10.10.2023

ИЛМ ОЛИШ ОДОБЛАРИ ВА УСТОЗГА ХУРМАТ!

       Оламлар Роббиси Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар, бутун оламга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда у зотнинг оила аъзолари ва  саҳобаларига салавотлар ва саломлар бўлсин.

    Аввало бу мақола муқаддимасидаги илм сўзининг луғавий ва истилоҳий маъносини ёритиб беришга ҳаракат қиламиз. Илм дегани нима ўзи  деган саволга жавоб ўлароқ “Илм” сўзи луғатда бир нарсани воқеликдагидек идрок этишни билдиради. Истилоҳда эса маънавий ишларда нарсаларни тескариси юқ даражада аниқ билиш сифатига ”илм” дейилади.

        Толиби илмнинг илмга нисбатан одобларидан бири албатта ниятни холис қилишидир. Тўғри ният фақатгина илм талаби учун аҳамиятли эмас балки ҳар бир ишда муҳимдир. Яъни ҳар бир амал ниятга қараб баҳоланади. Шариат ҳукми бўйича ният қилинмай, адо этилган амал қабул бўлган ҳисобланмайди. Ният шу даражада муҳимки у туфайли аслида ибодат бўлган қанчадан-қанча амаллар оддийгина дунёнинг амалларига айланиб қолади ва қанчадан-қанча амаллар борки бизнинг тасаввуримизга кўра дунёвий амаллар бўлсада яхши ниятлар туфайли ухровий амаллар яъни ибодатларга айланиб қолади. 

Толиби илм таҳсилга қадам қўяр экан унинг нияти қуйидагича бўлиши керак: 

     Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва охират саодатига эришиш, ўзидан ва бошқалардан илмсизликни кетқазиш, илми билан динга хизмат қилиш, Яратганнинг неъматларини қадрлаш ва уларга шукр қилиш, илми билан савоб, гуноҳ, харом ва ҳалолларни таниб олиш билан комилликка интилиш.

Ҳаммод ибн Иброҳим ибн Исмоил Сиғорий Ансорий дедилар: “Кимки охират учун илм талаб қилса, Аллоҳ таоло томонидан бериладиган улуғ мукофотларга эришибди. Кимки одамлар ҳузуридаги мартабалар учун илм талаб қилса ҳасрату надоматларга эргашибди”.

       Агар ният тўғри бўлмаса қандай ёмон оқибатларга дучор бўлиши қуйидаги ҳадиси шарифда ўз ифодасини топган. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун эсипастларга ғолиб келиб ўзини кўрсатиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса Аллоҳ уни дўзахга киритади” (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти)

Яна бир илм олиш одобларидан бири устозга ҳурмат. Бу борада салаф солиҳлар одобини беихтиёр ва мажбурият остида таълим олишмаган балки одоб уларнинг қалбларига мустаҳкам ўрнашган. Бу гапнинг тасдиғи ўлароқ Имом Шофеий роҳматуллоҳи алайҳ дедилар: Мадинага келиб илм ва ҳайбатда бу қадар ҳеч кўрмаганим Молик ибн Анас эдилар. Шу сабабдан у зотнинг одобларидан кўп фойдаландим қачон у зотнинг ҳузурларида эканимда ҳайбатлари салобатидан чўчиб турар эдим овози этилмаслиги учун китоб саҳифаларини ҳам асталик билан варақлар эдим. Чинакам шогирдлар, толиби илмлар устозга ана шундай иззат-икром кўрсатади, хизматига доимо шай туради, устозни улуғлаб табаррук кўради. Устоздан фақат муайян билимни эмас балки бу илмни амалга татбиқ этиш унга риоя қилиб яшаш тажрибасини ҳам, бу илмдан қандай ҳолатда, қандай услубда ва қандай меёрларда фойдаланиш малакасини ҳам ўрганиши лозим бўлади. 

       Устозни ҳурмат қилиш борасида кўплаб амаллар бор улардан бири толиби илмлар риоя қилиши вожиб бўлган амаллардан бири нафақат  устозни балки унинг аҳли оиласини, фарзандларини ва яқинларини ҳам иззат-ҳурмат қилмоқдир. Динимиз тақозосига кўра нафақат шогирдлар балки ҳар бир мўмин-мусулмон илм аҳлига ҳурмат кўрсатиши лозим. Ҳа илм талабида бўлсак гуноҳларимиз ювилажак “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ азза ва жалла унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”.

        Аллоҳ таоло барчаларимизни икки дунёда соадатига эриштириб илм ўрганиб унга амал қилишимизни ва азиз устозларимизни хизматларида доимо бўлмоғимизни яратганнинг ўзи бизларга муваффақ айласин! Омин.

 

Манбалар асосида тайёрланди.

Менглиев Беҳзод- Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar