12.09.2023

БАРОҚХОН АСЛИДА КИМ?

Ҳазрати Имом масжиди ва Мўйи Муборак мадрасасинг ғарбий қисмида, Ҳазрати Имом мажмуасининг кўркига-кўрк қўшиб турган ажиб иншоот Бароқхон мадрасасининг ҳомийси, ўз даврининг буюк маърифатпарвар арбоби шу билан бир қаторда муҳим сиёсатдон Наврўз Аҳмадхон халқ орасида Бароқхон номи билан машҳурдир. Ушбу ҳукмдорнинг шажараси ота томондан Суюнчихўжахон орқали Абулхайрихонга, она томондан эса Темурий Робия Султон орқали Мирзо Улуғбекка тақалади. Икки буюк шажаранинг тўқнашган нуқтасида дунёга келган ушбу Шайбоний Султоннинг туғилган санаси борасида бир қатор ихтилофлар мавжуд. Лекин 1510-йил Бухоро шаҳрида туғилганлиги вариант тарихий фактларга яқинроқ.

Ёшлигидан ўз даврининг машҳур адиби Восифийдан шеърият ва адабиётдан таълим олиш билан бир қаторда, чавондозлик, камончилик ва қиличбозлик каби саркардаларга хос билимларни ҳам эгаллаган. Унинг сиёсат майдонига кириб келиши отасининг даврида Тошкент воҳасини бошқариш ва 1525- йилги отаси Суюнчихўжа Султоннинг вафоти билан боғлиқ. Ана шу йилдан бошлаб Бароқхон Тошкент шаҳар ҳокилимлиги вазифасига бажара бошлади.

1551-йил Шайбонийларнинг Самарқанддаги ҳукмдори Абдуллатифхоннинг ва Бухоро хони Убайдуллахоннинг ўғли Абдулазизхоннинг вафотидан сўнг Бароқхон Моварауннаҳрдаги Шайбонийларинг “олий ҳукмдори” сифатида Самарқанд шаҳрида тахтга ўтказилади. Бароқхоннинг жами саккиз нафар ўғиллари бўлган.  Беш йиллик сиёсий фаолиятидан сўнг 1556-йил 23-ноябрда Самарқанд шаҳрида вафот этади ва шаҳардаги машҳур Хўжа Аҳрор Валийнинг қабри ёнига дафн этилади.

Айнан Наврўз Аҳмадхон даври Тошкент шаҳрининг инфратузилмаси тубдан янгиланди. Темурийлар давридаги ўзаро ички урушлар ва низолар таъсирида тушкун аҳволга келиб қолган шаҳарда янги-янги бинолар, мадраса ва масжидлар, бозор-у расталар қад кўтара бошлади. Бундан ташқари шаҳар девор билан ўраб олинади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Бароқхон нафақат ўткир билим соҳиби ва сиёсатдон балки ўз даврини султонларининг орасида илм аҳлларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам етук бўлган. Бунга мисол қилиб унинг номи билан аталувчи мадраса ва Қаффол Шоший мақбараси қурилишига ўзи ҳомийлик қилганлигини мисол қилиб келтириш мумкин. Бундан ташқари Бароқхон Чорсу бозори яқинида намозгоҳ қурдиради. Унинг тўнғич ўғли Дарвиш Муҳаммадхон даврида намозгоҳ сарҳадида пишган ғиштдан катта масжид қурилди ва туташ ҳудудлар ҳам ободонлаштирилди. Шундай қилиб бу меъморий мажмуа “Бароқхон ва Дарвишхоннинг намозгоҳи” номини олди.

 

Хамидов Абдулбосит – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar