21.05.2023

Kитоблар тақдимоти

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Жорий йилнинг 20 май куни Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. 

 Унда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси, сийрат фани устози Абдул Азим домла Зиёуддин томонидан таълиф этилган “Нурул яқин”, “Нурул басар”, “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт” ва “Сиз пайғамбарни кўрганмисиз?” номли китобларининг академик таржимаси ҳақида сўз юритилди.  

Тадбирда таълим муассасаси ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар. Тақдимотни Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Мардонов Хайрулло кириш сўзи билан бошлаб, бугунги кунда китобхонлик борасида амалга оширилаётган ишлар, алломаларимиз меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш, бу борада илмий рисолалар мунтазам чоп этилаётгани ҳақида фикр билдириб, сийрат фани устози Абдул Азим домла Зиёуддинни ушбу ютуқлари билан табриклади. Тадбирда “Нурул яқийн” китоби бугунги кун талаблари асосида арабчадан она тилимизга луғавий-адабий ва илмий-академик услубда ўгирилганлиги, таржима бежизга «академик» деб аталмаганлиги, китобни таржима қилиш баробарида катта тадқиқот ишлари амалга оширилганлиги эътироф этилди. 

Тадбир жараёнида таржимон академик таржиманинг моҳияти ҳақида гапирар экан, таржимада китобнинг илк кўчирилган нусхасидан фойдаланганлигини, китобнинг ҳажми кичик эса-да, фойдали маълумотларга бойлиги шунингдек, китобхонларга енгиллик туғдириш мақсадида мукаммал тарзда китобнинг қайта нашр этилганлиги, таржима ишларида “Нурул яқийн”нинг йигирма етти хил нашри нусхаларидан ва 200 га яқин қўшимча китоб ва манбалардан фойдаланганини эътироф этди. Шунингдек, таржимон янги нашрда “Нурул яқийн”га ёзилган бир нечта шарҳлар ўрганиб, уларда учрамаган муҳим қўшимча маълумотлар киритганини ҳам таъкидлади. Тадбир жараёнида муассаса талабалари ҳам сўзга чиқишиб янги нашр ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Якунда ушбу китобларнинг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида чуқур ўрганилиши, ўқитувчилар томонидан дарслик сифатида фойдаланилиши тавсия этилди.

Izoh qoldirish

Izohlar