ҲИЖРАТ: АСЛИЯТ ВА НОТЎҒРИ ТАЛҚИН
Эзгулик дини бўлган Ислом дини кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка, бағрикенгликка, миллатлараро тотувликка тарғиб қилади.
Араб тили луғатида «Ҳижрат» сўзи, «бирор нарсани тарк этиш», «бир нарсадан қалбан ва жисмонан узилиш», «бир жойни ташлаб бошқа жойга кўчиб ўтиш» каби маъноларда ишлатилади.
Ислом тарихига назар солсак Пайғамбаримиз саллaллоҳу алайҳи васаллам дастлаб Маккада қийинчилик билан бўлсада ислом даъват қилдилар. Натижада, баъзиларнинг қалблари ислом нури билан мунаввар бўлиб таскин топди. Аммо, вазият кейинчалик вазият янада оғирлашгач Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳижрат қилишни буюрди. Дастлаб саҳобалар ва кейинчалик Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам Мадина шаҳрига ҳижрат қилдилар яъни кўчиб ўтдилар.
Абу Абдуллоҳ Фоқиҳий ўзининг «Ахбару Макка» (Макка хабарлари) асарида ёзишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёнини ўғирлаб кетишади. Ўғрини ушлашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига олиб борадилар. Шунда ўғри ўз қилмишини ушбу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи эканлиги билан оқламоқчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни жазолашни буюрадилар. Кейин унга Маккага қайтишни ва ўз юртида яшашини айтиб, “Ҳижрат тўхтатилди!” дея ҳукм қиладилар. Мазкур воқеадан ҳижрат аллақачонлар тўхтатилганини, шунингдек, асли ҳижрат яхшилик экани, уни қиламан деб, одам ҳар қандай ёмонликни қилиши мумкин, деган фикрнинг нақадар нотўғри эканини билиб оламиз. Демак, ватанни сотиб, ўз юрти одамларига ёмонликни раво кўриб асло ҳижрат қилиб бўлмас экан!
Аслида ватан, она ватан соғинчи, унга мансуб бўлиш ҳар нарсадан устун туради. Ўзга юртларда ҳам ҳеч қачон ўз юртини, ватан ободлигини, ватан соғинчини унутмаслик даркор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва унинг давридаги мусулмонларга энг кўп ёрдам берган мусулмонлар мадиналик ансорлар эди. Улар ўзларининг фидойиликлари, меҳмондўстликлари, беғараз ёрдамлари ила ислом пайғамбарининг кўнглини олган эдилар. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ҳижрат бўлмаганда эди, ансорлардан бири бўлган бўлардим!» дея лутф қилганлар. Ҳанафий олимларидан бўлмиш Абу Жаъфар ат-Таҳовий ушбу ҳадисни шарҳ қила туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзга ватандан, яъни маккалик бўлгани боис ўзларини ансорлар жумласига киритмаганлар, деган. Бу ерда ансорлар нақадар улуғ инсонлар бўлгани билан бирга уларга ўзини мансуб қилиш нақадар улуғ фазилат бўлса ҳам, лекин инсон ҳеч қачон ўз ватанидан кеча олмаслиги, ватанни танлай олмаслиги, балки ҳар бир инсон ўз она юртига, ота ватанига содиқ фарзанд бўлиши лозимлиги маълум бўлади.
Ҳижрат қилувчилар эса муҳожир бўлиб, Қуръони каримда улар ҳақиқий мўминлар, Аллоҳ ҳузурида уларнинг даражалари буюклиги ҳақида бир қанча оятлар билан мадҳ этилди. Жумладан, Анфол сурасининг 74-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَالَّذٖينَ اٰمَنُوا مِنْ بَعْدُ وَهَاجَرُوا وَجَاهَدُوا مَعَكُمْ فَاُو۬لٰٓئِكَ مِنْكُمْؕ
«Кейинроқ имон келтириб, ҳижрат қилган ва сизлар билан бирга (ёв билан) курашганлар, айнан ўшалар (ҳам) сизлардандирлар».
Қуръони каримда бу каби оятлар яъни Аллоҳ ва унинг расулининг йўлида ҳижрат қилишга ҳақидаги кўплаб оятларни учратиш мумкин. Хўш Қуръони карим ва суннати набавийядаги ҳақиқий ҳижрат шуми? Аллоҳ йўли ва Расулининг йўлидан мурод аслида нима эди. Бугунги баъзи «тўдалар» даъво қилаётган, мусулмонларни ватангадо, олисларда хору зор қилаётганлар томонидан илгари сураётганлар ўз манфаатлари йўлида талқин қилаётган ҳижрат бу бутунлай нотўғри талқиндир. Зеро, кўплаб ояти карималар ва ҳадиси шарифларда ҳақиқий ҳижрат нима эканлиги кўрамиз. Масалан Аллоҳ таоло Мудассир сурасининг 5-оятида шундай марҳамат қилади:
وَالرُّجْزَ فَاهْجُرْۙ
«Нопокликлардан узоқ туринг»
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина ҳадисларида «ҳақиқий ҳижрат» ҳаром, гуноҳ ва ёмон амалларни тарк этиш, «ҳақиқий муҳожир» эса булардан ўзини тийиб, Аллоҳга итоат қилувчи ва қуллик қиладиган киши эканлигини таъкидлаганлар.
«Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк қилувчидир» (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Ёки бошқа бир ҳадисда Расулимиз алайҳиссалом: «Асл мужоҳид Аллоҳга тоат қилишда ўз нафси билан жиҳод қилган кишидир, Ҳақиқий муҳожир эса хато ва гуноҳларини тарк этган кишидир», дея марҳамат қиладилар. (Ибн Ҳиббон ривояти).
Шунингдек, яна бошқа бир ривоятда:
«Бир киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Ё Расулуллоҳ! Қайси ҳижрат фазилатлироқдир» дея сўради: Расулуллоҳ эса «Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк қилишингдир» дея жавоб бердилар» (Имом Насоий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Дарҳақиқат ҳар доим гўзал динимиз инсонни покликка, тўғриликка, ҳақ йўлга тарғиб қилиб келган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Ҳижрат – яширин ва ошкора барча фаҳш ишларни тарк этиш, намоз ўқиш ва закот беришдир. Шу ишларни қилсанг, турган жойингда вафот этсанг ҳам, сен муҳожирсан».
Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, юқоридаги Анфол ва Муддассир сураларида қайд этилганидек, ёмонликларни ташлаб, бутун вужудингиз билан Аллоҳга ибодат қилиш, тақво қилиш, Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳижрат қилиш демакдир.
Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз айтадилар: «Фитна ва бузғунчиликлар пайтидаги ибодат мен учун ҳижратдир» (Имом Муслим ривояти).
Умуман олганда ушбу ҳижрат борасидаги оят ҳамда ҳадислардан маълум бўладики, Аллоҳ ман қилган гуноҳларни тарк этиб, Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш ниятида «Аллоҳ йўлида» ҳижрат қилган «муҳожир» мўмин бўла олади.
Афсуски, ҳозирги кунда ислом динининг муқаддас тушунчалари бўлмиш «ҳижрат»ни ўз манфаатлари йўлида фойдаланувчилар гўёки, «ҳижрат» қилиб кетганлар қилган ҳижратларидан қайтишлари гуноҳ бўларкан, ҳижратларини тарк этмоқ дуруст эмас экан шунга ўхшаш фитнали асоссиз гаплар авж олиб бораётганлиги ҳам жуда аянчлидир. Ислом дини илм динидир. Илмсизликнинг, жаҳолатнинг охири вой бўлиши аниқ. Исломий тушунча ва масалаларни нотўғри тушуниб олиш ёки бошқаларга нотўғри етказиш орқали мусулмонларнинг бошига бугун жуда кўп ташвишлар, муаммолар ва фитналар тушмоқда. Афсуски, бугун бутун дунё мусулмонлари жаҳолат ва нодонлик қурбонлари бўлмоқдалар. Ана шундай, инсонни жаҳолатга ва алалоқибат ҳалокатга гирифтор қиладиган тушунчалардан бири “ҳижрат” бўлиб, унинг шаръий истилоҳдаги маъно-мазмунини ва ҳукмини билмаслик оқибатида айрим мусулмонлар фалокатга юз тутмоқдалар. Саҳиҳ ҳадиси шарифда: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, дейилган. У олдин фарз қилинган ҳижратнинг ҳукмини бекор қилувчидир. Ана шу ҳадиси шарифга биноан аҳли суннат ва жамоат таълимотидан оғишмаган мусулмонлар ва уларнинг уламолари инсоннинг яшаб турган жойидан бошқа жойга кўчиб кетиши бир пайтлар фарз бўлган ҳижратнинг ҳукмини бекор қилинган, деб тушунганлар. Айниқса, ҳанафий олимлари илм таҳсили ёки касбу кор мақсадида зарурат юзасидан вақтинчалик ҳижрат бўлиши мумкинлигини айтганлар, холос. Лекин, жами мусулмонлар ва бутун дунё ислом уламолари азалдан ҳижратнинг маънавий турини то қиёматгача боқий деб ҳисоблайдилар. Ушбу маънавий ҳижрат инсоннинг гуноҳ ва ёмонликлардан тавба қилиб, тоат ва яхшилик томон кўчиши, йўналишидир.
Жониев Музаффархон - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази директори в.в.б., тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
- Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 5 жуз. Тошкент: Шарқ, 2008.
- Абу Абдуллоҳ Фоқиҳий. Ахбару Макка. Makka 1407/1986-87, Muqaddima, I.
- Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад Шайбоний (ваф. 241/855): Муснад. – Байрут: “Муассаса ар-рисола”, 1421/2001. L. Биринчи нашр.
- Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий (Олтин силсила). – Т:. Hilol-Nashr. 2014.
- Ҳамидуллоҳ Беруний. “Ҳозир ҳижрат борми?!”. http://ahlisunna.uz/hozir-hijrat-bormi/
Izohlar