Васила қилиш
Васила нима? Албатта аввало бунинг луғавий ва истилоҳий маъносини ўрганиб чиқсак. Васила луғатда “яқинлашиш”, “даража”, “восита”, “йўл” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, Аллоҳнинг исм ва сифатлари, Пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ бандалар, шунингдек, яхши амалларни восита қилиб Аллоҳ таолога дуо қилишдир. Дуо қилишда бошқани васийла қилиш аҳли сунна вал жамоа мазҳабида жоиз амал саналади. Яъни, бирор солиҳ амали ёки шахсни васийла қилиб дуо қилиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин инсонларни васила қилишга амр қилиб шундай дейди:
يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга васила (восита) излангиз” (Моида сураси, 35-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонларга Ўзига васила излашларини буюрмоқда. Тафсир китобларида василани Аллоҳнинг исм ва сифатлари, яхши амаллар, пайғамбарлар ва солиҳ бандалар экани айтилган. Усмон ибн Ҳанийф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: Аллоҳга дуо қилинг, менга офият берсин”, деди.
”Хоҳласанг дуо қиламан. Хоҳласанг сабр қил. Бу сен учун яхшидир”, дедилар.
”Дуо қилинг”, деди.
Бас, уни яхшилаб таҳорат қилмоққа ва ушбу дуони ўқишликка амр қилдилар: “Аллоҳим! Албатта, мен Пайғамбарнинг, Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, мен сен ила Роббимга ушбу ҳожатим юзасидан уни чиқсин дея юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил”.
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда “Бас, кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди” дейилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганда Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо (сув сўраш) қиларди: “Аллоҳим! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди, биз сенга Пайғамбаримизнинг амакиси ила тавассул қиламиз. Бизни сероб қилгин”, деди. Яна: “Сероб қилинурлар”, деди”.Бухорий ривоят қилган.Бу ҳодиса ўн саккизинчи ҳижрий санада бўлган. Қаҳатчилик ҳаж вақтидан бошланган. Тўққиз ой давом этган. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одамларни тўплаб, ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳуни васийла қилиб истисқо қилганлар. Ривоят қилинишича, ўша куни Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога тазарруъ қилиб: “Аллоҳим! Албатта, гуноҳ бўлмаса бало тушмас. Тавба бўлмаса, бу кўтарилмас. Мана биз қўлларимизни ўзингга очиб гуноҳларимизни эътироф қиламиз. Бошларимизни сенга эгиб тавба қиламиз. Бизни нажот ёмғири ила сероб қилгин, деганлар. Шунда, ёмғир қуйиб ёққан. Ер тўйиб, одамларга жон кирган.
Абул Жавзодан ривоят қилинади:
“Мадинада қаттиқ қурғоқчилик бўлди. Бас, у(Мадиналик)лар Оиша розияллоҳу анҳога шикоят қилдилар. Шунда у (Оиша онамиз): “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларига қаранглар ва ундан осмонга туйник қилинглар. У билан осмон орасида шифт қолмасин” дедилар. Бас, шундай қилдилар ва ёмғир шу даражада ёғдики, ўтлар ўсиб, туялар семирди ҳатто ёғлари отиллиб чиқди ва фатқ йили деб номланди”. Доримий ривоят.
Бу масала борасида ҳанафий фиқҳи китобларида шундай ёзилган:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Али ибн Абу Толибнинг оналари Фотима бинти Асад ибн Ҳошим вафот этганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кириб бош томонига ўтириб: “Эй, Она Аллоҳ сизга раҳм қилсин. Сиз онамдан кейин она эдингиз. Аллоҳ таоло ризоси ва охират ҳовлисини истаб мени тўйдирар, киймай кийинтирар, ўзингизни лаззатлардан тийиб, мени таомлантирар эдингиз. Сўнг, уч марта ювинтиришга амр қилдилар. Кофур(хушбўй ўт) қўшилган сув етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан уни қуйдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз кўйлакларини ечиб, уни унга кийдирдилар ва устидаги либосларини унга кафан қилдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усома ибн Зайд ва Абу Айюб Ансорий, Умар ибн Хаттоб ва хизматкорни қабр кавлашга чақирдилар ва улар унинг қабрини ковладилар. Лаҳадга етиб келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз қўллари билан ковлаб, ўзлари тупроғини чиқардилар. Фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, унда ётиб кўрдилар. Сўнг У зот: “Аллоҳ таоло тирилтириб, вафот эттиради. У тирик ва вафот этмайдиган зотдир. Фотима бинти Асад розияллоҳу анҳо онамизни Набийингни ва мендан олдинги пайғамбарларни ҳаққи ила мағфират қилгин, ҳужжатини талқин қилдиргин, кирадиган жойини кенг қилгин. Бас, сен энг меҳрибон зотсан” деб, тўрт маротаба такбир айтдилар. У (Пайғамбаримиз), Аббос, Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу таоло анҳулар лаҳадга у(аёл)ни киргаздилар” Муъжамут Табаронийда ривоят қилинган.
Бу ҳадиснинг ровийлари ичида Ровҳ ибн Салоҳдан бошқа барча ровийлар шак-шубҳасиз сиқа (энг ишончли шахс) ҳисобланади. Ровҳ ибн Салоҳ тўғрисида Ҳоким сиқатун маъмунун (ишончли, сиқа) деб айтган. Ибн Ҳиббон уни сиқалар сафида зикр қилган. Бу ҳадис тавассул бобида тириклар билан вафот этганлар орасида фарқ йўқ эканига далилдир. Шунингдек,бу ҳадис Пайғамбар алайҳиссаломларни васила қилишга далилдир.
Васила бу дуонинг мақбул бўлиш даражасини орттириш умидида қилинадиган амалдир.
Имом Термизий халқароилмий-тадқиқот маркази
манбашунослик бўлими илмий ходими М.Чориев
Izohlar