01.10.2023

ИНСОН ҲАЁТИДА УСТОЗЛАРИНИНГ ТУТГАН ЎРНИ

Устоз сўзи луғатда “ўқитувчи”, “илм ўргатувчи”, “профессор” деган маъноларни англатади. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

يَرۡفَعِ ٱللَّهُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مِنكُمۡ وَٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡعِلۡمَ دَرَجَٰتٖۚ 

“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтаради.” (Мужодала сураси 11-оят).

Мусулмонлар пайғамбар (с.а.в) мажлисларида иймон ва илм олардилар. Шунинг учун ҳам ҳамма катта қизиқиш билан, иложи борича, у зотга яқинроқ ўтиришни ҳоҳларди. Ушбу оят нозил бўлгач, илм олиш мажлисини ҳаммага кенг тарғиб қилиш зарурулигини эслатиб, мажлис аҳлининг барчасига жой беришни йўлга қўйишга даъват этилди. 

Ушбу ояти карима тафсирида Ибн Аббос (р.а) бундай деганлар: “Олимларнинг даражаси илмсиз инсонларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар бир даражанинг ораси 500 йиллик масофага тенгдир”.

Демак, бу ояти каримадан ва оятнинг тафсиридан кўриниб турибдики, мусилмонларнинг илк устози пайғамбаримиз (с.а.в) бўлганлар. Шундай экан устозларнинг мусулмон инсон ҳаётида нафақат мусулмон инсон балки жамийки инсоният ҳаётида тутган ўрни беқиёсдир. Шу туфайли илгари ўтган ва ҳозирги барҳаёт аҳли илмларимиз ва улуғларимизнинг устозларига бўлган ҳурмати чексиз бўлган. Бунинг исботи ўлароқ мазҳаббошимиз Имом Аъзам (р.а) нинг гапларини эслатиб ўтамиз. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

Дарҳақиқат, юқорида айтганимиздек мусулмонларнинг инсонлар ичидаги илк устози пайғамбаримиз (с.а.в) бўлса, инсон ҳаётида кўз очиб кўрган муаллими бу – ота-онасидир. Улардан сўнг қалам тутиб ёзишни ўргатган мураббийларидир. Шунинг учун ҳам ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам “Устозлар ва мураббийлар” байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган, ҳатто мақолалари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни ҳурматлашга тарғиб этади. Устознинг мақомини мутафаккирларнинг мутафаккири Алишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифляганлар:

“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

      Айламоқ керак онинг ҳаққин юз минг ганж ила”.

Демак, жамиятда муҳим ўрин тутган, машаққатли касб эгаларининг масъулиятлари қанчалик катта бўлса, уларнинг ҳурматларини сақлаш ҳам халққа шунчалик бурч бўлади.

Динимиз таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар ва одамларга фойдали илмларни таълим берувчи муаллимларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида шаънлари улуғ, қадрлари юксакдир.

Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Замонавий билимлардан дарс берувчи устозлар ҳам яхши ниятлари сабаб ажру савобга эришадилар.  

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак устозларни инсон ҳаётида тутган ўрни беқиёсдир. Инсон ҳаётга келибдики унга ейиш, ичиш, ўқиш, ёзиш ва ҳакозо барча-барча қилаётган иш-ҳаракатларини устозларидан ўрганади. Устози бўлмаган кишининг ҳаёти гўёки зулмат кабидир. Муаллимлар инсон ҳаётига гўёки бир нур каби кириб келади. Устозлар, уларга бўлган ҳурмат, уларнинг олдидаги одобимиз ҳақида қалам тебратадиган бўлсак сиёҳлар етмайди. Шунинг учун сўзимнинг охирида Искандар Зулқарнайн ҳақидаги ҳикояни айтиб бу мўжаз мақолани якунламоқчиман. Искандар Зулқарнайн қайси бир давлатни ишғол қиладиган бўлса тахтга аввал устозларини ўтказар экан. Бир куни ундан: “Нима учун бундай қиласиз?” деб сўрашганда: “Ота-онам туғилишимга, устозим эса юксалишимга сабабчи бўлганлар”, деган экан. 

Шундай экан бизни ҳам ўшандай юксалишимизга сабаб бўлаётган устозларимизни Аллоҳ таоло бошимизга соғ-саломат қилиб, дин йўлида қилаётган хизматларида бардавом қилсин. Бизларга ҳам устозларимизга ҳам одобда, ҳам ахлоқда, ҳам илмда устозларимизга мос ва хос шогирдлардан бўлиб, улуғларимизнинг йўлидан юриб, устозлик мақомига эришишни насиб-у рўз айласин. 

Барча устозларимизга 1-октябр “Устозлар ва мураббийлар куни” муборак бўлсин!

 

Ярашев Хабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar