28.04.2023

ИСЛОМ ДИНИДА ТАОМЛАНИШ МАСАЛАЛАРИНИНГ НАЗАРИЙ ТАҲЛИЛИ (1-қисм)

Таомларнинг ҳалол ёки ҳаром бўлишдаги шартлар

       Ислом ҳалол ва ҳаром қилиш ҳуқуқини чегаралаб, халқ назарида ва Аллоҳ таолонинг ҳузурида даражалари қандай бўлишлигидан қатъий назар бу ҳуқуқни инсонларга бермаган, балки, уни ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳаққи сифати ила қабул қилингандир. Бирор нарса тўғрисида ҳаром ҳукмини чиқаришга инсонлардан ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бир нарсани ҳаром қилишга ҳукм берган кимса, Аллоҳ таолонинг ҳаққини поймол қилган ва ёлғиз Унга оид бўлган бу ҳукмда ҳаддидан ошган ҳисобланади. Қуръони Карим ҳам ҳалол ва ҳаром ҳукмини ҳакам ва попларнинг қўлига топширган аҳли китоб (яҳудийлар ва насронийлар) ҳақида бизга хабар беради.

Аллоҳ таоло бу хусусда Шундай марҳамат қилади:

 اتَّخَذُواْ أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَابًا مِّن دُونِ اللّهِ وَالْمَسِيحَ ابْنَ مَرْيَمَ وَمَا أُمِرُواْ إِلاَّ لِيَعْبُدُواْ إِلَـهًا وَاحِدًا لاَّ إِلَـهَ إِلاَّ هُوَ سُبْحَانَهُ عَمَّا يُشْرِكُونَ 

"Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик қилишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ,  фақат Унинг Ўзи бордир. У зот Уларнинг ширкларидан покдир".[1]

        Бир куни Адий ибн Ҳотим (у Исломдан аввал насроний эди) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб, у кишидан мазкур оятни эшитганида айтдики: "Эй Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, улар - насронийлар ва яҳудийлар роҳиб ва попларга ибодат қилмайдилар-ку, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга Шундай жавоб қилдилар: "Ҳа, улар ҳалолни ҳаром, ҳаромни эса ҳалол қилиб олдилар. Насронийлар ҳам уларга эргашдилар. Анашу Уларнинг бир-бирига ибодатларидир. Бошқа бир ривоятда эса пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур оятнинг тафсирида Шундай деганлар: "Улар гўё бир-бирларига ибодат этмаётгандек кўринадир. Аммо роҳиб ва поплар ҳалолни ҳаром, ҳаромни эса ҳалол қилганларида, улар буни қабул этар ва шунга кўра иш тутар эдилар".

        Қуръони Карим, шунингдек, Аллоҳ таолонинг изни бўлмай туриб, ўз ҳавойи нафсларига кўра ҳалол ва ҳаром хусусида ўзларича ҳукм чиқарган мушриклар ҳақида ҳам хабар келтиради:

وَلاَ تَقُولُواْ لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَـذَا حَلاَلٌ وَهَـذَا حَرَامٌ لِّتَفْتَرُواْ عَلَى اللّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللّهِ الْكَذِبَ لاَ يُفْلِحُونَ

"Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: "Бу ҳалол, бу ҳаром", деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар".[2]

Мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифлардан Ислом ҳуқуқчилари шундай хулоса қилганларки, ҳалол ва ҳаром қилиш ҳаққи ёлғиз Аллоҳ таолога оиддир. Бу борада фақиҳларнинг вазифаси эса фақат инсонларга ҳалол ва ҳаром нарсалар ҳақида илмни етказишдан иборатдир. Уларнинг иши диний ҳукмлар келтириш эмас. Улар (мужтаҳид ва имомлик сифатига эга бўлсалар-да) фатво беришдан тийиладилар ҳалол ва ҳаром хусусида хатога йўл қўймаслик учун жуда эҳтиёткорлик билан иш тутадилар.

      Ислом ҳалол ва ҳаром ҳукмини берганларни танқид қилар экан, бу ишда бир далилга таянмай туриб, Аллоҳ таоло кенг қилиб қўйган доирада сунъий равишда инсонларга торайтиришга ҳаракат қилганларни қаттиқ қоралайди. Пайғамбар  саллаллоҳу алайҳи васаллам бу мутаассиб гумроҳликка қарши турли йўллар билан курашганлар, Аллоҳ таолонинг ҳукмларини ўзгартирганларнинг ҳалок бўлишини билдирганлар: "Ўзгартирганлар ҳалок бўлганлар". 

        Ҳақиқатан ҳалолни ҳаромлаштириш ширк келтириш билан бирдир. Шу боисдан ҳам Қуръони Карим мушрик арабларни бу ширклари, бутпарастликлари ва ҳалол бўлган неъматларни Аллоҳ таолонинг изни бўлмай туриб ҳаром қилиб олганлари учун қаттиқ қоралайди. 

        Қуръони Карим мушрикларининг бу каби одатларини рад этади ва бизга Шундай хабар беради:

مَا جَعَلَ اللّهُ مِن بَحِيرَةٍ وَلاَ سَآئِبَةٍ وَلاَ وَصِيلَةٍ وَلاَ حَامٍ وَلَـكِنَّ الَّذِينَ كَفَرُواْ يَفْتَرُونَ عَلَى اللّهِ الْكَذِبَ وَأَكْثَرُهُمْ لاَ يَعْقِلُونَ وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْاْ إِلَى مَا أَنزَلَ اللّهُ وَإِلَى الرَّسُولِ قَالُواْ حَسْبُنَا مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءنَا أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لاَ يَعْلَمُونَ شَيْئًا وَلاَ يَهْتَدُونَ  

 "Аллоҳ на "баҳийра", на "соиба", на "васийла" ва на "ҳомий" қилишга (буюргани) йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар. Уларнинг кўплари ақлсизлардир.  Қачон уларга:"Аллоҳ нозил қилган нарсага ва пайғамбарга келинглар", дейилса, улар: "Биз учун ота-боболаримизни ниманинг (яъни, қайси диннинг) устида топган бўлсак, ўша етарли", дейишади. Агар ота боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлмаса ҳам-а?!"[3]

        Анъом сурасида эса майда туёқли ҳайвонлар, сигир, туя каби баъзи ҳайвонларнинг ҳаром эканлиги ҳақидаги асоссиз иддаолар бошқача тарзда изоҳ этилади. Қуръони Карим бу баҳсни жуда таъсирли бир услуб билан баён қилади.

ثَمَانِيَةَ أَزْوَاجٍ مِّنَ الضَّأْنِ اثْنَيْنِ وَمِنَ الْمَعْزِ اثْنَيْنِ قُلْ آلذَّكَرَيْنِ حَرَّمَ أَمِ الأُنثَيَيْنِ أَمَّا اشْتَمَلَتْ عَلَيْهِ أَرْحَامُ الأُنثَيَيْنِ نَبِّؤُونِي بِعِلْمٍ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ  وَمِنَ الإِبْلِ اثْنَيْنِ وَمِنَ الْبَقَرِ اثْنَيْنِ قُلْ آلذَّكَرَيْنِ حَرَّمَ أَمِ الأُنثَيَيْنِ أَمَّا اشْتَمَلَتْ عَلَيْهِ أَرْحَامُ الأُنثَيَيْنِ أَمْ كُنتُمْ شُهَدَاء إِذْ وَصَّاكُمُ اللّهُ بِهَـذَا فَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَى عَلَى اللّهِ كَذِبًا لِيُضِلَّ النَّاسَ بِغَيْرِ عِلْمٍ إِنَّ اللّهَ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ 

"Саккиз жуфтни (яратди). қўйдан иккини (яъни, эркак ва урғочини), эчкидан иккини (яратди). Ўзларича ҳаром қилиб олувчи мушрикларга айтинг: (Аллоҳ бу ҳайвонлардан) иккала эркагини ҳаром қилганми ё иккала урғочисиними, ёки иккала урғочининг бачадонларида бўлган ҳомиланими?! Агар ростгўй бўлсангизлар, бирон ҳужжат билан менга хабар беринглар-чи?!" Туядан иккини, қора молдан иккини (яратди). Айтинг: "Иккала эркагини ҳаром қилганми ё иккала урғочисиними, ёки иккала урғочининг қоринларида бўлган ҳомиланими?!..."[4]

        Аъроф сурасида эса Аллоҳ таоло дарҳол ҳамма нарсаларга ҳаром ҳукмини чиқарганларни танбеҳ бериб мутлоқ ҳаром бўлган нарсаларни ва буларнинг аслларини Шундай очиқлайди.

قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللّهِ الَّتِيَ أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالْطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِي لِلَّذِينَ آمَنُواْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ  قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَن تُشْرِكُواْ بِاللّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَن تَقُولُواْ عَلَى اللّهِ مَا لاَ تَعْلَمُونَ 

"Айтинг (эй Муҳаммад): "Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!" Айтинг: "Улар (яъни, безак ва ҳалол ризқлар) ҳаёти дунёда иймон эгалари учун (бўлиб, кофирларга ҳам уларга шерик бўлур), қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир". Биладиган қавм учун оятларни мана Шундай муфассал қилурмиз. Айтинг: "Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқлиқларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигини) ҳеч қандай ҳужжат тушурмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос[5].

        Қуръони Каримдаги муноқашали бутун бу ҳукмлар, асосан, маккий сураларида бўлиб доимо иймон, тавҳид ва охират ишончини мустаҳкамлайди.

 

 

Юсуф Хушвақтов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
 

Таълим муассасаси матбуот хизмати
 

[1]Тавба сураси-31- oyat

[2]Наҳл сураси-116

[3]Моида сураси-103-104- oyat

[4]Анъом сураси - 143-144- oyat

[5]Аъроф сураси - 32-33- oyat

Izoh qoldirish

Izohlar