УМАР ТЕРМИЗИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ИСЛОМ ИЛМ-ФАН РИВОЖИДАГИ ЎРНИ
Жаҳондаги тадқиқот марказларида айнан тарихий шахсларнинг қолдирган меросларини ўрганиш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш йўлида қатор тадқиқотлар олиб борилмоқда. Термиз заминида етишиб чиққан ана шундай буюк алломалардан бири ўлароқ ўз даврида муфассир, воиз, сўфий, фақиҳ сифатида танилган Умар Термизийни ҳам қайд этиб ўтиш мумкин.
Умар Термизий ҳижрий IX/милодий XV асрда яшаб ўтган. Олим ҳаёти ҳақида маълумотлар кам бўлиб, унинг “Тафсиру суратил ихлос” (“Ихлос сураси тафсири”), “Китоб ул-ихлос” (“Ихлос китоби”) ва “Китаб ун-нийя” (“Ният китоби”) асарлари ҳозирга қадар сақланиб қолган. Умар Ризо Каҳоланинг (1323-1408/1905-1987) маълумот беришича, мазкур асар Қоҳирадаги “Ал-Хидайвия” кутубхонасида 2/173, 17945 рақам остида сақланмоқда.
“Тафсиру суратил ихлос”, Китоб ул-ихлос” ва “Китоб ан-ният” китоблари хижрий 857/милодий 1453 йилда вафот этган Мамлук султони Зоҳир Муҳаммад Абу Саъид учун ёзилган. Бу ҳақда муаллиф “Тафсиру суратил ихлос” асарининг муқаддимасида, китоб подшоҳнинг эзгу ишларига хайрихоҳлик билдириш мақсадида ёзилганлигини таъкидлайди. Муаллиф асар орқали подшоҳни холисликка, риёдан узоқ бўлишга ва бир қанча эзгу ишларда янада бардавом бўлишга чақиради.
Умар Термизий ёзилажак китобини подшоҳга инъом этиш нияти борлигини, аммо бу ишни қилиш тўғри ё нотўғрилигига ўзи ҳам иккиланади: “Мен гавхарни денгизга улоқтирган одамга ўхшаб қолмайманми?”, – деган фикрни қайд этади. Ҳар қанча иккиланса ҳам охир-оқибат мазкур асарни подшоҳга тақдим этади. Мамлук султони Зоҳир Муҳаммад Абу Саъидга тақдим этилган ушбу асарда “Китоб ул-ихлос”, “Тафсиру суратил ихлос” ва “Китаб ан-ният” рисолалари жамланган бўлиб, жами 114 саҳифадан иборат.
Асар “ат-Тафсир бил маъсур” йўналишида ёзилган бўлиб, оят, ҳадис ва турли ривоят ва шеърлардан хам фойдаланилган. Асар муқаддимасида шундай дейилади: “Биз, аввало, ихлоснинг ҳақиқати, фазли ва даражаларини баён қиламиз. Сўнгра суранинг тафсири, унинг таъвили, нозил бўлиш сабаблари ҳамда Замаҳшарийнинг “ал-Кашшоф” китобига эъробларини мувофиқ қиламиз”.
Муаллиф ўз китоби орқали амалларда холисликка даъват этади ва қалбни риё, сумаъ, васвас ва бир қанча ёмон иллатлардан поклаш хақида панд-насиҳатлар қилади.
Китобдаги баъзи ҳадис ва ҳикматлардан мисол келтириб ўтиш мумкин: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қирқ кун амалларини холис Аллоҳ учун сидқидилдан бажарган кишининг ҳикмат булоқлари қалбидан тилига кўчади”. Али розияллоҳу анҳу: “Сизлар амалларингизнинг озлиги учун ғам чекманглар, балки унинг қабул бўлиши борасида қайғуринглар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга: “Амалингни холис қил, шунда унинг ози ҳам сенга кифоя қилади”, дедилар.
Муаллиф асарида подшоҳга шундай насихат беради: “Билгинки, эй олим, одил подшоҳ, Аллоҳ сени асрасин ва сенга ўзи ёрдам берсин! Ихлосли бўлиш учун нафсни синдириш, тамаъ қилмаслик, охират учун мухлис бўлиш керак. Бир шайхдан шундай ҳикмат келтирилади: “Мен ўттиз йил намозни масжидда, биринчи сафда ўқир эдим. Бир куни баъзи сабаблар билан иккинчи сафга етишдим. Одамлар мени иккинчи сафда кўрган пайтда мени ҳижолат ўраб олди. Билдимки, одамлар назари мени аввалги сафда изларди. Бу риё ва ихлос ўртасидаги жуда нозик сир эди. Ўша ҳолатдан амалларини Аллоҳ риёдан саломат қилган кишигина сақланади. Риёдан ғафлатдагилар охиратда барча савобларининг гуноҳга айланганини кўрадилар ва бунга далилни Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 47 оятида келтиради: “Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур”. Шунингдек, Жосия сурасининг 33 оятида ҳам бунга далил мавжуд: “Ва уларга қилган амалларининг ёмонликлари аён бўлди ва уларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олди”. Каҳф сурасининг 103-104 оятларида эса Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Сен: “Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъй-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса гўзал иш қилаяпман, деб ҳисоблайдиганлардир”.
Умар Термизий асарида Фузайл ибн Айёзнинг шундай гапларини келтиради: “Одамлар сабабидан бир амални тарк этиш риёдир ва одамлар сабабидан бир амални қилиш ширкдир”. Яъни, аллома бир нафл амални доим бажариб юрган киши одамлар олдида шу амални бажармай деса, бу риёдир ва яна бир киши бир нафл амални ўзига одат қилиб олмаган одамлар олдида ўша амални бажарса, бу ширкдир, - дейди. Бу ҳолатдаги энг тўғри йўл одамларга эътибор қилмасдан, ҳар доим бажариб юрган амалини бажариш, бажармай юрганлигини эса бажармасликдир.
Олим: “Тафсиру суратул ихлос” китобига эргаштириб амалда ихлос қилишни айтиб ўтганимиздан сўнг, амалда ниятнинг ўрнини келтирамиз”, – деб “Китаб ан-нийя” (“Ният китоби”) рисоласини бошлаган. Муаллиф “Ният китоби” муқаддимасидаги ҳамду санодан сўнг асарни қуйидаги беш бобга бўлган.
Биринчи боб: Ниятнинг фазилатлари. Унда кишининг нияти нақадар холис бўлиши лозимлиги ҳақида ҳадислар ва ривоятлар асосида панд-насиҳатлар берилган.
Иккинчи боб: Ниятнинг ҳақиқати. Унда киши ниятини қандай қилиши лозимлиги ўргатилади.
Учинчи боб: Ниятнинг амалдан яхшилиги баёни ҳақида. Бу бобда кишининг нияти унинг амалидан яхши эканлиги ҳақида ҳадислар асосида панду насиҳатлар берилган.
Тўртинчи боб: Ниятга таалуқли бўлган амалларнинг бўлиниши. Унда ният қилиб амалларни бажариш жараёнида ниятнинг бўлиниши ҳақида насиҳатлар ўрин олган.
Бешинчи боб: Бу бобда ниятнинг ихтиёрдан чиқиши ҳақида сўз боради.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур учала рисола ҳозирга қадар тадқиқ этилмаган. Уларда келтирилган ахлоқий мавзудаги панд-насиҳатлар бугунги кунимиз учун алоҳида эътиборга молик.
Чориев Муҳиддин – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar