ТЎЙИНГИЗНИ ИСРОФ ЭМАС, ИБОДАТ БЎЛИШИНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ?
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қуръони каримнинг Рум сурасида:
وَمِنۡ ءَايَٰتِهِۦٓ أَنۡ خَلَقَ لَكُم مِّنۡ أَنفُسِكُمۡ أَزۡوَٰجٗا لِّتَسۡكُنُوٓاْ إِلَيۡهَا وَجَعَلَ بَيۡنَكُم مَّوَدَّةٗ وَرَحۡمَةًۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَٰتٖ لِّقَوۡمٖ يَتَفَكَّرُونَ
“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” - деб марҳамат қилади.
Никоҳ сўзи луғатда – “қўшилиш”, “жамланиш”, “яқинлашиш” деган маъноларни англатади.
Шариатда эса: “Никоҳ баҳраланиш эгалигини ҳосил қилишдир”.
Росулуллоҳ (с.а.в) суннатларида никоҳга тарғиб жуда кучли тарзда келган. Ушбу ҳақиқатни ўрганиш учун қуйдаги ҳадисни ўрганишимиз лозим.
عَنْ عَبْدِاللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ: قَالَ لَنَا رَسُولُ اللَّهِ ﷺ: يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ، مَنِ اسْتَطَاعَ مِنْكُمُ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ، فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ، وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ، وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ؛ فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) ривоят қилинади: “Росулуллоҳ (с.а.в) бизга “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Чунки у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир”- дедилар.(муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадисдаги “никоҳга қодир бўлса”, деб арабчада “бўа” дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади. Шундай экан юқорида айтиб ўтилганларга қодир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоқлиги лозим. Агар уларга қодир бўлмаган ёшлар бўлса, рўза тутишлари керак. Шу йўл билан улар шаҳватларини босадилар.
Табиийки, никоҳланаётган инсон никоҳ тўйи қилади. Албатта, никоҳни эълон қилиш ва бошқа бир неча хайрли мақсадларда тўй қилиш шариатимизда тавсия қилинган амаллардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с.а.в) оналаримизга уйланганларида ўша вақтнинг шароитидан келиб чиқиб, ўзлари оддий ва содда тўй қилганликлари маълум ва машҳур.
عن أنس قال: «أقام النبي صلى الله عليه وسلم بين خيبر والمدينة ثلاثا يبنى عليه بصفية بنت حيي، فدعوت المسلمين إلى وليمته، فما كان فيها من خبز ولا لحم أمر بالأنطاع، فألقي فيها من التمر والأقط والسمن فكانت وليمته. رواه الخمسة إلّا أبا داود.
Анас (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в) Хайбар билан Мадина орасида уч (кун) турдилар ва София бинту Ҳуяйга уйландилар. Мен мусулмонларни валиймага даъват қилиб (чақириб) келдим. Унда нон ҳам гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга буюрдилар. Уларнинг устига хурмо, қурт ва сарёғ ташладилар. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди”. (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).
Никоҳ тўйи қилишнинг шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:
Никоҳ тўйи одамлар орасида никоҳни эълон қилишдир. Одатда совчилик ва қудачиликдан кўпчилик хабардор бўлмайди. Никоҳ ақди маросимида эса бир неча кишигина иштирок этадилар. Одамлар келин-куёвни кўрганларида ҳар хил фикрга бормасликлари, “булар нега бирга юрибди экан?” демасликлари учун тўй орқали эълон қилинади.
Никоҳ тўйида келин-куёв ва уларнинг яқинлари қалбига қувонч бағишлаш бордир.
Никоҳ тўйи сабабидан кишилар орасидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, уларнинг ўртасидаги биродарлик мустаҳкамланади, меҳр ва муҳаббат зиёда бўлади.
Никоҳ тўйи орқали мусулмонлар орасидаги ижтимоий тенглик йўлга қўйилади. Тўйга камбағалларни таклиф қилишга алоҳида эътибор берилади.
Никоҳ тўйи қилиб, кўпчиликни чақиришдан асоаий мақсад бу мусулмонлар жамоасининг келин-куёвдан тузилаётган янги оила ҳаққига дуоларидан умидворликдир.
Никоҳ тўйи қилиш кимнинг зиммасида? Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканлигини ҳамма яхши билган ва амал қилган. Ҳозирги вақтда ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто мусулмон бўлмаган халқларда ҳам тўйни эр тараф қилади. Аслида ҳам, никоҳ тўйини қилиш эр томоннинг вазифасидир. Бунга етарлича ҳужжат ва далиллар бор:
Росулуллоҳ (с.а.в) оналаримизга уйланганларида барча ҳолатларда, ўша вақтнинг имкониятидан келиб чиқиб, ўзлари никоҳ тўйи қилганлар. Бирорта онамизга “Отангга айт, тўй қилиб берсин” демаганлар. Зотан ўзини эр билган одамга бу гапни айтиш ордир.
Аммо, минг афсуслар бўлсинким, ҳозирги яшаб турган вақтимизда ва жаннатмакон ўлкамизда ор нималигини унутган эркаклар кам эмас. Чунки айни вақтда бўлаётгам аксар никоҳ тўйлари ва маросимларида қиз томон эр томон билан баробар харажатлар қилишяпди.
Росулуллоҳ (с.а.в) уйланган эркак саҳобаларга никоҳ тўйи қилишни буюрдилар.
Росулуллоҳ (с.а.в) куёвлари Али ибн Абу Толиб камбағал бўлишларига қарамасдан, у кишига ҳам тўй қилишни буюрдилар.
Ислом уммати ва уламолар жумҳури ҳам никоҳ то'йини эр томон зиммасида эканлигига ижмо қилишган
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак никоҳ тўйида ва унгача бўладиган барча сарф-харажатлар эр томоннинг зиммасида бўлади. Лекин баъзи замондош мусулмон кишилар бу нарсаларга эътибор бермай қўйишди. Никоҳ тўйи қилишни тенг ярмини қиз томонга юклаганлари етмагандек, қиз томонга бўлажак турмуш ўртоғини ва турмуш ўртоғининг оиласини бош-оёқ кийинтириш, келин бўлиб борадиган хонадонини таъмирланган бўлса жиҳозлаш, агарда таъмирланмаган бўлса таъмирлатиб жиҳозлаш ва шунга ўхшаш эр кишинг шаънига тоғри келмайдиган ишларни юклаб қўйишмоқда. Ҳа, албатта бу никоҳ тўйидан аввал бўладиган аламли ҳақиқатларннинг бошланишидир.
Ярашев Ҳабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar