ВАҚФ – МУСТАҲАБ ИБОДАТ
Муқаддас динимизда вақф мустаҳаб, яъни яхши кӯрилган, савобли амал ҳисобланади. Чунки вақф қилиш орқали киши дунёда яхши кўрган одамлари, қариндошлари, етимлар ва йўқсилларнинг оғирини енгил қилади ва бу яхшилик қилиши сабабли охиратда улкан савобларга эришади.
Вақф – бу доимий манфаат келтириб турадиган хайрия, садақаи жориядир.
Вақф – Аллоҳ таоло ундаган, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизиқтирган энг афзал садақалардан ҳисобланади.
Вақф – вафот этиб кетгандан кейин ҳам савоби узилмасдан етиб турадиган, Аллоҳга қурбат-яқинлик ҳосил қилишга сабабчи бўладиган энг улуғ ибодатлардандир.
Аллоҳ таоло қуръони каримнинг Оли Имрон сурасида шундай деган:
{لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ}
Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимани нафақа қилганингизни Аллоҳ билувчидир.
وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضيَ اللهُ عَنهُمَا قَالَ: أصَابَ عُمَرُ بِخَيْبَرَ أرْضاً، فَأتَى النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: أصَبْتُ أرْضًا، لَمْ أصِبْ مالاً قَطُّ أنْفَسَ مِنْهُ، فَكَيْفَ تَأْمُرُنِي بِهِ؟ قَالَ «إِنْ شِئْتَ حَبَّسْتَ أصْلَهَا وَتَصَدَّقْتَ بِهَا». فَتَصَدَّقَ عُمَرُ: أنَّهُ لا يُبَاعُ أصْلُهَا، وَلا يُوهَبُ، وَلا يُورَثُ، فِي الفُقَرَاءِ، وَالقُرْبَى، وَالرِّقَابِ، وَفِي سَبِيلِ الله، وَالضَّيْفِ، وَابْنِ السَّبِيلِ، لا جُنَاحَ عَلَى مَنْ وَلِيَهَا أنْ يَأْكُلَ مِنْهَا بِالمَعْرُوفِ، أوْ يُطْعِمَ صَدِيقًا غَيْرَ مُتَمَوِّلٍ فِيهِ. متفق عليه
Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қиладиларки, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг Хайбардаги улушимдан кўра яхшироқ нарсам йўқ. Нима қилишга буюрасиз?» дедилар. У зоти бобаракот: «Агар истасанг аслини ушлаб тургинда, тушган фойдани садақа қилиб тур», дедилар. Шунда Умар разияллоҳу анҳу асли сотилмайдиган, ҳадя қилинмайдиган, мерос ҳам қолдирилмайдиган қилиб садақа қилди. У ўша (вақф) ерини камбағаллар, яқин қариндошлар, етимлар, қуллар, Аллоҳ йўлида юрганлар, меҳмонлар, мусофирлар учун садақа қилиб юборди. Ундан кейин мусулмонлар асрлар давомида Аллоҳнинг розилигини тилаб, яхши кўрган молу мулкларини нафақа қилиб келганлар.
وَعَنْ أبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنّ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إذَا مَاتَ الإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَمَلُهُ إلاّ مِنْ ثَلاَثٍ: صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ». أخرجه مسلم
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар инсон вафот этса, қуйидаги учта нарсадан бошқа амаллари узилади: садақаи жория, фойдали илм, ҳақига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд”. Имом Муслим ривояти.
Вақф икки турга бўлинади:
- Диний манфатарга асосланган вақф. Масалан, бирор киши намозхонлар учун масжид, толиби илмлар учун мадраса ва мактаблар фақф қилиши, йўқсиллар, етимлар, бева-бечораларга атаб бирор уй-жойлар ё ташкилотларни вақф қилиши сингари;
- Дунёвий манфаатларни кўзлаб фақф қилиш. Бунда киши бирор бир уй-жой, манзилни қуриб, ўз меросхўрларига вақф қилади, ёки бирор экинзор, ерларни вақф қиладида, улардан келадиган фойдани меросхўрларига атайди.
Бу иккиси ҳам садақаи жория бўлади ва вафотидан кейин савоби етиб туради.
Вақфнинг тўғри, ажру савоб келтириб турадиган бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд:
- Вақф қилувчи энг аввало вақф қилмоқчи бўлган мулкка ўзи эга бўлиши керак.
- Вақф қилинадиган нарса вақф қилувчининг мулки, маълум, аниқ, баҳоланадиган мол-мулк бўлиши зарур.
- Вақф қилинадиган нарса ўзи сақланиб қолиниб, ундан келувчи манфаатидан фойдаланиш имкони бўлиши керак.
- Яхшилик йўлида вақф қилинган бўлиши керак. Масалан, масжидлар, кўприклар, сув иншоотлари қуриш, толиби илмлар, етим-есир, бева-бечоралар, камбағалларга манфаат етказиш каби мақсадда қилиниши лозим.
- Вақф қилинадиган нарса ё жойни маълум, аниқ бир жой ёки тоифа ё шахсга атаб, унга топшириш талаб этилади.
- Вақф маълум бир муддатга эмас, балки доимий фойдаланишга топширилиши керак. Шунингдек, бирор шарт ва қайдсиз топшириш лозим. Фақатгина вафотидан кейин вақфга ўтишни шарт қилса, у ҳам жоиз бўлади ва васият бўлиб қолади.
Вақф қилишда сўз билан ё ҳужжат билан вақф қилганини ифода этиши мумкин ёки ўша вақфидан фойдаланиши кўзланган одамларни ундан фойдаланишларига рухсат бериб қўйиши орқали ҳам бу иш амалга ошади.
Вақфнинг турлари.
Вақфнинг бир неча турлари мавжуд:
- Бир кишининг ўзига вақф қилиш, масалан Саид исмли кишига;
- Оммавий фойдаланиш учун вақф қилиш, масалан, масжид, мадраса, шифохона, сув иншоотлари кабилар;
- Маълум бир тоифадаги одамлар фойдаланиш учун вақф, масалан, камбағаллар, ўқитувчилар, толиби илмлар ва ҳоказо.
Қандай нарсаларни вақф қилинади?
Ҳар қандай олди-сатди қилиш жоиз бўлган, унинг ўзини сақлаб қолиб, манфаатидан фойдаланиладиган кўчмас ва кўчар мулкларни вақф қилиш мумкин. Кўчмас мулкка мисол ер, уй-жой, ҳовли, дўкон, боғ ва бошқалар кирса, кўчар мулкка ҳайвонлар, мошина, асбоб-ускуна, қурол-яроқ, китоблар, безаклар, мебеллар каби нарсалар киради.
Вақфнинг миқдори.
Вақфнинг миқдори белгиланмаган, одамларнинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатларидан келиб чиқиб ташкил қилиниши мумкин. Масалан, бир кишининг мол-мулки бор, лекин меросхўри йўқ. У барча нарсаларини вақф қилиши мумкин. Меросхўри бор киши эса, бир қисм молини вақф қилиб, қолганини меросхўрларига қолдириши мумкин.
Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Вақф хайрия ташкилоти юқоридаги мақсадларга эриштиришга ихтисослашган, айни сизнинг хайрия ишларингизни вақфга айлантиришга ёрдам берувчи махсус диний, хайрия ташкилоти ҳисобланади. Ушбу Вақф ташкилоти бугунги кунда кўплаб юртдошларимизга хайр-эҳсонларни улашиб, моддий ва маънавий жиҳатдан кўмаклашиб келмоқда. Унинг фаолиятини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш албатта ҳар бир ўзига тўқ, моддий имконияти кенг мўмин-мусулмоннинг вазифаси ҳисобланади.
Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar