САҲИҲ, ҲАСАН ВА ЗАИФ ҲАДИСЛАР ОРАСИДАГИ МУШТАРАК ИСТИЛОҲЛАР.
Ушбу бўлимда, юқоридаги уч турли ҳадислар орасида муштарак бўлган айрим истилоҳлар устида тўхталамиз.
Марфуъ - қавл (сўз) феъл ёки тақрир сифатида Расулуллоҳ (с.а.в) гача кўтарилган ҳадис, ҳоҳ саҳоба, ҳоҳ тобиъийн, ҳоҳ улардан кейингилар Расулуллоҳ (с.а.в) гача юксалтирган ҳадис марфуъ дейилади. Бундан шу маъно чиқадики, марфуъ ҳадис ҳамиша ҳам муттасил бўлавермайди. Баъзан санадидан саҳоба тушиб қолиб, мурсал бўлади. Баъзан ровийлардан бири тушиб қолиб ёки санадида мубҳам бир киши зикр этилиб, мунқатиъ бўлади. Баъзан икки ёки бундан кўп ровий тушиб қолиб, буткул муъдал бўлиб қолади. Айтилганидек, бу уч ҳолатда ҳадис заиф деб сифатланади.
Муснад - санади Расулуллоҳ (с.а.в) гача марфуъ тарзида, ровийсидан то интиҳосига қадар муттасил етиб борган ҳадисдир.
Муттасил - санади бошидан охирига қадар муттасил етиб борган ҳадис. Бу Пайғамбар (с.а.в) гача юксалган бўлиши шарт эмас. Саҳоба ёки ундан кейинги ровийда мавқуф бўлган (тўхтаган) бўлиши мумкин. Бу ҳадис айни вақтда мавсул деб аталади.
Мавқуф – қавл ( сўз) феъл ёки тақрир сифатида саҳобага изофа қилинган ҳадис.
Мақтуъ – қавл ( сўз) феъл ёки тақрир сифатида тобиъийнга изофа қилинган ҳадис.
Муаллақ – санадининг бошидан бир ёки бир неча ровий кетма- кет тушириб қолдирилган ҳадис.
Ғариб ва Фард – саҳобадан кейин санадининг ҳар қандай бир жойида битта ровий якка ривоят қилган ҳадис. “Ғариб ва фард” сўзлари орасида луғат ва истилоҳ жиҳатидан муштарак уйқашлик бор. Бу боғлиқлик фақат якка-ёлғизлик ва тоқлик маъносида бўлиб, ҳадис олимларидан айримлари бу хил ҳадисларни баъзан ғариб деб аташларининг сабаби шудир.
Олий – санадида ровий саноғи оз бўлганидан Расулуллоҳ (с.а.в)га яқин бўлган ҳадис.
Нозил - саанадида ровий саноғи кўп бўлганидан Расулуллоҳ (с.а.в)дан узоқлашган ҳадис.
Тобиъ ва Шоҳид - бир ҳадиснинг бошқа бир ҳадисга мувофиқ келишидир. Агар мувофақват лафзда бўлмай, фақат маънода бўлса, бу ҳадис шоҳид дейилади. Агар мувофиқлик ҳам лафзда, ҳам маънода бўлса, бундай ҳадис тобиъ ёки мутобиъ дейилади. Агар мувофақат ровийнинг шархидан то санаднинг охирига қадар бутун санадда мавжуд бўлса, бундай ҳадис мутобаайи тамма дейилади; агар санаднинг бир қисмида бўлса, ноқиса дейилади. Агар ҳадиснинг лафзида ҳам, маъносида ҳам мувофиқлик учрамаса, бу фард ва ғариб дейилади.
Мудраж – матнида ёки санадида асли ўзида бўлмаган бирор қўшимча топилган ҳадис.
Саҳиҳ ва Ҳасан ҳадисларнинг ровийлари оз ва оддий (содда) ҳам бўлсалар, ҳадисларида учраган қўшимчаларга диққатни тортадилар ва бу қўшимчанинг кимга оид эканлигини аниқ белгилайдилар.
Токи бегона бир сўз Расулуллоҳ (с.а.в) нинг сўзларига аралаштирилмасин ва у киши айтмаган бирор сўз у зотга изофа қилинмасин. Идрож, Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳадисида ўтган баъзи тушунилмаган сўзларни тафсир қилмоқ мақсадида ёки бир шаръий ҳукмни изоҳламоқ мақсадида қилинади.
Мусалсал – бир сифат ё бир ҳол ёки бир кайфият борасида ровийлари иттифоқ қилган ҳадис. Мусалсал – занжирдек (силсиладек) бир-бирига боғлиқ бўлган нарса дегани. Бу ўриндаги тасалсул ҳар бир ровийнинг ҳадисини ривоят қилганда муайян бир сўз ё ҳаракати ёки кайфияти санадда ўзидан олдин келган ровийдан айнан нақл этилмоғидир. Мусалсалнинг турли хиллари бор.
Музаҳҳаф – нуқталари ўзгартирилиб, бир ёки бир нечта ҳарфи ўзгарган, аммо ёзма шакли боқий қолган ҳадис. Мабодо ёзма шакли ўзгарса, у муҳарраф дейилади.
Ибн Ҳажар музаҳҳаф ва муҳаррафни ана шундай таърифланган. Аслида булар мутародиф (маънодош) сўзлардир. Чунончи, айрим муҳаддислар бу икки лафз орасини ажратмаганлар.
Давутов Саййидбурҳон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar