ЖАЛОЛИДДИН СУЮТИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ ХУСУСИЯТЛАРИ
Суютий раҳимаҳуллоҳ ўз даврининг энг буюк алломаси бўлиб, дин илмларида ва китоб таълиф қилишда пешқадам эди. Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ соф илмий тарбияда вояга етган бўлса-да, унинг васийси заҳматкаш олим Камол ибн Ҳумом Ҳанафийнинг шаърий илмларни ўзлаштиришда кўрсатган йўл-юриқлари катта таъсир кўрсатгандир.
Суютий ўзи ҳақида шундай дейди: “Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, тафсир, ҳадис, фиқҳ, улумул Қуръон, тарих, наҳв, балоғат каби илмларни ўзлаштириш ила ризқлантирилдим”[1]. Илм олишдаги матонат ва тиришқоқлик шу даражада етдики, бу борада барча тенгқурларидан ўзиб кетган эди.
Жалолиддин Суютий қирқ ёшга етганида одамлардан ва дунё ишларидан ажралиб, то умрининг охиригача Нил дарёси соҳилидаги “Равзатул Миқёс” деган жойда яшаган. У ерда ўзини бутунлай Аллоҳнинг ибодатига бағишлаб, то вафотига қадар китоб таълиф қилиш билан машғул бўлган. Амалдорлар томонидан юборилган ҳадяларни олмасдан қайтариб юборганлиги, саройга таклиф қилинганида рад этганлиги ҳақидаги маълумотлар тарихий манбаларда учрайди.
Жалолиддин Суютий ёзган асарлар миқдори борасида бироз ихтилоф мавжуд бўлиб, манбаларда турли хил ададлар билан келтирилиб ўтилган:
- Имом Суютийнинг “Хусн ал-муҳозара фи ахбаари Миср ва-л-Қоҳира” ва “Ат-Таҳаддус би-неъматиллаҳ” асари. Буларда 400 дан зиёд китоблар номи зикр қилинган[2].
- У кишининг шогирди Абдулқодир Шозилийнинг “Баҳжатул абидийн би-таржимати Ҳафиз ал-асри Жалолиддин” асари. Унда 524 китоб номи зикр қилинган.
- Имом Суютийнинг “Фиҳрист муаллифоти Суютий” асари. Бунда 460 та китоб номи зикр этилган.
- XX асрда қувайтлик Шайх Абдуллоҳ Муборак исмли таниқли шахс бу борада илмий тадқиқот олиб бориб “Далилу махтутот ас-Суютий ва амакинуҳа” номли асар ёзган. Унда у киши ёзган асарлар сони 1080 тага етганлигини айтган[3].
- Иёд Холид Таббоънинг “Имом Ҳофиз Имом Суютий” номли асарида ўзидан олдинги манбаларга таяниб, Жалолиддин Суютий томонидан ёзилган асарлар сонини 1094 эканлигини, шулардан 331 таси чоп этилганлигини, 431 таси қўлёзма ҳолатида эканлигини, 432 таси бизгача етиб келмаганлигини таъкидлаган.
Жалолиддин Суютийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида илмий тадқиқот олиб борган олимларнинг айтишича тадқиқ этилган китобларнинг сони қуйидагича:
- Қуръон гуруҳи: У ушбу асосий ном остида Қуръон илмлари ва тафсир сабоқлари бўйича 23 китоб;
- Муборак ҳадис китоблари ва унга алоқадор (ҳадис матни, изоҳлар, ривоятлар, ҳадиснинг асллари, жарҳ ва таъдил, фасоҳат ва ҳадис тили) илмлар бўйича 95 та асар;
- Фиқҳ ва унга тегишли китоблар 31 та. Унинг энг катта улушини Шофеъий мазҳабидаги китоблар эгаллаган.
- Бир хил юналишдаги тармоқларда 43 та асар;
- Араб тили, шеъриятга алоқадор 35 та асар;
- Табақот ва тарихга оид 5 та асар;
У киши томонидан ёзилган асарларнинг барчаси долзарб масалаларга бағишланганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Бу асарлар ҳозиргача ўз аҳамиятини юқотмасдан олим ва толиби илмлар фойдаланадиган асосий қўлланма бўлиб қолмоқда. Қолганлари эса йўқолган, зое бўлган ёки қайсидир кутубхоналарда тадқиқотларни кутиб ётибди.
Биргина “Хусн ал-муҳозара фи ахбаари Миср ва-л-Қоҳира” номли асари ҳақида тўҳталадиган бўлсак, Суютий ушбу китобида Қуръони Каримнинг Миср номи тилга олинган 18 та оятини зикр қилиб уни қисқача изоҳлаган. Шунингдек, ушбу мавзуга оид ўнлаб ҳадислар келтирган, уларни таҳлил қилган[4].
Имом Абу Муҳаммад Рабий ибн Сулаймон Аздий Мисрга келган саҳобаларнинг исмларини бир жилдлик “Ман назала Мисро минас Саҳоба” (Саҳобалардан Мисрга келган кишилар) китобида жамлаган бўлиб, унда 140 ортиқ исмни тилга олган. Лекин Суютий ўзининг “Ҳасан ал-Муҳазоро” китобида Мисрга келган уч юздан ортиқ саҳобаларни эслаб ўтган.
Шунингдек, ушбу китобда ҳадиси шариф ровийларининг энг машҳурларидан 70 кишининг таржимаи ҳолини ҳам ёзиб чиққан. Бугунги куннинг шарт-шароитларини оладиган бўлсак, бу сондаги номларни аниқлаш ва таржима қилиш учун улкан уламолар жамоаси ва йўзлаб қўлёзма жилдларни кўздан кечириб чиқиш талаб этилади.
У киши мужтаҳидлар тўғрисида ёзган асарида шайхи Балқиний каби мужтаҳидлик даражасига чиққан 76 аллома ва Имом Шофеъ каби мазҳаб мужтаҳидларининг қисқача таржималарини тилга олган.
Жалолиддин Суютий ҳадис тўплашга жуда иштиёқманд эди. Ўзининг “Ал-жомеъ ас-сағир”, “Завоид” ва “Ал-жомеъ ал-кабир” каби асарларида Пайғамбар алайҳиссаломнинг барча ҳадисларини жамлашга ҳаракат қилган. Ҳадисга оид ушбу барокатли манбаларнинг ўзига хослиги алифбо ҳарфлари тартибида ёзилиб, муснад китоблар тартибида таснифланганидир. Бу нарса ҳозиргача толиби илмларнинг бу йўлдаги машаққатларини енгиллатишга хизмат қилиб келмоқда. Имом мана шу оламшумул иши билан суннати мутаҳҳарага жуда катта хизмат қилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бу даврда нафақат Мамлук султонлари даври балки бутун ислом дунёсида ички ва ташқи сиёсатда бўлаётган низолар ва ихтилофларга қарамасдан мамлукий подшоҳлар инсонларнинг илм-маърифатга бўлган қизиқишини қувватлашда бардавом бўлган.
Нуралиев Умид – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси АРМ мудири
[1]Жалолиддин Суютий. ар-Род ала ман ахлада илал арз. 80 бет.
[2]Имом Суютий. Ат-Таҳаддус би-неъматиллаҳ. 105 б.
[3]Кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун қаранг: Шайх Абдуллоҳ Муборак. Далилу махтутот ас-Суютий ва амакиниҳа.
[4] Хусн ал-муҳозара фи ахбаари Миср ва-л-Қоҳира. 12,26 б.
Izohlar