17.10.2023

ТАЪЗИЯ МАРОСИМИДА УЧРАЙДИГАН БИДЪАТЛАР

Аллоҳ таолога ҳамду сано пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломларимиз бўлсин. Сўнгги пайтларда айрим мусулмон хонадонларида таъзия бўлган кунида ва ундан кейинги кунларида турли хил  хурофот ва бидъатлар пайдо бўлиб бормоқда. Тириклик бор жойда ўлимнинг ҳам бўлиши хақ, бундан ҳеч ким қочиб қутилмайди. Аллоҳ таоло бандаларини ҳар хил синовлар билан имтиҳон қилади. Шулардан бири бандасига мусибат етганда жазавага тушиб қолмай балки ислом дини унга нима йўл кўрсатганига қараб иш тутса, албатта ажру савобларга эга бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 153-оятида мусибат етганда сабрга ва савобга умид қилишга буюриб, бетоқатликдан қайтарган

“Эй, мўминлар, сабр қилиш ва номоз ўқиш билан мендан мадад сўранглар! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам : “Юзларига урадиган, ёқаларини йиртадиган ва жоҳилият даъволари  билан бақириб чақирадиган кимсалар бизлардан эмас” дедилар. 

Мусибат етган одам ўзини бандалигини ҳис қилиб “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деса улкан ажру мукофотларга эришади. Кунларни бирида Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилиб юрганида қабр бошида йиғлаб ўтирган аёлни кўрадилар. Унга Эй она сабр қилинг деганларида Пайғамбаримизни шаънига тўғри келмайдиган баъзи гапларни айтади. Аёл бироз вақт ўтиб, унга гапирган зот Росулуллоҳ эканлигини билгач, узр сўраб олдиларига келади. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Албатта мусибат етган вақтдаги сабр ҳақиқий сабр” дедилар. Шўролар даврида динимиз, ирқимиз, урфимизга қаттиқ уринишлар бўлди. Натижада соф ислом эътиқоди йўқолиб ўрнига ботил хуроқот, бидъатлар кириб келди. Жумладан: Маросимларни дабдабали ўтказиш, қирқ кун тўлгунича ҳар пайшанба кунлари қарзга бўлсада эҳсон қилиши, етти, йигирма ва бошқа маросимлари, яна  мана шу кунларда маййитнинг руҳи капалак бўлиб келиб туради деган эътиқодда бўлиш ва бундан ташқари охирига етиб бўлмайдиган  бидъатлар кўпайиб кетди. Аллоҳим ҳидоятидан адаштирмасин. Хозирга келиб динимизни тўғри ўрганишимизга етарлича омиллар бор. Жумладан матбуот, радио, китоблар фатво марказлари кеча-ю кундуз ишламоқда. Бунга қалби соғлом эътиқоди тўғри жонажон халқимиз ўзлари ўткизаётган маросимларини ислом шариъатига мувофиқ холда қилса, куфр ва ширкка олиб бориладиган амаллардан тийилса кўзланган мақсадга етилган бўлар эди. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимиз ҳаётини тўкин-сочинликда қилиб, соф ислом йўлида юришини барчамизга насиб қилсин!

 

Тўхтаев Насрулло – Таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar