29.09.2023

БАРЗАХ ОЛАМИ

Аллоҳ таолога ҳамду сано суюкли хабибимиз Мухаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин. Маълумки қабр дунёдаги манзилни охири ва охират манзилини аввалидир. Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Албатта қабр кимгадир нажот боғларидан бир боғ, кимгадир дўзах чоҳларидан бир чоҳ” деганлар. Одам фарзанди  қабрга кўмилса ё бошқа бирон бир мусибат етиб жон таслим қилса, албатта қабрида ё мусибат етган жойида саволлар билан имтиҳон қилинади. Сирожиддин Уший раҳматуллоҳ байтларида айтади:

Ҳар бир шахс қабрга қўйилган замон,

Роббим тавҳидидан бўлур имтиҳон.

Сўфи Оллоҳёр бобомиз ҳам ажойиб байтни айтадилар:

Агар чандики гўрсиз ўлса инсон,

Сўралур, албатта, бешаку нуқсон

Агар дарёда ўлсун ё осулсун

Ғазаб этса бани одам на билсун.

Нечук қилса эрур қодир ва носир

Бу ерда бандасининг ақли қосир

Майит қабрга дафн қилинганидан сўнг унинг олдига Мункар ва Накир исмли иккита  ранги қора, кўзи кўк фаришта келиб Роббинг ким? Росулинг ким? дининг нима? деб сўрайди. Агар  мўъмин банда бўлса қийналмасдан “Роббим Аллоҳ, Росулим Мухаммад, диним Ислом” деб жавоб беради. Саволлардан чиройли ўтган мўъминлар роҳату фароғатда неъматлар ичида ётади. Агар кофир ё мунофиқ бўлса, жавоб беролмасдан ғулдур-ғулдур қилиб одамлар айтган нарсадан бошқасини билмайман дейди. Буларга кенг қабр торлиқ қилиб, дод солишдан бошқа чора қолмайди. Қадария мазҳаби ва унинг тарафдорлари ҳақ йўлдан адашиб, Мункар ва Накирнинг саволларини инкор этиб турса, буларнинг аҳволи қандай бўлар экан. Уломоларимиз бу имтиҳон кимларга бўлишини баён қилганлар. Зовул маолий китобида Мулло Али қори айтадилар: Ханафий уломоларидан Абу Шужаъ рахматуллоҳи алайҳ ёш болалар қабрларида савол-жавоб қилинади. Абу ханифа рахматуллоҳи алайҳ  кофирларни болалари савол қилинишида ва уларни жаннатга киришида таваққуф қилганлар. Қолган Уломолар мусулмонларнинг вояга етмаган ёш фарзандлари гуноҳи кечирилгани учун имтиҳон қилинмайди дейдилар. Пайғамбарлар ва Фаришталар ишончли сўзларга кўра сўралмайди.  Пайғамбаримизни қабр азобидан паноҳ сўраши эса умматларига таълим бериш учун деб айтамиз. Жинлар тўғрисида мутааххир уломоларимиз далиллар кўплиги сабаб имтиҳон қилинади деб айтадилар. Хадисларда бир неча одамларни мустасно қилиб, бу одамлар қабрларида саволлар билан имтиҳон қилинмаслигини айтганлар. Шаҳидлар, кечани кеча демай кундузни кундуз демай минжа қоқмасдан Ватан чегарасини Аллоҳ учун қўриқлаган аскарлар, жума куни ё кечасида вафот этган одам, ҳар кеча “мулк” сурасини тўлиқ ўқиган киши ва қорин оғриғидан вафот этган беморлар Аллоҳнинг изни ила қабрларида сўралмайди. Барзах хаётидаги саволлар фақатгина бу уммутга хослангандир. Бундаги  ҳикмат эҳтимол банда дунёда қилиб қўйган хато-ю камчиликларига яраша барзах оламида гуноҳларига яраша жазо олиб, сўнгра махшаргоҳга гуноҳлари кечирилган пок холда бориши назарда тутилган. Аллоҳим барчамизни барзахдаги холатимизни гўзал, кенг ва нурли қилиб ёруғ юз билан жаннатига кириб олишни  насиб қилсин.

 

Тўхтаев Насрулло – Таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш маънавий-маърифий бўлим бошлиғи

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar