07.10.2023

ҲАДИСЛАРНИНГ ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ ВА РАД ЭТИЛИШИ ЖИҲАТДАН ТУРЛАРГА  БЎЛИНИШИ. САҲИҲ ҲАДИС

Ҳадис ё мақбул ( қабул қилинадиган) ёки мардуд (номақбул) бўлади.  Мақбул  ҳадис –саҳиҳ, мардуд ҳадис эса заифдир. Ҳадисларнинг табиий тақсими ана шудир, бундай тақсим, яъни бўлиниши ортида ровийларнинг ва ҳадис матнларининг аҳволлари ўзгариши билан бирга, сиҳҳат ва заъф, яъни соғломлик ёки заифлик жиҳатидан ўзгарган бир қанча қисмлар бор. Бироқ муҳаддислар  уч қисмга бўлиш борасида келишиб, бу учга бўлиш иккига бўлишдан кўра афзал деб санашган. Шундай қилиб, ҳадис саҳиҳ, ҳасан ва заиф тарзида уч турга бўлинган@Мавзуъ дегани эса бу турларга кирмайди. Чунки, мавзуъ дегани Пайғамбар с.а.в га ёки саҳобалардан ва тобиъийдан бирор кишига тақалган гап бўлиб, аслида ёлғон ва уйдирмадир. Ваъз қилаётган киши наздида бу ҳадис ҳукмида бўлсада, лекин мавзуъ эканлигининг исбот этилиши ундан “ ҳадис” деган сифатини кеткизади. Бироқ бу масала  исбот этилмагунча, уни ҳадис деб аташ мумкин. Агар бирон бир китобда “ Бу ҳадис мавзуъдир” деган иборага кўзингиз тушса, шуни билингки, ўша ўринда “ ҳадис” сўзининг ишлатилиши мазкур  сўзни ҳадис сифатида нақл этиш ва ривоят қилиш ҳаром эканлигини билдириш учун бўлади.@Саҳиҳ ҳадис- тўғри ва ақл -идрокли   кишидан ривоят қилинган, санади бошидан охиригача узилмай муттасил бўлган, шоз ва муаллал бўлмаган ( узилмаган ва нуқсонсиз) муснад ҳадисдир. Баъзи уламолар муснад билан муттасил орасини ажратган ҳоллар ҳам учрайди. Улар: Пайғамбар с.а.в дан  кўтарилган ҳадисни муснад деб, санади туташган ҳадисни эса муттасил деб айтадилар. Уларнинг фикрича, муттасил ҳадис марфуъ ҳам бўлиши мумкин; Мавқуф ёки мақтуъ ҳам бўлиши мумкин; Муснад эса фақатгина Расули Акрамнинг ўзларидан кўтарилган ҳадисдир.@Саҳиҳ ҳадиснинг турлари: Саҳиҳ ҳадис мутавотир, оҳод, машҳур, мустафиз, азиз ва ғариб каби турларга бўлинади. Мутавотир – ақлан ва одатан ёлғон нарса устида  иттифоқ қилишари мумкин  бўлмаган бир жамоат, санади бошида, ўртасида ва охирида худди шундай сифатга эга бўлган бир жамоатдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисдир.@Аҳад- бундай ҳадисларнинг ҳар битаси “ хабари воҳид ” дейилади. ”Хабари воҳид”- луғавий маъносига кўра, битта киши ривоят қилган ҳадис, дегани. Истилоҳий  маъносига кўра- тавотур даражасига етмаган ҳадисдир. Машҳур – сиқа (ишончли) бир имомдан жамоат (иккитадан ортиқ киши) муштарак тарзда ривоят қилган ҳадисдир. Аниқлик, очиқ – равшанлик касб этгани боис бундай ҳадислар машҳур деб номланган.  Айрим фиқҳ имомлари бундай ҳадисни айни вақтда мустафиз деб атайди. Ҳолбуки, машҳур ҳадис билан мустафиз ҳадис ўртасида фарқ бор.@Мустафиз – ёйилмоқ, тарқалмоқ (файз олмоқ) маъносида келадиган  “истифоза”  сўзидан келиб чиққан исми фоилдир. (фелдан ясалган от) Машҳур ҳадисни “мустафиз” дейдиган фиқҳ имомлари сўзининг луғавий маъносини диққат марказида тутган бўладилар. Истилоҳий маъноси эса бошида ва охирида ровийлар саноғи тенг бир хил бўлган ҳадисдир, банда ровийлар саноғи иккитадан кўп бўлиши шарт қилинган.@Азиз- икки киши ривоят қилган, аммо ҳамиша, ҳар қайси даврда ровийлар саноғи иккитадан кам бўлмаган ҳадисдир. Бундай ҳадисларнинг азиз деб аталишига сабаб: ё нодир бўлгани учун, ёки бошқа йўлдан келиши билан қувват касб этгани учундар.@Ғариб ва Фард- саҳобадан кейин санадининг ҳар қандай бир жойда битта ровий якка ҳолда ривоят қилган ҳадис “Ғариб ва Фард” сўзлари орасида луғат ва истилоҳ жиҳатидан муштарак уйқашлик бор. Бу  боғлиқлик фақат якка – ёлғизлик ва тоқлик маъносида бўлиб, ҳадис олимларидан айримлари бу хил ҳадисларни баъзан “фард”, баъзан “ғариб” деб аташларининг сабаби шудир.

Давутов Саййидбурҳон - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar