УНУТИЛAЁТГAН ЯХШИЛИКЛAР
Ҳар бир жамият ва ҳар бир диний таълимот борки, асосий ғояларидан бири инсонларга яхшилик қилишга тарғибот ҳисобланади. Шу қаторда муқаддас динимиз Ислом дини ҳам инсонларни яхшилик қилиш ва ушбу хайрли ишга инсонларни тарғиб қилишга чорлайди.
Маълумки, юртимиз аҳолиси азал-азалдан ушбу динга эътиқод қилиб келмоқда. Шу сабабдан ҳам ота-боболаримиз бу диннинг асосий таълимотларидан ҳисобланган, ушбу масалага шу қадар эътибор берганки, яхшилик ва унга тарғиб қилиш уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Лекин охирги вақтларда жамоат жойларида дуч келаётган ҳодисаларни кўриб, наҳот бу авлод дин таълимотларига шу қадар енгил қарайдиган бўлиб қолдими?, деб беихтиёр ўйга толасан киши... Шу сабабли ҳам биз дуч келаётган баъзи бир иллатлар ҳақида гапириб ўтсак.
Кўчада азият берадиган нарсаларга бепарволик. “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иймон олтмиш нечта ёки етмиш нечта шохчадан иборат. Унинг аввали “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейишликдур. Охири эса, йўлдаги азият берадиган нарсаларни олиб ташлашдур. Ҳаё ҳам иймон шохчасидандур”, дедилар”.
Ҳақиқатда бугуннинг энг катта камчиликларидан бири кўчадаги азият берадиган нарсаларга (чиқинди, қоғоз буюмлари ва инсонни таъбини ҳира қиладиган нарсаларга) бефарқ ҳолда ўтиб кетишликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлдаги азият берувчи нарсаларни олиб ташлашни иймоннинг шохларидан деб айтмоқдалар. Уламолар ушбу ҳадисни шархлар экан, иймонни гўёки битта дарахт бўлса, унинг шохлари биз юқорида тилга олиб ўтган амаллар ҳисобланади. Яъни иймон мана шу амалларсиз мукаммал бўлмайди.
Яна бир шундай иллатлардан бири, ёши катта инсонларга жамоат транспортларида жой бермасликдир. Сўнги йилларда кўп бора танқид қилинаётган, ва бот-бот такрорланаётган иллатлардан бири жамоат транспорти ва кўчаларда ёши катта инсонларга ҳурмат кўрсатмаслик. “Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир ёш йигит ёши катта инсонни ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам қариган чоғида ҳурмат кўрсатадиган кишиларни ёллаб қўяди”, дедилар”.
Ҳақиқатда ҳам бу дунё қайтар дунё. Инсон ёшлигида ёши улуғ инсонларга қандай муомалада бўлган бўлса, қариганда ўша муносабатни кўради. Ахир Набий соллалоҳу алайҳи васаллам буни башоратини бериб турибди-ку!
Биз бу рўйҳатни узоқ қилиб давом эттиришимиз мумкин, чунки жамиятимизда унутилаётган яхшиликлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Биз келтирган яхшиликлар кичик, инсон эътибор бермайдиган даражада бўлиши мумкин. Бироқ шуни унутмайликки, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида савобли амалнинг катта-кичиги йўқ. Муҳими ихлосдадир…
Хамидов Абдулбосит – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar