НАМОЗНИНГ ИНТИҚОЛ-БИР ҲОЛАТДАН БОШҚАСИГА КЎЧИШДА АЙТИЛАДИГАН ТАКБИРЛАР ВАҚТИДА ҚЎЛЛАРНИ КЎТАРИШ
Ислом уммати томонидан тан олинган тўртта фиқҳий мазҳаб борлигини барчамиз яхши биламиз. Ибодат, муомалот каби фиқҳий масъалаларда ушбу мазҳаблар ўртасида ихтилофлар борлиги ҳам маълум. Кундалик беш маҳал бажариладиган намоз ибодатидаги мазҳаблар кесимидаги ихтилофларни олдинги мақолаларимизда кўриб ўтаётган эдик. Бугун ҳам улардан яна бири – намозда қўлларни кўтариш масъаласини таҳлил қиламиз ва Анвар Шоҳ Кашмирийнинг бу борадаги қарашларини ўрганамиз.
Намозга киришдаги биринчи такбир – такбири таҳримани айтишда қўлларни кўтариш кераклиги борасида барча мазҳаблар бир хил фикр билдиришган. Аммо рукуъ ва саждага боришда қўлларни кўтариш борасида ихтилоф қилишган. Саҳобалардан Умар (ваф. 23/644 й.), Али (ваф. 40/661 й.), Ибн Масъуд (ваф. 32/652 й.), Ибн Умар (ваф. 73/693 й.), Ибн Аббос (ваф. 66/686 й.), Абу Ҳурайра (ваф. 58/678 й.) (разияллоҳу анҳум)дан, мазҳаб имомларидан Имом Абу Ҳанифа ва Суфён Саврий (ваф. 161/778 й.)дан қўлларни кўтармаслик ҳақида ривоятлар нақл қилинган[1]. Қолган имомлардан эса қўлларни кўтариш ҳақидаги қарашлари етиб келмаган[2].
Кашмирий ушбу мавзуга атаб “Найлул фарқадайн фи рофъил ядайн” ва унга ҳошия-шарҳ сифатида “Бастул ядайн ли найлил фарқодайн” деган алоҳида асарлар ёзган. Шунингдек, “Сунан Термизий”[3]ни шарҳлашда масъалани кенгроқ равишда ёритган ва мазҳаблар орасидаги фарқларни ҳамда уларнинг далилларини баён қилган. Масъалага тегишли ҳадисларни шарҳлаш жараёнида фиқҳий мунозараларни тилга олган ва ҳар бир мазҳабнинг далилларини батафсил келтирган, ҳатто мазҳаб имомларидан турли қарашлар етиб келган бўлса, уларни ҳам эринмасдан келтирган ва бу билан кучли, аниқ, ишончли натижага эришишга ҳаракат қилган.
Аллома Кашмирий даслаб Имом Шофеий ва Аҳмад Ибн Ҳанбалнинг намозда қўлларни кўтаришга алоқадор қарашларини, сўнг имом Моликдан келган бир ривоятга кўра унинг Имом Абу Ҳанифа билан бир хил фикрда эканлигига урғу берган. Моликий мазҳабида айнан ўша ривоятга асосан қўллар кўтарилмаслигини ҳам баён этган. Шундан сўнг ривоятларни шарҳлашга киришиб, мавзуга дахлдор барча ривоятларни кўриб чиқиб, улар ичида икки сажда орасида ва учинчи ракатга туришда ҳам қўлларни кўтаришга тегишли ривоятлар борлигини, лекин шофеийлар нимагадир буларга амал қилмаганликларини баён қилган. Кашмирий ҳанафий мазҳаби далилларига ўтишдан олдин, моликийларнинг қарашларини яна бир бор тилга олиб, “Бидаятул мужтаҳид” асаридан ривоятларни нақл қилиб, Имом Моликнинг намозда қўлларни кўтармасликни таржиҳ қилгани Мадина аҳлининг амалига асосланганини билдириб ўтган[4].
Хулоса сифатида Кашмирий ҳар икки тарафнинг иши ҳам мутавотир йўл билан собит бўлганини, уларни инкор этиш имкони йўқлигини таъкидлаб, ўртага учта эҳтимолнинг юзага чиққанини айтган. Булар – қўлларни кўтармаслик (бу биз ҳанафийларнинг тутган йўлимиз); қўлларни кўтариш; таржиҳ қилишга қолдиришдир. Кашмирий қўлларни кўтармасликка доир барча марфуъ ҳадисларни ҳамда кўтариш ҳақида ҳеч нарса дейилмаган ривоятларни бир жойга жамлаганда ҳанафийларнинг далиллари ниҳоятда кўпайиб кетишини айтган[5]. Қўлларни кўтаришга тарғиб қилинган ҳадисларнинг санадини тадқиқ қилиб, у санадларни танқид қилган[6]. Охирги натижа ва хулоса сифатида Кашмирий қуйидагиларни айтган: “Бу масъаладаги ихтилоф афзалият, яъни энг яхшироғини қилишга бўлган ихтилофдир. Ҳанафийлардаги қўлларни кўтариш макруҳ деган қавл фақатгина “Мунятул мусоллий” номли фиқҳий китобда очиқ равишда келган. Манба сифатида келтириладиган бошқа ҳанафий китобларда эса, бунинг аксини кўриш мумкин”[7].
Ушбу намозга тегишли фиқҳий масъаладан Анвар Шоҳ Кашмирийнинг ҳадисларни ҳар томонлама ўрганиб, сўнгра унга ҳукм бериши, ривоятларни зоҳирига қараб “бу олинмайди” ёки “бу ривоятда қайсидир камчилик бор” деб қайтармаган, балки у ривоятларни батафсил ўрганиб, кўринишидан мазҳабга мувофиқ келмайдиган ҳадисларни атрофлича таҳлил қилиб сўнг хулосасини айтганига гувоҳ бўлдик.
Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
[1] Ибн Баттол. Шарҳу саҳиҳ Бухорий. II, 354.
[2] Хаттобий. Маолиму-с-сунан. I, 193.
[3] Кашмирий. Маорифу-с-сунан, II, 451-501.
[4] Кашмирий. Маорифу-с-сунан, II, 454-455.
[5] Кашмирий. Арфу-ш-шазий, I, 263.
[6] Кашмирий. Арфу-ш-шазий, I, 458.
[7] Иброҳим Анар. “Анвар Шоҳ ал-Кашмирийнинг ҳадисчилиги”. Караман ўғли Меҳметбей университети, ижтимотй фанлар институти. Караман, 2020. 155-б.
Izohlar