24.10.2023

ҚЎШНИЧИЛИК ХАҚҚИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўмин инсоннинг бўйнидаги вожиб амаллардан яна бири бу — қўшнининг ҳақларини билиб олишдир. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Жаброил менга ҳамиша  қўшни ҳақида васият қилар эдики, мен қўшнига яқинда мерос берилади”,  деб ўйлардим", деганлар. 

Аллоҳ тало марҳамат қилади:

وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا ۖ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَىٰ وَالْيَتَامَىٰ وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَىٰ وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ ۗ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا

“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қушни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва кўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

 (Нисо сураси, 36-оят).

Абдуллох ибн Масъуд розияллоху анхудан ривоят қилинади: "Бир киши: "Ё Расулуллоҳ, қай бир гуноҳ Аллоҳ наздида энг катта гуноҳ ҳисобланади?" деб сўради. "Аллоҳ сени яратиб қўйган бўлсаю, сен Унга бошқа бировни тенг билиб ибодат қилишинг", дедилар. "Ундан кейин кайси гунох?" деб сўради. "Таомингга шерик бўлишидан қўрқиб фарзандингни ўлдиришинг”, дедилар. “Ундан кейин қайси гуноҳ?”, деб сўради. “Қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишинг”, дедилар.

Абу Зарр Ғифорий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтади: Менга дўстим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилдилар: “Эшитгин ва итоат қилгин. Бурни кесилган қул бўлса ҳам. Бас, агар шўрва қилсанг, унинг сувини кўпайтиргин, кейин қўшниларингни аҳлларига қарагин ва шўрвангдан уларга ҳам бергин, намозингни вақтида ўқигин». Ва айтилди: “Уч қўшни бўлиб, уччаласи ҳам рози бўлса, кейин инсон ўлса, унинг гуноҳлари кечирилади” дедилар.

Аллоҳ таоло барчаларизни қўшнининг ҳақларига риоя этишимизни насиб айласин. Омин! 

 

Манбалар асосида тайёрланди: 

Қурбонов Хумойиддин - Имом-Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси 

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar