ШУКРНИНГ ФАЗИЛАТИ
Шукр ики ҳил бўлади: умумий ва хусусий.
Умумий шукр тил билан ҳамд айтиш, Аллоҳнинг неъматларини эътироф этишдир. Хос шукр тил билан ҳамд айтиш, қалб билан таниш ва рукнлар билан хизмат этиш ҳамда ҳалол бўлмаган нарсалардан тилини ва аъзоларни сақлашдир. Муҳаммад ибн Каъбдан ривоят этилади У киши айтади: “Шукр -Аллоҳнинг:
اعْمَلُوا آلَ دَاوُودَ شُكْرًا
“(Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар” (Саъба, 13), деган сўзига амал қилишдир”.
Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) дедилар: “Икки хислат кимда бўлса, Аллоҳ уни шукр ва сабр этувчи, деб ёзиб қўяди. Бири - диндорликда ўзидан баланд бўлган кишига қараб унга эргашиш ва иккинчиси - дунёда ўзидан паст бўлган кишига қараб сўнгра Аллоҳга ҳамд айтиш”.
Пайғамбаримиз (с.а.в) айтдилар: “Агар таомда тўрт нарса бўлса, мукаммал бўлади: ҳалолдан бўлса, ейилаётганида Аллоҳ номи зикр қилисан, шу таомдан ейдиган қўллар кўп бўлса, ейилгандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтилса”.
Ҳасан Пайғамбаримиз (с.а.в) ривоят қилади: У зот айтадилар: “Аллоҳ бандага хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, бир неъмат берса ва банда Аллоҳга ҳамд айтса, шубҳасиз унга олганидан ҳам афзалроқ нарса берилибди. Фақиҳлардан бири айтади: “Билингки, ҳамд ва шукр аввалгилару охиргиларнинг ибодатидир. У малоикаларнинг ибодати, Пайғамбарларнинг ибодати, ер аҳлининг ибодати, жаннат аҳлининг ибодати. Пайғамбарларнинг ибодати шуки, Одам (а.с) акса урганларида, “алҳамдулиллаҳ”, дедилар. Нуҳнинг (а.с) қавми сувга ғарқ бўлиб, у киши билан бўлган мўминлар нажот топгандан кейин Аллоҳ таоло ҳамд айтмоқни буюрган эди
فَإِذَا اسْتَوَيْتَ أَنْتَ وَمَنْ مَعَكَ عَلَى الْفُلْكِ فَقُلِ الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي نَجَّانَا مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ
Бас, сен ўзинг билан бирга бўлганлар ила кемага жойлашиб олгач: «Бизни золим қавмлардан қутқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дегин. (Мўминлар 28)
Фақиҳлардан бири айтади: «Шукрнинг мукаммаллиги уч нарса биландир: Аллох сизга бир нарса берса, ким орқали бераётганига карашингиз ва Унга ҳамд айтмоғингиз; берган нарсасига рози бўлмоғингиз; модомики, ўша сизга ато қилинган нарса жасадингизга қувват берар экан, у туфайли Аллоҳга осийлик қилмаслигингиз лозим бўлади».
Маймун ибн Михрон Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади: «Аллоҳ таолонинг яратган бандалари ичида мухтор-танланганлари бор, улар яхшилик қилсалар, хурсанд бўладилар, гунох килсалар, мағфират сўрайдилар, неъмат келса, шукр айтадилар, балоларга дучор бўлсалар, сабр қиладилар.
Аллоҳ таоло азиз юртимизни тинч ҳаётимизни янада фаровон айлаб, барчамизнинг Ўзига шукр қилувчи солиҳ бандаларидан бўлишимизни
насиб айласин!
Қиёмат кунида Роббим барчамизни гуноҳларимизни авф айласин ва таълим бераётган азиз устозларимиздан Роббим ўзи рози бўлсин ва ўзининг жаннатига мушарраф айласин!.
Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандийнинг
«Танбеҳул ғофилийн» китоби асосида тайёрлади
Муродулло Чориев – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассаси 2-босқич талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar