20.09.2023

БУХОРИЙЛАРГА ХОС ВОРИС

Аллоҳ таборак ва таоло Қуръони каримнинг тавба сурасида шундай марҳамат қилади:

وَمَا كَانَ الْمُؤْمِنُونَ لِيَنفِرُواْ كَآفَّةً فَلَوْلاَ نَفَرَ مِن كُلِّ فِرْقَةٍ مِّنْهُمْ طَآئِفَةٌ لِّيَتَفَقَّهُواْ فِي الدِّينِ وَلِيُنذِرُواْ قَوْمَهُمْ إِذَا رَجَعُواْإِلَيْهِمْ لَعَلَّهُمْ يَحْذَرُونَ

Мўминларнинг ҳаммаси жангга чиқиши керак эмас. Шундай бўлса-да, ҳар бир жамоадан бир қисм инсонлар (Аллоҳнинг бу буйруғини амалда жорий этилишини кўриб) динни чуқур англаб етиши ва қайтиб келганида қавмини огоҳлантириш учун жангга чиқса бўлмайдими?! Шояд (шунда қавми ҳам) эҳтиёт бўлса.

Қуйида келтирилган ояти каримадаги динни чуқур англаб етган буюк уламоларимиздан фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 1952-йил 15-апрелда Ўзбекистонда диний олим оиласида туғилган. Бошланғич диний таълимни отаси Муҳаммад Юсуф домладан олган. Муҳаммад Юсуф домла фарзандлари орасида китобхонликка мехрни тарғиб қилганлар. 

Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари ўрта мактабни тамомлагач, 1970-йилда Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олишни бошлади. Ҳазрат ўзи билан бирга таҳсил олган курсдошлари орасида камтарлиги, илмга тиришқоқлиги ва бошқа ўзига хос ҳислатлари билан порлоқ юлдуз каби ажралиб турганлар.  Саъй-ҳаракатлари ўз натижасини бериб, ҳазрат 1973-йилда мадрасани экстернет бўйича муваффақиятли тамомлади. Ва шу йилнинг ўзида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ўқишга кирди. 1975-йилда институтни тамомлаб, “Совет Шарқ мусулмонлари” журналида бир муддат фаолият юритди. 1976-йилда Ливиядаги “Daw’a Islamia” университетига ўқишга кирди ва 1980-йилда имтиёзли диплом билан тамомлади. Сўнг ватанга қайтиб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташқи алоқалар бўлимида ишлади ва шу билан биргаликда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида дарс беради. Шу вақтда Муҳаммад Содиқ институт учун янги ўқув дастури ишлаб чиқди, янги исломий фанларни ўқишни йўлга қўйди, талабаларни зарур ўқув ва илмий адабиётлар билан таъминлашни ташкил қилди. 1986-йилда институтга ректор бўлди.

Кўп вақт ўтмасдан 1989-йил 6-февралда бўлиб ўтган қурултойда 37 ёшли Муҳаммад Содиқ “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси” раҳбари, ва шу билан биргаликда Ўзбекистон мустақилликка эришиш арафасида эса ҳазрат СССР Олий Кенгаши депутати лавозимига сайланди. 

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг эса, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, ҳудди шу йилнинг ўзида СССР халқ депутати лавозимида фаолият юрита бошлади. СССР да бўлиб турган ана шундай қалтис бир вазиятларда ҳазрат бу эгаллаб турган лавозимларидан ўз манфаатлари йўлида заррача фойдаланмадилар. Доим халқ ва дин равнақи учун ҳаракат қилдилар. 

