18.10.2023

ҲИРС ВА ТАМАГИРЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК!

       Одатда, хирс ва тама ўз эгасини барча ахлокий бузуқликларга, хусусан, молиявий муомалалардаги ҳаром ишларга етаклайди. Мурувват ва саховатдан эса мосуво қилади. Хирс ва тама гўёки ҳеч қачон тўймайдиган икки аждаҳога ўхшайди. Тамагирликнинг асосий сабаби фақирликдир. Фақирлик эса молиявий ва маънавий бўлиши мумкин. Агар молиявий жиҳатдан фақир инсоннинг маънавияти факир бўлмаса, у хеч качон моддий етишмовчилик сабабли тамагирлик қилмайди. Чунки унинг мол-дунёга нисбатан мутлақо хирси йўқдир. Маънан фақир бўлган инсонгина тамагирликдан ўзини тия олмайди. Мол-дунёси қанчалик кўп бўлмасин, у барибир тамагирлик қилаверади. Мол-дунёга бўлган ҳирси уни ҳар доим тамагирлик сари етаклайди. Натижада эса узундан-узоқ орзу-ҳаваслари, мол-дунёга бўлган қизиқиши уни энг буюк фазилат бўлмиш қаноатдан махрум қилиб, хорлик сари етаклайди.

        Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят килинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Агар одам боласининг икки водий мол-дунёси бўлса, албатта учинчисини истайди. Одам боласининг қорнини фақатгина тупрок тўлдиради. Аллоҳ тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади» (Муттафақун алайх).

          Агар инсоннинг мол-дунёга бўлган ҳирси кучли бўлса, у хеч качон тама қилишдан тўхтамайди. Ушбу ҳадиси шарифда мазкур ҳақиқат ўз ифодасини топган. Бу ҳақиқатни воқеликда ҳар биримиз бир неча марталаб кўрганмиз ва гувоҳи бўлганмиз. Агар инсон ўзидаги мол-дунёга бўлган хирсни вақтида жиловламаса, унга қарши курашиб, нафсини ўзига буйсундирмаса ва уни ҳар доим муолажа қилиб турмаса, у тамагирларнинг энг ашаддийси бўлиб етишиши шубҳасиздир. Гўёки мол-дунё унинг маъбудига айланиб, унинг барча буйруқларини, талабларини сўзсиз бажаради. Бундай кимса бойлиги, дунёси қанча кўп бўлмасин, ҳеч қачон тўймайди. Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам хадиси шарифда: «Бир нарсани яхши кўришинг сени кўр ва кар қилади», деганлар. Унинг айб ва нуксон саналмиш иллати, яъни мол-дунёга бўлган ҳирси, тамагирлиги, бой-бадавлат кишиларнинг оёғи остида хира пашшадек ялтоқланиши ташқаридан кузатган одамга яққол кўриниб туради. Лекин бу нарсалар четдан кузатган одамга қанчалик хунук куринишини унинг узи сезмайди. Албатта, бундай очофатни ҳадиси шарифда айтилганидек, тупрокдан ўзга нарса тўйдира олмайди.

Анас розияллоху анхудан ривоят килинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам: «Одам боласи улғаяркан, икки нарса у билан бирга улғайиб бора-ди: мол-дунёга муҳаббат ва узок умр (истаги)», дедилар (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

      Ҳеч кимга сир эмаски, инсоннинг ёши ўтиб борар экан, унинг жисму жасади, ҳар бир хужайраси хам кексайиб боради. Уларнинг кексайиши эса ўз вазифасини бажара олмай қолиши ёки заифлашиб бориб, мутлақо ишга яроқсиз бўлиб қолишида кўринади. Орзу ва молни яхши кўриш эса қалбга тааллуқли ҳиссиётдир. Шунинг учун хам бу хиссиётлар хеч качон қаримайди, эскирмайди, чарчамайди, қувватдан ҳам қолмайди. Балки кундан-кунга кучайиб боради. Шунинг учун ҳам ёш болаларнинг орзу-ҳавасларидан кўра кекса одамларнинг орзу-ҳаваслари бир неча баробар ортиқроқ ва кучлироқдир. Инсон кексайгани сари, агар унинг маънавий дунёси заиф ва қашшоқ бўлса, мол-дунёга янада ҳарис бўлиб бораверади. 

Аллоҳ таоло барчамизни бундай иллатлардан ўз паноҳида асрасин.

 

Манбалар асосида тайёрлади:

 

Абдуллаев Фатҳуллоҳ - Имом Термизий ўрта  махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar