Ё АСЛИНГ КАБИ КЎРИН, ЁКИ КЎРИНГАНИНГ КАБИ БЎЛ.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, пайғамбар (с.а.в)га дуруду саловатларимиз бўлсин.
Жалолиддин Румий ҳазрат айтадиларки: «Ё аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл», - деб.
Муқаддас ислом динимизда асли каби кўринмаган, ёки кўрингани каби бўлмаган кишиларни мунофиқлар деб аташади. Мунофиқ сўзи луғатда – «муғомбирлик қилмоқ», «иккиюзламачилик» деган маънони англатади. Истелоҳда эса яъни шариатимизда ўзини мусулмон қилиб кўрсатадиган лекин иймони бўлмаган кишиларга нисбатан бу атама ишлатилади. Мунофиқлар ҳақида эслатма Қуръоннинг бир неча оятларида мавжуд.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:
وَمِنَ ٱلنَّاسِ مَن يَقُولُ ءَامَنَّا بِٱللَّهِ وَبِٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِ وَمَا هُم بِمُؤۡمِنِينَ
Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирдик», дейдилар. (Бақара сураси 8-оят)
Ушбу ояти каримада мунофиқларнинг бош сифатлари зикр қилинмоқда. Улар Аллоҳга, қиёмат кунига иймон келтирдик деб мўмин лозим бўлган икки буюк эътиқодни айтишади. Аслида эса бунинг акси бўлади. Демак, қалбида яъни умуман олганда ўзида йўқ нарсани бор деб кўрсатиш бу – мунофиқликдир.
Ҳақ таоло ояттларнинг давомида мунофиқлар ҳақида зарбулмасал ҳам келтирди:
مَثَلُهُمۡ كَمَثَلِ ٱلَّذِي ٱسۡتَوۡقَدَ نَارٗا فَلَمَّآ أَضَآءَتۡ مَا حَوۡلَهُۥ ذَهَبَ ٱللَّهُ بِنُورِهِمۡ وَتَرَكَهُمۡ فِي ظُلُمَٰتٖ لَّا يُبۡصِرُونَ
Улар мисоли бир ўт (машъала) ёқувчига ўхшайдилар. Энди олов атрофини ёритганида Аллоҳ ёруғликни кетказиб, уларни ҳеч нарсани кўролмайдиган ҳолда зулматларда қолдиради.
Бу зарбулмасалнинг маъноси шуки, бир одам олов ёқди. Ёритган олови энди атрофини ёритган пайтида, Аллоҳ таоло у оловининг нурини кеткизиб, ўша киши яна қоронғу зулматлар ичида қолди. Ҳақиқатдан ҳам, мунофиқлар аввалига исломнинг даъватига қулоқ солдилар, иймон калималари ила иймон келтирдик дедилар, ибодат ҳам қилдилар. Кейин эса ҳаммасини ташлаб инкор қилиб яна ўзларининг куфрона ҳаётларига қайтиб зулматда қолиб кетдилар. Ҳозирги замонамизда ҳам ҳудди шундай ҳолга тушганлар ва тушаётганлар оз эмас.
Мунофиқлик аломатлари ҳақида Росулуллоҳ (с.а.в) шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ: إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ» مُتَّفقٌ عَليه
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, бажармайди, омонат топширилса, хиёнат қилади», дедилар».
Муттафақун алайҳи – Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Росулуллоҳ (с.а.в)нинг қуйдаги ҳадисларини аслида ҳаммиз ҳаётимизга дастур амал қилиб олишимиз керак менинг назаримда. Шунинг учун ҳам улуғларимиз “бошингга қилич келса ҳам рост сўзла!”, ёки “ваъдага вафо қилиш мард (мўмин)нинг иши”, ёки бўлмаса “Омонатга хиёнат, Аллоҳга хиёнат”- деб бежизга айтишмаган. Уларнинг ҳар бир айтган сўзларида ва амалларида Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг суннатлари яширинган. Фақатгина бу яширин ҳикматларни биз пайқамаймиз холос.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак ҳозирги айни дамда яшаб турган жамиятимизда ҳам ёлғон сўзлайдиган ёки ваъдага хилоф қиладиган ёки бўлмасам омонатга хиёнат қиладиган инсонлар кам эмас афсуски. Юқорида келтирилган оятлар ва ҳадисдаги аломатлар топилган инсонни эътиқодида мунофиқ бўлиб, кофир бўлган, дейилмайди, балки амалларида мунофиқларнинг ишини қиладиган ва уларга ўхшаб қолган шахс дейилади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни ана ўшаларнинг холатига тушиб қолишимиздан асрасин!!!
Ярашев Ҳабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассаси 3-босқич талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar