11.10.2023

…У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

Маккада Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилган азиятлар кўпайди. Бу азиятларга чидай олмай, охир-оқибат Абу Жаҳлнинг олдига бориб, “Мен Муҳаммаднинг динида бўлиб турган ҳолатимда, уни қандай сўкдинг” дея қўлидаги камон билан Абу Жаҳлнинг бошини ёрган Ҳамза розияллоҳу анҳунинг бу жасорати, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Уҳуд тоғи миқдорича олтин меники бўлиши ва унинг менда уч кундан зиёда туриши мени ҳурсанд қилмайди” деб айтган гапларини эшитгач, уммат зоҳидларининг муаллимига айланган Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳунинг бу амали, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага борганларида, Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг уйига тушдилар. Тепа қаватдаги меш ёрилиб, ундаги сув пастки қаватнинг шифтига тушмаслиги учун ягона бўлган кийими билан сувни қуритган Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг бу иши, У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

Ислом уммати учун умри давомида жанг олиб борган, бу жанглар натижасида танасида тиғ тегмаган жойи қолмаган, Аллоҳнинг Набийси томонидан “Сайфуллоҳ” унвони билан тақдирланган Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг бу шижоати, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгач, Мадина узра Билол розияллоҳу анҳунинг азони янграмай қўйди. Кейинги ҳаёти давомида азон айта олмай қолган, охир-оқибат бир куни Шом диёрида азон айтиш чоғида “Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ” қисмига келганда йиғидан овози тиқилиб қолган, Билол ибн Рабоҳа  розияллоҳу анҳунинг бу соғинчи, У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

 

 Хамидов Абдулбосит – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar