизгага нусрат берди» деди». 

Ибн Наъим «ад-Далоилун» китобида Амр ибн Ҳорисдан ривоят қилади:

«Бир жума куни Умар минбарда хутба қилаётганди. Бирдан хутбани қолдириб:

«Сория тоққа!» деб икки ёки уч марта такрорлади. Кейин хутбасини давом эттирди. Шу ерда турган кишилар: 

«Жини бўлибди, Умар ақлдан озибди» дейишди. Бироздан кейин унинг олдига Абдуроҳман ибн Авф кирди. У Умарга ишонар эди. Абдуроҳман:

«Улар сизни кўп маломат қилишди. Сиз уларга ботинингиздаги гапни  айтдингиз. Хутба қилётган эдингиз, бирдан хутбадан бошқа ёққа бурилиб: «Эй Сория тоққа» деб бақирдингиз, бу нима эди ўзи? Умар:

«Кўнглимдан ўтдики, биродарларимиз тоғ ёнида урушаётган эди. Уларнинг олдида ҳам ортида ҳам тўсиқлар бор эди. Мен: «Эй Сория тоққа» деб айтган сўзимни ўз хоҳшим билан айтмадим. Улар тоққа томон боришди». Бир ойдан кейин бир ҳабарчи фатҳ ҳушҳабари билан келди ва:

«Қавм билан жума куни тўқнашгандик, улар билан жанг қилаётганимизда, бир нидо қилувчининг: «Эй сория тоққа!» деган нидосини эшитдик. Шундан кейин тоққа бордик. Аллоҳ бизга фатҳ ато этди» деди. Ўша унга тана қилаётганлар: «Уни тек қўйинглар! У ўзида эмас» дедилар»[3]

БИЛДИМКИ, АҲЛИНГ АЗОБЛАНИБДИ

Абу ал-Қосим ибн Бишрон ўзининг «Фаваиду» китобида Мусо ибн Уқба орқали Нафиъдан, у киши ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

-«Умар ибн Хаттоб бир кишига: 

-«Исминг нима?» деди.

-«Жамро»

-«Кимнинг ўғлисан?»

-«ибн Шиҳоб»

-«Кимлардан?»

-«Ҳуроқа»

-«Яшаш жойинг қайерда?»

-«Ҳирода»

-«Қайерида?»

-«Лазо ўрнида»

-«Билдимки, аҳли жамоанг азобланди» деди, Умар. Шунда у киши қайтиб борса, аҳлини азобланган ҳолда кўрди».[4]

Абу Шайх «Аъзама» китобида деди:

«Миср фатҳ қилинганидан кейин ажам ойларидан бир кун унинг ҳалқи Амр ибн Оснинг ҳузурига кириб:

«Эй Амир! Бизнинг Нилимизнинг (Дарё) шундай одати борки, усиз сира оқмайди» дейишди. Шунда Амр ибн Осс ажабланиб:

«Нима экан у?» деди. Улар:

«Шу ойнинг ўн биринчи куни кечаси ота-онасининг бағрида бўлган бир бокира қизнинг олдига борамиз-да, ота онасини рози қилиб ва уларга кийим кечак ҳамда тақинчоқ буюмларини эҳтиёжларидан зиёда қилиб берамиз. Сўнгра уни ушбу Нилга ташлаймиз» дейишди. Амр:

«Бу Исломда ҳеч қачон бўлмайди. Албатта, Ислом ўзидан олдинги бўлган нарсани инкор этади» деди. Улар Нилнинг олдига келсалар, озроқ ҳам кўпроқ ҳам оқмаётганди. Ҳатто одамлар кетиш ҳаракатига тушишди. Амр бу ҳақида, унда қилинган ишлар ва Ислом ўзидан олдинги ишларни бекор қилади, деган мазмунда Умар ибн Хаттобга мактуб йўллади. Бироз вақтдан кейин у киши ҳам мактуб юборди: «Албатта, мен китобим орасида бир мактуб юбордим. Уни ол-да, Нилга ташла!» дейилган эди. Умарнинг мактуби Амр ибн Осга етиб келгач, хатни олиб, ўқиб кўрса: 

«Аллоҳнинг қули Мўминларнинг амири Умардан Миср аҳлининг Нилига» дейилган эди. Амма баъд. Агар бундан олдин ўзинг оққан бўлсанг, энди ундай қилма, Агар Аллоҳ оқизган бўлса, сени оқизилишингни фақатгина ягона Қаҳҳор Аллоҳнинг Ўзидан сўрайман» деб ёзилган. Уни Нилга отишди. Шанба тонгини оттиришди. Аллоҳ Нилни бир кечада ўн олти зироъ оқиздирди. Аллоҳ Миср аҳлидан бу одатини тугатди.[5]

Ибн Асокир ибн Шиҳобдан ривоят қилади: 

«Бир киши Умарга гапираётганида, ёлғон аралаштирса «Буни қўшма!» дерди, яна гапирса, «Буни қўшма!» дерди. У киши: «Сизга гапирган сўзларимнинг уни қўшмаслигимни буюрганингиздан бошқаси ҳақдир» деди».[6]

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Сўз айтилганида, ёлғонлигини била оладиган одам бўлса, албатта, у Умар ибн Хаттобдир» деди.[7]



Нуралиев Умид – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси АРМ мудири

Таълим муассасаси матбуот хизмати
 

[1]Далоилу ан-нубуват. VI, 270 б. Муттақий ал-Ҳиндий «Канзул-аъмол»да келтирган 35788-рақам.

[2]Ал-Исобату. II, 3 б.

[3]Муттақий ал-Ҳиндий «Канзул-аъмол»да келтирган 35789-рақам.

[4]Муттақий ал-Ҳиндий «Канзи ал-аъмал»да келтирган 35780-рақам.

[5]Аъзама. 937 б. Ровий Абу Тойиб (Аҳмад ибн Раввоҳ Шеъроний).

[6]Тариху Димашқ. XXXXIV, 282 б.

[7]Тариху Димашқ. XXXXIV, 281 б.

Izoh qoldirish

Izohlar