ИСЛОМ ДИНИДА ТАОМЛАНИШ МАСАЛАЛАРИНИНГ НАЗАРИЙ ТАҲЛИЛИ (2-қисм)
Мадина даврида мусулмонлар орасида жуда мутаассибликка берилиб, яхши ҳалол нарсаларни ўз нафсига ҳаром қилиб олганлар бўлди. Шу сабабдан Аллоҳ таоло уларни илоҳий меъёрга келтира оладиган ва Ислом йўлига қайтарадиган оятлар нозил қилди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تُحَرِّمُواْ طَيِّبَاتِ مَا أَحَلَّ اللّهُ لَكُمْ وَلاَ تَعْتَدُواْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ وَكُلُواْ مِمَّا رَزَقَكُمُ اللّهُ حَلاَلاً طَيِّبًا وَاتَّقُواْ اللّهَ الَّذِيَ أَنتُم بِهِ مُؤْمِنُونَ
"Эй мўминлар, Аллоҳ Сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва (Аллоҳ белгилаган чегарадан) тажовуз қилманглар! Албатта, Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас. Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол, пок нарсалардан енглар ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар!"[1].
Инсонларни яратган ва уларга ҳисобсиз неъматлар бахш этган Аллоҳ таоло инсонлар учун истаганини ҳалол ва истаганини ҳаром қилиши Унинг ғоят табиий ва асл ҳаққидир. Яъни, бандаларининг ҳеч бир эътироз ва исёнга ҳақлари бўлмай, уларга истанидек амр этиши ва истаган таклифларини уларга юклаши ҳам ягона Холиқ бўлган зотнинг ҳаққидир. Ҳа, ҳеч шубҳасиз, инсонларнинг Аллоҳ таолога қарши ҳеч бир эътироз ва исёнга ҳақлари йўқ. Бу ҳақ Уларнинг Роббилари бўлган Аллоҳ таолонинг ҳаққидир. Уларнинг бу ҳақ қаршисида сукут қилишлари Унга қилинган ибодатларнинг шартидир. Фақат Аллоҳ таоло бевосита бандаларининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда баъзи маъқул сабабларга кўра ҳалол ва ҳаром ҳукмларини очиқ ўртага қўйиш билан уларга лутф ва марҳамат кўрсатгандир. Аллоҳ таоло яхши ва гўзал бўлгандан бошқа ҳеч нарсани ҳалол, ёмон ва зарарли бўлганидан ташқари ҳеч нарсани ҳаром қилган эмас.
Аллоҳ таолонинг пок бўлган баъзи нарсаларни яҳудийларга ҳаром қилганлиги тўғридир. Бу яҳудийларнинг ҳадларидан ошишлари ва Аллоҳ таоло муқаддас билган бир қанча нарсаларни ҳақир кўришлари оқибатида уларга берилган бир жазо эди. Зеро бу ҳақда аллоҳ таоло Шундай дейди:
وَعَلَى الَّذِينَ هَادُواْ حَرَّمْنَا كُلَّ ذِي ظُفُرٍ وَمِنَ الْبَقَرِ وَالْغَنَمِ حَرَّمْنَا عَلَيْهِمْ شُحُومَهُمَا إِلاَّ مَا حَمَلَتْ ظُهُورُهُمَا أَوِ الْحَوَايَا أَوْ مَا اخْتَلَطَ بِعَظْمٍ ذَلِكَ جَزَيْنَاهُم بِبَغْيِهِمْ وِإِنَّا لَصَادِقُونَ
Яҳудий бўлган кимсаларга барча туёқлиларни ҳаром қилдик. Мол-қўйдан улар учун ёғларни ҳаром қилдик. Магар биқинларидаги ё ичларидаги, ёки суякка аралашган ёғларгина (ҳаром эмасдир). Золимликлари сабабли уларни Шундай жазоладик. Албатта, Биз рост сўзлагувчимиз".[2]
Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг сўнггисини абадий ва умумий диний бир рисолат билан юборар экан, бир замонлар адашганлардан бўлган бир қавмга уларни тўғри йўлга солиш учун вақтинчалик ҳаром ҳукми берилган баъзи нарсаларни комил бир жамият учун ҳалол қилишлик билан илоҳий марҳаматини кўрсатгандир. Аҳли китобга маълум бўлгани каби бу Инжил, Таврот ва Қуръони Карим тили билан ҳазрат пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатининг асосини ташкил этади:
الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِندَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالإِنْجِيلِ يَأْمُرُهُم بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَآئِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالأَغْلاَلَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ فَالَّذِينَ آمَنُواْ بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُواْ النُّورَ الَّذِيَ أُنزِلَ مَعَهُ أُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
"Улар Шундай кишилардирки, уммий (саводсиз) пайғамбарга - номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган элчимизга эргашадилар. У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устиларидаги кишанларини олиб ташлайди".[3]
Бу тариқа очиқча маълум бўладики, Исломда ҳаром ҳукми ашёнинг ёмон ва зарарли бўлишига кўра чиқарилар экан. Яъни, бир нарса ёмон ва зарарли бўлса, у зарари ва ёмонлиги учун ҳам ҳаромдир, фойдаси кўп бўлган нарса эса ҳалолдир.
Биз биламизки, Аллоҳ таоло тўнғиз гўштини ҳаром қилганида мусулмонлар бир ёмонлик ва зарарни эътиборга олиб берилганлигидан бошқа бир сабаб кўрмас эдилар. Вақт ўтиши билан илм ва фан тўнғиз гўштида трисхин ва заҳарловчи бошқа микроблар борлигини кашф этди.
Юсуф Хушвақтов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
[1]Моида сураси - 87-88- oyat
[2]Анъом сураси-146- oyat
[3]Аъроф сураси-157- oyat
Izohlar