САБР ВА ШУКРНИНГ ФАЗИЛАТИ
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қилиб яратди, унга бу дунёда барча ноз-неъматларни, яхшиликларни инъом этди. Банданинг асосий вазифаси Аллоҳ таоло томонидан берилган ушбу бебаҳо неъматларга шукрона келтириш, барчаси Аллоҳдан эканлигини эътироф этиш, Аллоҳга қалбан муҳаббат қўйиш ҳамда ушбу неъматларни динимиз рухсат берган ҳалол нарсаларга сарфлашдан иборатдир.
“Шукр” сўзи луғатда “миннатдорчилик билдирмоқ”, “мақтамоқ” деган маъноларни билдиради. Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда, ислом алломаларининг бебаҳо асарларида шукр фазилатига кўплаб таъриф ва тавсифлар берилган. Жумладан, Қуръони каримнинг Бақара сураси 172-оятида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга биз ризқ қилиб берган покиза нарсаларни еб, унга шукр қилингиз”.
Иброҳим сураси 7-оятида эса Аллоҳ таоло: “Қарамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман”, – деб марҳамат қилади. Ушбу ояти каримадан ҳам англаш мумкинки, шукроналик фазилати неъматларни зиёда қилувчи фазилатлардандир. Банда қанчалик шукроналик келтиришда бардавом бўлса, Аллоҳ таоло ҳам бу неъматларни зиёда қилишда бардавом бўлади. Али ибн Абу Толиб р.а. айтганларидек: “Неъмат шукрга, шукр зиёдаликка боғлангандир”. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллламнинг бир ҳадисларида “Банда қанчалик шукр қилувчи бўлса, бу унинг ўзи учун яхши, банда қанчалик сабр қилувчи бўлса, бу ҳам унинг ўзи учун яхши", – дейилган. Шунингдек, Пайғамбаримиз “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмабди”, – дейдилар.
Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асарида шукр фазилати бир ривоят воситасида гўзал тарзда таърифланган. Бир мусофир йўлда кетар экан, оёқ кийимининг ниҳоятда эскириб кетганлигидан “шундай ҳам ночор бўламанми”, – деб нолиб кетаркан. Шаҳар дарвозасига етганда, дарвоза олдида ночор аҳволдаги бир тиланчига кўзи тушади. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг иккала оёғи ҳам йўқ эди. Шунда мусофир одам сиҳат-саломатлиги учун, соғлом оёқлар бергани учун Аллоҳ таолога шукроналик келтирибди.
Шукроналик фазилати меҳр-оқибат, қаноат, сабр-тоқат каби фазилатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ушбу хислатлар бир-бирини тақозо этиб туради. Мўмин банда шукроналик орқали иймонини мустаҳкамлайди, дунё ва охират саодатига эришади. Шукроналик фазилатининг мустаҳкам бўлишида сабрнинг ҳам ўрни беқиёсдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Анфол сураси 46-оятида: “Сабрли бўлинг, албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”, – деб марҳамат қилади. Инсон ҳаёти турли-туман қийинчиликлар, нотекисликлар билан тўла бўлиб, бундай вазиятларда Аллоҳ таолонинг “Бирон мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта унга қайтгувчимиз, дейдиган собирларга хушхабар беринг”, – деган ояти каримасига риоя қилиш ҳақиқий собирларга хос бўлган хислатдир. Расулуллоҳ айтганларидек: “Ҳеч кимга сабрдан яхшироқ ва улканроқ неъмат берилмаган”.
Аллоҳ таоло юртимизга ўзининг бебаҳо неъматларини тўкин-сочин қилиб берган. Ушбу неъматлар ичида тинчлик, барқарорлик неъмати энг азиз неъматлардан эканлиги шубҳасиз. Тинчлик орқали илм-фан, маданият, санъат, меъморчилик ривож топади, диний-маърифий соҳа тараққиётга юз тутади, диний бағрикенглик ғояси юксалади. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, барча илмий юксалишлар, Шарқда ва Гʻарбда юз берган Уйғониш даврларининг асосида тинчлик омили турганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, ИХ-ХИИ асрлардаги биринчи Шарқ Ренессанси, Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан соҳасидаги тараққиётга мамлакатда ўрнатилган осойишталик асос бўлиб хизмат қилди. Ушбу неъматнинг қадрланмаслиги, асраб-авайланмаслиги натижасида эса жамиятлар, қудратли салтанатлар таназзулга юз тутган, минг-минглаб инсонларнинг ҳаёти барбод бўлган.
Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримда тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, унга шукроналик келтириш борасида Яратувчи шундай деб марҳамат қилади: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро сураси 83-оят.).
Юқорида зикр қилинган оятлар, ҳадиси шарифлар ва буюк алломаларнинг ҳикматларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Аллоҳнинг ўз бандаларига ато этган тинчлик, барқарорлик ва бошқа моддий-маънавий неъматларига шукроналик келтириш, мусибатли онларда эса сабрли бўлиш мўмин кишининг асосий фазилатларидандир.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро имий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar