26.06.2023

ИМОМ СУЮТИЙНИНГ ИЛМ ЙЎЛИДА САЁҲАТ ҚИЛИШИ

Шуни таъкидлаш лозимки, аввалги уламоларда илм йўлига тушиш, уни кўпайтириш ва турли хил соҳаларга оид илмларни эгаллашда асосий омил – сафар қилиш бўлган. Олимларнинг баъзиларини ана шундай сафарлардан фақатгина хасталик, кўп фарзандлилик, молиявий танқислик ёхуд ота-онасининг хизматида бўлиш каби сабаблар тўсиб қўйган, холос. 

Ҳофиз Абу Бакр Бағдодийнинг “Ар-Риҳла фи талаб ал-ҳадис”[1] (Ҳадис илмини ўрганишдаги сафар) асарини ўқиган киши бу йўлда мусулмонлар томонидан қилинган саъй-ҳаракатнинг нақадар кенг миқёс касб этганини билади. 

Имом Суютий саёҳат қилишга ниҳоятда иштиёқманд бўлган. Шунинг учун ҳам қилган саёҳатлари қисқа бўлишига қарамасдан, салмоқли натижаларга эришган. Олимлар унинг қилган саёҳатини икки йўналишга бўлишган: 

  1. Ҳижозга қилинган саёҳат.
  2. Миср шаҳарларига қилинган саёҳат.

869/146  йилнинг робийал-охир ойида ҳаж фарзларини адо қилиш учун Ҳижози Шарифга қараб йўл олди. Жумадул охир ойининг ўрталарида Маккаи Мукаррамага етиб борди. Ўша ойда Ҳижоз йўналишида Моликий қозилардан “Шарҳу таҳсил”, “Ҳошияту ат-тавзиҳ” каби асарлар муаллифи Муҳийиддин ибн Абулқосим Хазражий билан учрашди. 

Шу ойнинг ўзида Ҳофиз Нажмиддин Умар ибн Тақийиддин билан ҳам учрашган. Бу киши отасининг талабаларидан бири эди. У киши Имом Суютийнинг “Табақоту ан-нуҳот ал-кубро” (Навҳ олимларининг катта табақаси) асарини ўқиб чиқиб, асарни озроқ қисқартиришга ундаган. 

Суютий бу саёҳатдан ўз кўзи билан кўрган-кечирганларни, таълиф қилган асарларини, устозларидан эшитган ривоятларини жамлаб “Ан-Наҳлату закия фи риҳлати Маккия”[2] номли асарини битган. 

Шу билан бирга бу саёҳатда “Ан-Нафҳатул миския ва ат-туҳфатул Маккия” (Мушкий ҳид ва Маккий совға) номли кундалик дафтар ҳам тутган бўлиб, у Исмоил ибн Абу Бакр Мақрийнинг (754-837/1353-1433) “Унван аш-шарафи-л-вафий” (Шарафга мувофиқ унвон) номли асари услубида ёзилган.

Миср шаҳарларига қилган саёҳати: 

Асосан Имом Суютий қилган сафарларнинг аксарияти мамлакат ичкарисида кечган. Дастлаб Фаюмга саёҳат қилиб, у ердаги уламолар билан учрашган. Бу саёҳат ҳақида “Риҳлату ал-Фаюмия” (Фаюмга саёҳат) номли асарини битган[3]

Ундан кейинги сафар Димёт ва Искандарияга қилинган бўлиб, бу саёҳат 870 йилнинг ражаб ойига тўғри келади. У ерда “ал-Иғтибат фи риҳлати ила ал-Искандария ва Димят”[4] (Искандария ва Димятга саёҳат қилишдаги мамнуният) асари битилган. Унда ўзи кўрган нарсаларнинг таъсуротларини гўзал тафсилотлар билан таърифлаган. Ҳудди шундай яна Шом, Яман, Ҳинд ва Мағриблар ўлкаларига ҳам илмий сафарлар уюштирилган. 

Фойдаланган адабиётлар

  1. Имом Суютий.Ат-таҳаддус би-неъматиллаҳ. –  Риёз: «Ал-мактабату ал-асима». 1424/2003. 
  2. Буғятул вуъаҳ фи табақоти ал-луғавийин ва наҳа. – Риёз: Мактабат ал-Абийкон. 2013. 

 

 

Нуралиев Умид - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси АРМ мудири

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати


 

[1]Устоз Доктор Нуриддин Аттор томонидан тадқиқ қилинган. Дорул кутубул илмия. Байрут.

[2]Имом Суютий.Ат-таҳаддус би-неъматиллаҳ. 79-80 б.

[3]Буғятул вуъаҳ фи табақоти ал-луғавийин ва наҳа. Тадқиқ: Муҳаммад Абул Фазл Иброҳим. Миср-1964. 1 I. 118 б.

[4]Имом Суютий.Ат-таҳаддус би-неъматиллаҳ. 128 б.

Izoh qoldirish

Izohlar