1989-йилда Москвада бўлиб ўтган сиездларнинг бирида ҳазрат ўша ерга борганларида христианлик, яҳудийлик ва бошқа бошқа динларга берилган кўплаб эрикинликларни кўриб, бизнинг муқаддас ислом динимизга бунақанги шароитларнинг 1/10 ҳам йўқлигидан маҳзун бўладилар ва ўша сиезддан кейин СССР президенти М.С.Горбачов билан учрашадилар. Ҳазрат бу суҳбатда президентга шундай мурожаат қиладилар: “Ҳурматли президент жаноблари биз Москвага келганимизда христиан, яҳудийлик ва бошқа-бошқа динларга берилган кўплаб шарт-шароитларни кўрдик, нега бизнинг ислом динимизга бунақанги диний эркинликлар берилмаяпди, ахир биз ҳам шу Совет давлатрининг бир бўлагимизку?”. Шунда президент: “Жаноб муфтий булар тўғрисида менинг маълумотим йўқ, сиз ёзма бир кўринишда маълумот беринг, кўриб чиқайлик кейин бирор нима деймиз”-деди. Ҳазрат шу куни кечаси билан ухламасдан 16 варақ ўша пайтдаги мусулмонлар тўғрисида маълумот ёзидилар. Шайх ҳазратлари СССР президенти М.С.Горбачов билан яна ўша сиездда учрашдилар ва 16 варақлик маълумотни  тақдим қилдилар. Сиезд якунига етяпдики, лекин М.С.Горбачовдан садо йўқ. Ҳазрат чуқур қайғуга ботдилар. Сиезд ўз ниҳоясига етди. Ҳамма тарқалди. Энди М.С.Горбачов билан учрашишни имкони йўқ деб ўйлаб турган вақтларида. Президент қўриқчилари билан зал томонга ҳаракатлана бошлади ва шайх ҳазратларининг олдига келиб: “Муфтий жаноблари мен хатингизни ўқиб чиқдим, шунча нарсадан бехабар эканман. Юртимизда шунча мусулмонлар бор экан, уларнинг шунча ташвиши, тилаклари, истаклари бор экан-ку нима учун менга ҳеч ким айтмаганини тушунолмадим. Бу қилган ишингиз учун ката раҳмат сизга!  Сиз мени булардан хабардор қилдингиз, агар сиз мени хабардор қилмаганингизда қанча-қанча бунақанги ишлар қолиб кетган бўларди. Бу хатда ёритилган барчасига руҳсат!”-деди. Ҳазрат бундан ҳурсанд бўлиб кетиб, ҳали ўзлари етиб келмасдан ўша ердан туриб идорага хабар бердилар. 3-4 кундан сўнг ўзлари етиб келсалар бир қанча масжид-мадрасалар очилган, авваллари бутун СССР нинг 15 мамлакатидан 15-20 кетадиган ҳаж ибодатига бирданига 1500 киши кетишга тайёргалик кўра бошлашган эди. Шундан ҳам кўриниб турибдики шайх ҳазратлари заррача ҳам ўзларини манфаатлари учун ҳаракат қилмаганлар. Бутун бошли СССР мамлакатлари президенти билан юзма-юз кўришганда унга мусулмонларнинг муаммолари ҳақида айтиб, катта бир сиездда 16 варақлик хатни қўлига тутқазиб, натижа олиш ҳақиқий фидоийликнинг ёрқин кўринишидир. 

Мустақиллик йилларида динга янада қулай шарт-шароитлар яратилиб, халққа диний эркинлик берилди. Ўша даврда ҳазрат Ливия, Саудия Арабистони каби бир қанча араб мамлакатларида фаолият юритдилар. 1997-йил шайх ҳазратлари Рабита ал-Алам ал-Исломия (Саудия Арабистонидаги халқаро ислом ташкилоти) таркибидаги мусулмон мамлакатлари ва МДҲ давлатлари учун масъул этиб тайинландилар. Ҳазрат ушбу ташкилот бошқарув кенгашининг доимий аъзоси эдилар. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ватанга қайтганларидан сўнг кўплаб диний асарлар ёзишга киришдилар. Мусулмонларнинг илмий ва диний маданиятини юксалтиришга бағишланган республика бўйлаб ўтказилган кўплаб тадбир ва йиғилишларда қатнашдилар, Қуръони Каримнинг ўзбек тилига семантик таржимасини амалга оширдилар, ислом илмларига оид юздан ортиқ китоб ва таржималарни нашр эттирдилар. 

1994-йилдан 2000-йилгача Шайх ҳазратлари ўттизга яқин машҳур мақола ва йигирма бешта китоб ва рисолаларни нашр этдилар. Кўпчилик ўзбек тилида ёзилган, баъзилари эса рус тилига ҳам таржима қилинган. Асосий нашриёт Ўшдаги Ислом маданият маркази матбуотининг Қорасув бўлими эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китоблари орасида: Тафсири ҳилол (Қуръони Карим маъноларининг таржимаси ва тафсири, 6 жилдда), Ҳадис ва ҳаёт (Ҳадис ва ҳаёти, ислом тарихи ва барча тафсилотлари ҳақида тизимли равишда батафсил сўз юритувчи китоблар туркуми, барча пайғамбарлар тарихи.., 40 жилд атрофида), Руҳий тарбия (Маънавият тарбияси, 3 жилд), Кифоя (фиқҳ (Ислом ҳуқуқи) 3 жилдли китоблар) ва бошқа кўплаб исломга оид китоблар, буклетлар, аудио ва видео материаллар ҳамда Имом ал-Бухорийнинг машҳур “Al-jomeʼ as-sahih” (“Sahihul Buxoriy”), “Al-adab al-mufrad” (“Odoblar hazinasi”) китобларининг ўзбек тилига таржималари бор.

Шайх ҳазратларининг яна бир эътиборга арзугулик томони, ҳазрат ўзининг деярли барча китобларида эътиқод ичидаги бўлинишларни енгиб ўтишга интилаётган ислом ҳаракати услубида қуйидаги шиорни ёзиб келганлар: “Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интиулиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифатни тарқатиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш.” 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қуйидаги мусулмон ташкилотларига аъзо бўганлар:

  1. Бутунжаҳон мусулмон уламолари иттифоқи котиблар кенгаши (ҳаммуассис);
  2. Ислом олами уюшмаси таъсисчилар кенгаши (Макка);
  3. Бутунжаҳон тасаввуф уюшмаси президиуми;
  4. Жаҳон Халқ Ислом Раҳбарлиги Бош Котибияти;
  5. Бутунжаҳон ислом даъвати кенгаши президиуми;
  6. Қироллик Ислом тафаккури академияси (Иордания);
  7. Ислом уламолари ва жаҳон мутафаккирлари ассамблеяси ижро бюроси (Макка);
  8. Жаҳон ислом университети Илмий кенгаши (Исломобод);
  9. Бутунжаҳон масжидлар ассотсиатсияси.

Шу билан биргаликда ислом уламоларининг нодавлат ташкилоти Халқаро мусулмон уламолари иттифоқи (IUMS) аъзоси эдилар. 

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сўнгги йилларда Бутунжаҳон ислом алоқалари ташкилоти таъсисчилар ассамблеяси аъзоси бўлиб, Islom.uz сайти орқали Ўзбекистон халқи орасида диний маданиятни ривожлантириш йўлида банд бўлдилар. Ҳазрат доимий равишда дунё бўйлаб илмий конференциялар, семинарлар ва учрашувларда қатнашдилар. Милодий 2014-йил июл ҳижрий 1434-йилнинг Рамазон ойида “Анбиёлар қиссаси” ва шунга ўхшаш бир қанча туркум кўрсатувлар чиқардилар.

2015-йил 10-март куни ўзбек халқи бошига жуда оғир мусибат етди. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 62 ёшларида вафот этдилар. Дафн маросими Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги Шайх Зайниддин жоме масжидида ўтди. Дафн маросимида нафақат Тошкентдан, балки Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва бошқа мамлакатлардан 200-250 мингга яқин одам бевосита иштирок этиб, мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик дафн маросимига айланди.

Ҳазратнинг ёқин хотирасига бағишлаб Ўзбекистон республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев шундай таърифлайдилар: “Очиғини айтадиган бўлсам, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга ўхшаган буюк инсонлар ҳозир жамиятимизга етишмаяпди. Қуъронни ўқиган ва уни илмий билган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. У киши билган нарсаларни анча-бунча инсонлар билмнасди. Кейин у одан кам ухларди, кўп ёзиб, ўқирди ва шу билан биргаликда ҳар куни икки соат спорт билан шуғулланарди. Биз мана шундай буюк инсонларимизни тараннум қилсак кам бўлмаймиз. Бу инсон китобларни араб тилидан ўзбек тилига таржима қилган биринчи ўзбек олими. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бизнинг бухорийларга ва мотуридийларга хос бўлган уламомиз ва ватандошимиздир.”

Ва шу билан биргаликда у кишининг номлари Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида янги бунёд этилган катта масжидга қўйилди. Ҳазрат хотирасига бағишлаб нафақат Ўзбекистонда балки дунё миқёсида масжидлар, мадрасалар, кўчалар бунёд этилди. Бунга мисол қилиб бир қанчасини келтиришимиз мумкин:

  • Корея Республикасининг Кожедо шаҳрида у кишининг номига масжид қурилган.
  • Чеченистон пойтахти Грознийдаги кўчалардан бирига у кишининг номи берилган.
  • Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида у кишининг номига масжид қурилган.
  • Москва вилояти Балашиха туманида шайх номи билан аёллар ва эркаклар мадрасаси ташкил этилган.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистон республикаси президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан имзоланган қонун билан 2022-йил 15-августда таъсис этилган “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан 2023-йил 27- июнда мукофотландилар. 

Хулоса ўрнида бир сўз билан айтадиган бўлсак ҳазратнинг умр йўллари пайғамбаримиз (с.а.в) айтган қуйидаги ҳадисга тўла тўкис тўғри келади.

عَنْ مُعَاوِيَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: "مَنْ يُرِدِ اللهُ خَيْرًا يُفَقِهْهُ فِي الدِّينِ". رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Муовия (р.а) дан ривоят қилинади:

“Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”. (Тўртовлари ривоят қилишган)

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳазратни бизга том маънода Имом бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийларга хос ва мос ворис қилиб тарбиялаб, халқимизга ва бутун мусулмон оламига берган энг катта неъматларидан бири қилди. Ҳазратнинг жисмлари вафот этди, аммо у киши ўзи қолдирган илмий меросларида ва биздек ихлосманд талабаларнинг қалбида мангу яшайдилар. Аллоҳ таолодан ҳазратнинг охиратлари обод қилиб, у кишининг йўлларини бизга ҳам насиб қилишини сўраб қоламиз!

 

Ярашев Хабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar