26.09.2023

ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ШОҲ АСАРИ

Не бахтким, Ислом оламида энг машҳур бўлган, энг саҳиҳ ҳадисларни тўплаган, ҳадис илмига энг катта ҳисса қўшган муҳаддисларнинг кўпчилиги айнан бизнинг буюк аждодларимиздир, диёримизда туғилиб-ўсган улуғ зотлардир.

Юртимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган аср инсоният тарихида Шарқ уйғониши даври деб аталади. Ўша асрдан бошлаб диёримизда бутун дунёга мударрис бўлган, бутун Ислом оламида эътироф қилинган буюк алломалар етишиб чиқа бошлаган. Хусусан, Ислом умматига Қуръони каримни тафсир қилиш ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифларни етказиш ва шарҳлаш борасида буюк ватандошларимизнинг хизмати беқиёс бўлган.

Ана шу буюк муҳаддислардан бири – буюк ватандошимиз имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳдир.

Имом Термизийнинг ёзган асарлари жуда кўп, лекин улар ичида энг таниқлиси ва шоҳ асари "Сунани Термизий"дир. Муҳаддис китобларини 51 та мавзуга бўлганлар. Мавзулар ичидаги жами боблар сони 2231 тани ташкил қилади. Ҳадислар сони эса 3956 тадир. Турли хил нусхалар эътиборидан фарқланиши мумкин. Лекин Термизий асарининг афзаллиги шундаки, у ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, муайян тартибга солган ва яхлит бир китоб ҳолига келтирган. Ушбу асарга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган. Шу билан бир қаторда ушбу асарнинг тили равон, услуби ғоятда оддийлигини ҳам қайд қилиб ўтиш ўринлидир. Имом Термизий бу китобдаги услублари биринчи ҳадисни келтирадилар кейин фиқҳий ҳукмга алоқадор масалаларни келтириб, олимларнинг шу борасида қандай йўл тутганини ҳам ёритиб ўтадилар. Қолаверса ўша ҳадисга саҳиҳ, ҳасан, заиф деб даражасини ва бошқа ровийлар ривоят қилган йўлларини ҳам келтирган. Бу услублари орқали устозлари Имом Бухорийнинг ҳадиснинг фиқҳини баён қилиш йўлини тутган. Имом Муслимга тегишли бўлган ҳадисларнинг барча ривоятларини жамлаш услубларини қўллаган. Жамлаганда ҳам бир ҳадисни ривоят қилади, сўнг қолган ҳадисларга ишора қилиб мухтасар қилиб жамлайди. Бу борада Имом Абу Довуднинг ҳам йўлини тутганини кўриш мумкин, яъни фуқаҳоларнинг мазҳабларини ҳам келтириб ўтган. Яна қўшимча қилиб саҳобий ва тобеинларнинг ҳам тутган йўлларини келтирган. Ҳар бир боб охиридан ровийлардан исмига эҳтиёжи бўлганларнинг исмини, кунясига эҳтиёжи борларнинг кунясини тўлиқ баён қилади.

Шайхул Ислом Абу Исмоил ал-Ансори менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки Бухорий ва Муслимдан фақат теран илмли мутахассис олимларгина фойдалана олади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин».

Имом Заҳабий "Тазкирот ул-ҳуффаз" китобларида Абу Алийдан ривоят қилиб айтади. Имом Термизий: "Бу китобни ёзиб Ироқ, Ҳижоз, Хуросон олимларига тақдим қилдим. Улар фараз қилиб кимнинг уйида бу китоб бўлса, гўё пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам гапираётгандай бўлади"- деб айтдилар. Ибн Касир "Бидоя ва Ниҳоя" китобларида: "Сунани Термизий" ер юзидаги барча инсонлар мурожат қиладиган олтита китобдан биридир"- дейди.

Мулла Алий Қори "Мирқотул мафотиҳ"да Имом Термизийнинг ҳадис бобида кўп китоблари бор. Айниқса, "Сунани Термизий" саҳиҳ китоблари энг яхшиси, энг тартиблангани, энг такрори ози, деб айтганлар.

Аллома Тошкўпрулизода муҳаддиснинг бу китобни мақтаб, унда бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган:

1.Мазҳаблар ва истидлол (далил келтириш) жиҳатлари эътиборга олинганини;

2.Саҳиҳ, ҳасан ва заиф деб, ҳадис турлари аниқ белгиланганини;

3.Жарҳ ва таъдилга (қиёслаб тўғрилашга) ўрин ажратилганини;

4.Китоб охирида иллатларга оид махсус бир бўлим илова этилгани, хуллас, бу китобда улкан фойдалар жамланганини айтиб ўтади.

Сунани Термизийнинг ушбу асари

1. "Саҳиҳ ут-Термизий"

2." Ал-Жами ас-саҳиҳ"

3. "Ал Жоми-ул кабир"

4. "Сунан" ёки "Сунани Термизий"

5. "Ал-Жоме ёки Жомиут -Термизий" деган номлари билан машур бўлган.

 

Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассассаси ўқитувчиси 

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar