27.09.2023

ИМОМ АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРИДИЙ

Ислом мутафаккири, калом илмининг пешвоси, мотурудийя таълимотининг асосчиси Имом Абу Мансур ал-Мотуридий 870 йил Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида туғилган. Дастлабки илмни ўзи туғилиб ўсган қишлоғида бошлаб, сўнгра Самарқанд шаҳрида Имом Мухаммаднинг шогирдларидан калом ва фиқҳ фанларини  ўрганди. Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги “Иёзийя” мадрасасида таълим олгани ҳам айтилади.

Имом Абу Мансур Ал-Мотуридий бир қанча китоблар ёзган. «Китобур-радди ъалал-Каъбий ал-Мўътазилий», «Китобул авҳом ал-Мўътазила», «Китобур-радди ъалал-Мўътазила», «Китобур-радд ъалал-Қаромита», «Китобур-радд ъалар-Рофиза», «Китобут тавҳид» ва «Таъвийлоту аҳлис сунна» китоблари шулар жумласидандир.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг икки катта имомларининг ақийдаларини солиштириб кўрган шайх Муҳаммад Абдуҳ икки томон ўттизга яқин масалада хилоф қилганларини, аммо аксари уламолар бу хилофлар фақат лафзда экани, жавҳар эса, тамоман бир-бирига ўхшаш эканини таъкидлашларини қайд қилган.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган холда ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаганлар. Қолдирган асарлари ҳам ҳозирги замон мусулмонларига ўз ақийдаларини ўрганишда қўлайлик яратади.

Кейинчалик ақоид илмида имом Ғаззолий, Саъдуддин Тафтазоний, имом Тоҳовий, имом Умар Насафий  каби кўзга кўринган уламолардан бўлиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олиниб хозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

Улуғ ҳидоят йўли имоми, мутакаллимлар йўлбошчиси Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ 945 йилда Самарқанд вилояти Чокирзода қишлоғида вафот этганлар. Аллоҳим охиратларини обод қилсин.

 

Тўхтаев Насрулло – Ёшлар билан ишлаш маънавий-маърифий бўлим бошлиғи

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

 

 

Izoh qoldirish

Izohlar