МАСХАРА ҚИЛИШЛИК – ЭНГ ЁМОН ИЛЛАТЛАРДАН БИРИДИР
“Масхара” сўзи луғатда “бировни ҳақир – паст санашдир” ва “хор билиш” деган маъноларни англатади. Кўпинча ҳаётда ушбу ҳақиқат ўз аксини топади. Толиби илмларда эса бир-бирларининг илм савияларини, зеҳни, хотира ва заковатларига тегишли бўлган жиҳатларини масхара қилиб устларидан кулиш холатлари кўп учрайди. Воқеаликда эса масхара қилинган талабалар қасддан ўз устларида кўпроқ ишлайдилар, натижада ояти карималарда айтилганидек. Масхара қилувчилардан кўра булар яхширов натижаларга эришадилар.
Масхара қилиш ниҳоятда ёмон иллат бўлганлигидан Аллоҳ таоло хужрот сурасида шундай марҳамат қилган. “...Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни масхара қилмасин” деди. Чунки аёллар ўртасида бошқа иллатларга нисбатан масхара қилиш энг кўп тарқалган, кенг қамровли офатлардан биридир. Акс ҳолда Алллоҳ таоло аёлларни алоҳида зикр қилмасдан, бошқа оятлардаги каби умумий кўринишда келтириши мумкин эди.
Масхара қилиш - пастга уриш, хорлаш йўли ила бировнинг айбини кулгига олишдир. Гоҳида масхара гап ва амалга тақлид қилиш билан, имо-ишора ёки лақаб қўйиш билан ҳам бўлиши мумкин. Масхара ва истеҳзо қилиш динсиз, мунофик ва кофирларга хос сифатдир.
وَلَقَدِ اسْتَهْزِئَ بِرُسُلِ مِن قَبْلِكَ فَحَاقَ بِالَّذِينَ سَخِرُوا مِنْهُم مَّا
كَانُوا بِهِ يَسْتَهْزِءُون
«Батаҳқиқ, сендан олдинги расуллар ҳам истеҳзо килинганлар. Уларни масхара қилганларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олди» (Анбиё сураси, 41-оят).
Ушбу ояти каримада масхара қилиш мушрикларнинг одати эканлиги баён этиляпти. Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламдан аввалги пайғамбарларни ҳам ўз қавмларининг ичидаги кофир ва мушриклар масхара қилишган. Ва албатта, уларнинг бу қилмишлари жазосиз қолмаган. Зотан, Аллох таоло Ўзининг пайғамбарларини масхара қилганларни шундай ташлаб қўймайди.
«Уларни масхара қилганларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олди». Яъни уларнинг ўзлари масхара қилганларига яраша азоб-уқубатга дучор бўлишди ва уларнинг ҳолатлари масхараланишдан хам ёмонроқ бўлди. Шунинг учун ҳам халқимизда «Бировнинг устидан кулмаган зинхор, сенинг ҳам устингдан кулгувчилар бор» деган нақл бор. Ҳа, бировларнинг устидан кулиб, уларни масхара қилиб юрувчилар аввало ўзларига боқсинлар. Тафаккур кўзи ила ўзидаги айб ва нуқсонларни кўра олган одам ҳеч қачон бировларни масхара қилмайди. Хусусан, мўмин киши бундай иллатлардан ҳазар қилиши лозимдир.
Баъзида толиби илмлар «Билса ҳазил, билмаса чин» бир-бирларининг ўкув куролларини, либосларини, хаттоки озиқ-овқатларини ҳам яшириб, ўзаро бир-бирларини мазах қилиб юришади. Аллох таоло бандаларини бирор нарсадан кайтардими, демак, у беҳикмат эмас. Бугун бўлмаса, эртага барибир шу қайтариқнинг фойдаси аён бўлади. Шундай экан қайтарилган ишларнинг барчасидан бирдек ҳазар қилмоғимиз лозим.
Хасандан ривоят қилинади: «Расулуллох соллаллоху алайҳи васаллам: «Одамларни масхара қилувчиларнинг бири учун жаннатдан бир эшик очилади. Унга: «Бу ёққа кел», дейилади. У ғам- ғуссаси ила келганида эшик ёпилади. Бу ҳол улардан бирига жаннатдан эшик очилиб, «Бу ёққа кел», дейилганда ноумидликдан келмайдиган бўлгунича давом этади», дедилар»(Байҳақий «Шуъабул иймон»да ривоят қилган).
Масхара қилувчиларга қўлланадиган бундай жазо ўзи бу дунёда қилиб юрган ишига мос ва мувофиқдир. Зотан, у ҳам шу дунёнинг ўзида қанчадан-қанча инсонларни худди ана шундай кайфиятда алдаб, масхара қилиб, уларнинг умид қилган нарсаларини йўққа чиқарган. Унинг умиди қиёматда жаннатга кириш эди, лекин кирмаслик билан жазоланади.
Ха, хар бир инсон қиёматда ўзининг қилган жиноятига яраша жазосини олади.
“Таълим ва тарбия” китоби асосида тайёрлади
Чориев Муродулло - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассаси 2-босқич талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar