ҚУРЪОНИ КАРИМ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА.
Абу Лайс Самарқандий (Аллоҳ у кишини раҳматига олсин) айтади: Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.): “Қуръон шафоат қилувчи ва мушаффи, моҳил ва тасдиқловчидир, ким уни ўзига имом қилиб олса, Қуръон уни жаннатга йўллайди. Ким уни орқасига ташлаб қўйса, дўзахга ҳайдайди”, деди.
Фақиҳлардан бири айтади: “Шафоат қулувчи ва мушаффи” эгасининг шафоат қилишни сўрайди, дегани. “Моҳил”нинг маъноси - ҳаракат қилувчи, яъни, эгаси учун ҳаракат қилади ва унинг сўзини тасдиқлайди. “Ким уни ўзига имом қилса”, яъни, уни ўқиса, унга амал этса, “Қуръон уни жаннатга етаклайди”. “Ким уни орқасига ташлаб қўйса”, яъни, унга жафо қилиб, уни ўқимаса, амал этмаса, қиёмат куни уни “дўзахга ҳайдайди”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) айтади: “Албатта, бу Қуръон Аллоҳнинг зиёфатидир. Аллоҳнинг зиёфатидан қодир бўлганларича олинглар. Албатта, бу Қуръон Аллоҳнинг мустаҳкам арқони, очиқ-равшан нури, наф берувчи шифо, ким уни ушласа, сақланади, унга эргашган киши нажот топади. Эгри эмаски, тўғирланса, хато эмаски, тўғри йўлга солинса. Унинг ажойибатлари тугамайди, такрор қилишлик билан эскирмайди. Уни тиловат қилинглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир ҳарифнинг тиловати учун сизларга ўнта савоб беради.
Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар: “Уч кишининг ҳаққини мунофииқдан бошқа ҳеч ким енгил санамайди: адолатли имомнинг, Исломда сочи оқарган кишининг ва Қуръонни ёд олган қорининг” дедилар.
Абу Умома (р.а.) айтади: Пайғамбаримиз (с.а.в) бизларни Қуръонни ўрганишга қизиқтирдилар, сўнг унинг фазилатларидан хабар бердилар: “Қуръон қиёмат куни эгасига ҳужжат бўлиб келади, эгасига чиройли суратда келиб, айтади: “Мени танияпсанми?” “Сен кимсан?” дейди. Қуръон: “Мен сени яхши кўрганинг ва ҳурмат қилганинг, кечаларни мен билан бедор ўтқазганинг ва кундузда одат қилиб ўқиганинг Қуръонман”, дейди. Киши: “Наҳотки, сен Қуръон бўлсанг”, дейди. Сунг Аллоҳ ҳузурига келади, ўнг томонига мулкни, чап томонига абадийликни беради ва подшоҳлик тожи бошига кийдирилади, мусулмон ота-онасига икки либос кийгизилади. Уларнинг баҳоси дунёдаги ҳамма нарсадан қимматдир. Улар: “Бу бизларга каердан келди, бизларга амалларимиз етмаётган эди-ку?” дейишади. Шунда айтилади: “Ўғлингизнинг Қуръонни ўқигани фазлидан сизларга буни бердим”.
Жаннат даражалари Қуръон оятлари саноғичадир. Қуръон ўқувчига қиёмат кунида, ўқи ва қўтарилавер, дейилади. Агар унда Қуръоннинг ярми бўлса, унга, агар сендан яна бўлса, яна зиёда қилардик, дейилади.
Уқба ибн Омир Пайғамбар (с.а.в)дан ривоят қилади. У зот айтадилар: “Қуръонни ичида ўқувчи сирли ҳолда садақа қилувчи кабидир, жаҳр қилиб (овоз чиқариб) ўқувчи садақани ошкор берувчи кабидир. Демак жаҳр билан қироат қилиш жуда яхши аммо махфий ўқиш ундан афзалдир.
Валид ибн Абдуллоҳ Пайғамбар (с.а.в)дан ривоят қилади: “Менга гуноҳларнинг ҳаммаси кўрсатилди, унда Қуръонни кўтариб, кейин уни ташлаб юборганнинг гуноҳидан каттароғини кўрмадим”.
Ибн Ҳубайб Пайғамбаримиз (с.а.в)дан нақл қилади: “Ким Қуръонни ўрганиб, кейин уни ҳеч бир узурсиз унутиб юборса, ҳар бир унутган ояти туфайли унинг даражаси пасаяди ва қиёмат кунида маҳзун ҳолатда келади” дедилар.
Пайғамбар (с.а.в) айтадилар: “Ким Қуръонни таълим олиб кейин унутиб юборса, қиёмат куни қўли кесилган ҳолда келади”. Эй биродар енди тафаккур қилиб қўринг ва узингизга савол бериб кўринг! Қайси мусибат Қуръонни унутишдан каттароқ екан?!
Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилин” китоби асосида тайёрланди
Муродулло Чориев - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar