ҚАЛБ ҚОТИШИ НИМАДАН?
Барчамизга маълумки, қалб инсон танасининг энг асосий аъзоси ва бошқа аъзолар учун йўлбошчидир. Агар кишининг қалби соғлом ҳамда гуноҳ ва маъсиятлардан пок бўлса унинг қолган аъзолари ҳам соғлом бўлади. Бундан маълум бўладики, инсоннинг саодатига ҳам, бахтсизлигига ҳам, солиҳ бўлишига ҳам, унинг бузилишига ҳам қалб асосий вазифани бажаради. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у ислоҳ бўлса, жасаднинг барчаси ислоҳ бўлади. Агар у бузилса, тананинг бошқа аъзолари ҳам бузилади. Огоҳ бўлингларки, у бир парча гўшт – қалбдир”. Шу бир парча гўшт танамизнинг ислоҳ бўлиши ёки бузилишига сабаб бўлар экан бизга қалбимизни ҳар хил шубҳа ва гумолардан поклашимиз зарур бўлади. Кўпгина инсонлар ўзининг ташқи кўринишига эътиборларини қаратиб, ўзлари учун энг керакли бўлган ички дунёсининг гўзаллигига қарашмайди. Бу борада ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг кўринишларингизга ва молларингизга қарамайди, албатта, Аллоҳ таоло қалбларингизга ва амалларинггизга қарайди” дея марҳамат қилганлар. Амалларимизнинг ислоҳ бўлиши қалбимизнинг салоҳиятига боғлиқ бўлади. Чунки иймон – сўз, амал ва ният биландир. Кимки ташқи кўриниши гўзал бўлишини хоҳласа ички дунёсини гўзал қилиши керак, сабаби, қалбнинг гўзал бўлиши ташқи кўринишнинг ҳам салоҳиятли бўлишига тасирини ўтказади. Ҳар қачон инсон қалби ислоҳ бўлиб борар экан, ундаги иймон ва амал ҳам шу қадар метин ва салобатли бўлиб бораверади.
Қалбнинг қотиши – ундаги юмшоқлик, раҳмат ва ҳушуънинг кетишидир. Қачонки кишининг қалби қотса, ундан ушбу сифатлар кета бошлайди. Унга насиҳатлар ва огоҳлантиришлар фойда бермайди ва зикр ва дуодан узоқда бўлади. Қалбларидан ҳушуъ кетган кишиларни Аллоҳ мазаммат қилган ҳолда марҳамат қилади: “Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар”(Зумар сураси 22-оят).
Албатта, қалб қотишининг бир неча сабаблари бор: беҳуда гап-сўзларни кўпайтириш, ҳалолдан йироқлашиш, маъсият саналган ишларни кўпайтириш, уйқу ва овқатни кўп истеъмол қилиш ва шунга ўхшаш кўплаб сабабларни санаш мумкин.
Ҳар бир дарднинг давоси бўлгани каби қалб қотишинг ҳам даволари кўп. Уларнинг энг аввалида тавба туради. Мўмин киши қилган гуноҳига тавба қилиши уни қалбининг қорайиши ва гуноҳнинг зарарларидан асрайди. Ва яна бу дарднинг давоси сифатида қуйидагилар мисол бўлади: кўпроқ Қуръон тиловати, зикрни кўпайтириш, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилиш, солиҳлар билан дўст бўлиш ва охиратни эслатадиган кишилар даврасида бўлиш, намозларни ҳушуъ ва хузу билан ўқиш, тунги намозларни ўқиш, бемор кишилар ва қабристонларга кўпроқ бориш ва бу каби кўплаб шу сингари амаллардир.
Албатта қалб қотишини даволашнинг энг самарали усули бу Қуръон тиловатидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ҳашр сурасида қуйидагича марҳамат қилади: “Агар ушбу Қуръонни тоққа туширганимизда эди, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб, парчаланиб кетганини кўрар эдинг”. Барчамизга маълумки, тоғ жуда ҳам қаттиқ бўлган тошлардан иборат. Агар Қуръон тоққа нозил бўлганда ўша тошларни безовта бўлиб, тавозеъли ҳолга келарди. Ҳудди шунингдек, инсоннинг қалбига Қуръон кирадиган бўлса, унга ўз тасирини ўтказмай қолмайди.
Аллоҳ таолодан қалбларимизни ислоҳ қилишини, тилларимизни тўғри йўлга йўналтиришини ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ беришими сўрамиз!
Юсупов Зоҳид – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar