16.07.2022

Собир Сайқалий Ҳисорий – Чағоний ҳаёти ва фаолиятига бир назар (1730-1798)

Исми шарифи. Собир Сайқалий Ҳисорийнинг тўлиқ исми Собир бўлган. “Сайқалий”, “Сайқал” “Ҳисорий” эса тахаллусларидир. Баъзи жойларида “Собирий” тахаллуси билан ҳам ижод қилган. Сайқал – арабчада “кўркам”, “чиройли”, “келишган” маъноларни билдириб, “Сайқалий” эса нисбий сифат бўлиб, шеъриятда шоир тахаллуси сифатида истифода этган. Сайқалий – қалби иймон ва ислом арконлари билан сайқалланган. “Ҳисорий” эса, асли Ҳисордан бўлганлиги учун она ватанига нисбат берган. Шоир адабий меросида кўпроқ Сайқалий тахаллусини қуллаган.

Сайқалий тахаллуси билан:

Кел эмди, Сайқалий, бо зори бўлғил,

Ки ул безоридин безор бўлғил.

****

Кел эмди, Сайқалий, бо илтижо бўл,

Муҳибби дўстдори Мустафо бўл.

Сайқал тахаллуси билан:

Кел, эй Сайқал, Зарир ҳолин баён эти,

На воқеъ бўлгонин мунда аён эт.

****

Сен, эй Сайқал, тириксан айла ҳиммат,

Худо бандам дегай, Пайғамбар уммат.

Ҳисорий тахаллуси билан:

Сани ғам лашкари қилмиш Ҳисорий,

Ҳисор ичра турубон сўзла боре.

Собир исми билан:

Санам Собир, кўнгилдабулсадардинг,

Гувоҳингдурқани ул оҳи сардинг?

        Шоир таржимаи ҳоли.Манбалардаги маълумотларга қараганда, Собир Сайқалий 1730-йили Ҳисорда туғилиб, 1798-йили шу ерда вафот этган. У ўз даврининг фозил кишиларидан бўлган. Собир Сайқалийнинг, айниқса, диний илмларни пухта эгаллаганлиги асарлари моҳиятидан ҳам яққол кўзга ташланиб туради. Бой шеърий мероси Собир Сайқалийнинг тараққийпарвар ва илғор ғояларни куйлаган ижодкор эканлигини кўрсатади. У яшаган даврда Мовароуннаҳр хонликларининг ўзаро курашлари натижасида халқ қашшоқлашган, жаҳолат кучайган, таассуф оқибатида тараққиёт ўз ўрнини таназзулга бўшатиб берган эди. Сайқалийнинг ижодида маърифат ғояларининг етакчи ўрин тутиши сабаби ҳам шунда эди. Бинобарин, давр ижодкор зиммасига улкан вазифаларни юклаган, бу вазифани бажариш эҳтиёж даражасига кўтарилган эди. «Қуруқ зоҳид каби бекор ўткарма, ки ишқ ўтиға куйгандан дам урма» сингари мисралари Сайқалийнинг ижодкор сифатидаги тутумини акс эттиргани билан ҳам аҳамиятлидир

Сайқалий қарашлари ва эътиқоди. Маълумки, ҳар би ижодкор ўз асарларини маълум бир мазҳаб ва қарашлар таъсирида ёзади. Ижодкор қарашлари ёзган ўз асарларида акс топиши табиий ҳол. Сайқалийнинг аҳли суннат вал жамоат эътиқодида мустаҳкам бўлгани, Ислом дини кўрсатмаларига қаттиқ риоя қилгани, тариқат йўлида собитқадам эканлиги достондага ҳар бир воқеага бўлган муносабатидан, айрим байтлар маъносидан сезилиб туради. Шунинг учун ҳам у суннатга амал қилишда собит бўлишликни доимо таъкидлаб ўтади:[1]

                  Муҳаммад Мустафонинг пайрави бўл,

                  Бошинг кетса агарчи йўлида ўл.

Шоир адабий мероси. Собир Сайқалий Ҳисорий XVIII асрнинг иккинчи ярмида Чағониён ҳудудида жойлашган Ҳисор деган жойида яшаб ижод этган талантли қиссанавис шоирдир. Ҳисорий тахаллусини ҳам жой номидан олган. Унинг ҳаёти ҳақида ҳозиргача етарли маълумот учратмадик. У лирик шеърлар ёзган бўлса ҳам, ўзбек мумтоз адабиётига асосан достон ва қиссалари билан ҳисса қўшди. Ундан бизгача қуйдаги асарлар етиб келган:

1.    “Қиссаи Иброҳим ибни Муҳаммад”;

2.    “Қиссаи Шаҳзода Баҳром ва Гуландом”;

3.    “Қиссаи Ҳамроҳ ва Ҳурлиқо”;

4.    “Равзат уш-шуҳадо”;

5.    “Аҳтамнома”;

6.    “Вайсул Қаран”;

7.    “Зайн ул-араб”[2]

Юқоридаги қисса ва достонлар котиблар томонидан қайта-қайта кўчирилган. Ўтган аср бошларида эса тошбосма ҳолида бир неча бор нашр этилганлиги бу асарнинг халқ томонидан севиб ўқилганлигидан далолат беради.

Шоир адабий мероснинг жанрий таркиби. Сайқалий ижоди давр фалсафий-бадиий тафакурининг инъикоси истеъдодли шахснинг тизимли қарашлари ва бой тафакурининг маҳсулидир. У оташинқалб шоир, файласуф, тарихчи, ошиқ, ориф, тариқат аҳли ва эзилган қалб соҳиби каби ҳолатлар билан гавдаланади. Сайқалийнинг шеърларидаги қаҳрамони ўзи. У гўё бир улкан денгизда саодатли ҳаёт учун сафарга отлагандай кўринади. Шеърларидаги руҳий ҳолат уқувчини комиллика чорлайди. Сайқалий шеърларини ғазал, мухаммас, рубоий, муашшар ва маснавий жанрларида ёзган. Айниқса диний мазмундаги маснавий жанри билан ёзилган достонлари халқ ичида машҳур.

Биродар, дунёга дил берма асло,

Муҳаммадға вафо қилмади дунё.

Қани ул анбиёлар пешвоси,

Қани ул осийларни раҳнамоси.

Давомат ул ғами умматға эрди,

Риёзат тортибон меҳнатға эрди.

Фано бўлди чу дунёдин ўшал эр,

Анингдек шоҳни тортди қаро ер.

Кишики бўлса ул султонға уммат,

Қиёмат кун умид этса шафоат.

Натижада айтиш мумкинки, Собир Сайқалий Ҳисорий Чағониён адабий муҳитининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, ўз даврида диний-маърифий асларлари билан халқ ичида шуҳрат қозонган. Шоир адабий мероси ёш авлод тарбияси учун муҳим манбалардан саналади. Чунки асарлари тили содда ва равонлиги билан бошқа асарлардан фарқ қилади. Шу нуқтаи назардан Сайқалий асарлари халқнинг шахсий кутубхоналарида кўп тарқалган. Бу каби зотлар ҳаётини ўрганиш ва ўргатиш бизни бир-биримизга садоқатли ва аждодларимизга муносиб ворис қилиб тарбиялашга восита бўлади.

✍️ Жамаҳматов Каромиддин- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий тадқиқотлар бўлими катта илмий ходими

 

____________________________

[1]Собир Сайқалий Ҳисорий. Равзат уш-шуҳадо. (Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва луғат муаллифлари: Сайфиддин Сайфуллоҳ, Довуд Хунзикер). – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2004. – Б. 10.

[2]Сайқалий. Баҳром ва Гуландом. – Т:. 1960. – Б. 9.


 

Izoh qoldirish

Izohlar