ҲАЗРАТИ АБУ БАКР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИГ ТУШ ТАЪБИР ҚИЛИШЛАРИ
Саъид ибн Мансур Саъид ибн Мусъайбдан ривоят қилади:
«Бир куни Оиша розиялоҳу анҳо тушида унинг уйида учта ой ботганини кўрдилар. Шунда у тушини Абу бакр Сиддиқга айтиб бердилар. У киши одамларнинг тушларини таъбир қилар эди. У киши: «Тушинг рост бўлса, ер аҳлининг учта енг яхши кишиси сенинг уйингда дафн қилинади» деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам қабз қилинганида, Абу Бакр Сиддиқ: «Эй Оиша! Бу сен кўрган ойларнинг энг яхшисидир» деди».[1]
Саид ибн Мансур Амр ибн Шураҳбилдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ўзимни қора қўйларни эргаштириб кетаётганимни кўрдим, кейин оқ қўйларни ергаштирдим, ҳаттоки қора қўйлар оқ қўйларнинг орасида кўриб бўлмас ҳолга келди» дедилар. Шунда Абу Бакр: «Эй Расулуллоҳ! Сиз кўрган қора қўйлар, дарҳақиқат, улар араблардур. Улар Исломни қабул қиладилар ва кўпайиб кетишади. Оқ қўйлар эса ажамлардир. Улар ҳам Исломни қабул қиладилар, ҳаттоки уларнинг кўплигидан арабларни уларнинг орасидан таниб бўлмайдиган даражада бўлади» деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳар вақтида фаришталар ҳам шундай таъбир қилдилар» дедилар».[2]
Ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тушимда ўзимни қудуқ ёнида кўрдим. Ундан сув чиқараётган эдим, бирдан олдимга қора қўйлар кела бошлади. Ортидан оқ қўй кела бошлади» дедилар. Абу Бакр: «Майлими буни таъбир қилиб берсам» деди ва юқоридагиларни сўзлаб берди.[3]
Ибн Саъид Муҳаммад ибн Сайриндан ривоят қилади:
«Абу Бакр Сиддиқ бу умматнинг Набийсидан кейинги туш таъбирчиси эди».[4]
Ибн Саъд ибн Шиҳобдан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам бир туш кўриб, бу тушни Абу Бакрга айтиб бердилар:
«Эй Абу Бакр, тушимда сен билан бир даражада мусобақалашаётган эканман. Мен сендан икки ярим даража ўзиб кетибман». Абу Бакр Сиддиқ:
«Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло сизни мағфиратига ва раҳматига олсин, мен сиздан кейин тағин икки ярим йил яшайдиган кўринаман» деб таъвил қилди».[5]
Абдураззоқ «Муснаф»ида Абу Қалоладан ривоят қилади:
«Бир киши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдига келиб:
«Мен тушимда қон аралаш бавл чиқардим» деди. Абу Бакр Сиддиқ:
«Сен аёлингнинг олдига у ҳайиз пайтида яқинлашар экансан, Аллоҳга истиғфор айт ва бу ишингга бошқа қайтма» дедилар».[6]
Нуралиев Умид – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси АРМ Мудири.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
[1]Молик буни «Мавтоъ»да ривоят қилган. 552 б.
[2]Ал-Байҳақий «ад-Далоил»ида келтирган. VI, 336-337 б.
[3]Ибн Абу Шайба «Муснаф»ида келтирган. 31119-рақам.
[4]Бу ҳақида олдин ҳам айтиб ўтилди. 118 б.
[5]Табақот ал-Кубро. III, 162 б.
[6]Абдураззоқ. Муснаф. 1270-рақам.
Izohlar