АРАБИСТОН ЯРИМ ОРОЛИ ИСЛОМ БЕШИГИ ЭТИБ ТАНЛАНИШИНИНГ СИРИ.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва у зот туғилиб ўсган Арабистон ярим ороли ҳақида сўз юритишдан аввал бир илоҳий ҳикматни, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олам ичра айнан мана шу маконда пайғамбар қилиб юборилишларини ва миллатлар ичида айнан араблар қўлида Исломий даъватнинг бошланишини тақозо қилган бир илоҳий ҳикматни ўрганиб чиқмоғимиз лозим.
Бунинг баёни учун аввало арабларнинг ўзига хос томонларини, Ислом келишидан аввалги хулқ-атворларини ўрганишимиз ва улар яшаётган маконнинг жуғрофиясини билишимиз ҳамда шу билан бир қаторда ўша пайтдаги форс, рум, юнон ва ҳинд каби бошқа халқларнинг урф-одатларини, маданиятини тасаввур қилишимиз лозим бўлади.
Арабистон ярим ороли ҳақида гапирадиган бўлсак, у сокин, яъни, бу минтақа аҳли масалан, хулқий тубанликлар боиси бўлган форсларнинг маданияти ва уларни ҳаддан оширган фаровон ҳаётдан узоқда, румликлар каби атрофдагиларга зўравонлик қўлини кўтарадиган аксарий туғёнга тушмаган ёки юнонлар каби афсона ва хурофотлар курбонига айлантирувчи даханаки жанг ва фалсафадан "бебаҳра" эдилар.
Уларнинг табиатлари худди ҳали тайёр бўлмаган матога ўхшарди яъни, уларга вафо, саховат, ибо, иффат каби соғлом инсоний фазилатлар рангини берсангиз дарҳол қабул қилишлари тайин эди. Фақат уларни мана шу нарсаларга йўллаб қўядиган маърифат етишмас эди. Улар жаҳолатнинг жуда қоронғу зулматида йўлларини йўқотган эдилар. Масалан, шараф, иффатни сақлаймиз, деб ўз қизларини тириклайин кўмишар, саховатпеша бўлиш мақсадида мол-мулкларни беҳудага совуришар, ориятли, ҳамиятли бўлганликлари сабаб андак нарса устида ўрталарида жангу жадал бошланар эди.
Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳолатини адашиш-залолат, деб сифатлаган: "...гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да...". Бундай сифат ўша пайтдаги араблардан бошқа миллатлар аҳволига нисбатан олганда, арабларни айблашга эмас, балки, маъзур санашга далолат қилади. Чунки ўша пайтдаги ажамлар (араб бўлмаган элатлар) тараққиёт ва маданият машъаласи орқали тўғри йўл топиш ҳаракатида бўлиб, натижада кўриб, билиб туриб фасод ботқоғига ботар эдилар.
Яна шуни таъкидалаш керакки, Арабистон ярим ороли жуғрофий жиҳатдан мазкур элатлар қуршовида - ўртасида жойлашган эди.
Ислом келишидан аввалги Арабистон ярим оролидаги арабларнинг ҳолати билан уларнинг атрофидаги миллатларнинг аҳволи тўғрисида тасаввурга эга бўлиш билан, бизларга бир ҳикмат аён бўлади. Яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вассаломнинг туғилиш жойи ва Илоҳий ваҳий макони бўлиш бахтига айнан Арабистон ярим ороли мушарраф бўлишини ҳамда бутун инсониятни Ислом динига даъват қилиш маёғини оламга кўтарган биринчи миллат, айнан араблар бўлишини тақозо қилган илоҳий ҳикматни англашга муваффақ бўламиз.
Маълумки, Аллоҳ таоло Байтул-Ҳаромни инсонлар учун зиёратгоҳ, тинч жой ва Аллоҳга ибодат қилинадиган биринчи Уй қилди. Пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳис-саломнинг даъватини ҳам мана шу водийда юзага чиқарди. Демак, бу муборак макон отамиз Иброҳимнинг дини бўлмиш Исломга бешик бўлиши, Иброҳим алайҳис-саломнинг наслидан бўлган Охирги Пайғамбар ҳам ўша жойда туғилиб, ўша жойда пайғамбарлик ваҳийсини олиши табиий ҳол экан.
Арабистон жуғрофий жиҳатдан Ер юзининг марказида жойлашганлиги бу даъват юкини кўтаришни осонлаштирган. Яъни, атрофдаги турли элат ва давлатларга Исломий даъватнинг ёйилиши қулай бўлган. Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва Хулафойи Рошидинлар замонидаги Исломий даъват қай даражада олиб борилганлигини китоблардан мутолаа қилсангиз фикримизнинг тасдиғини топасиз.
(фиқҳу сийра котоби асосида таёрланди)
Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассассаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar