ҲАНАФИЙ ВА САЛАФИЙЛАР ЎРТАСИДА ҚАБР МАСАЛАСИ
Раддия
Бугунги кундаги долзарб мавзулардан бири қабрлар устида ўтириш, унинг устида белги қўйиш, қабр тошларга ёзувлар битиш масалаларидир. Хусусан салафийлардан саналмиш Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ва унинг фикрларига эргашган издошларининг энг кўп эътибор қаратган мавзуълардан бири ҳам айнан қабр масаласидир. Улар қабрларни мақбара шаклида қилиб ёпиш ёки қабрларни баланд қилиб кўтариш, уни зиёрат этишни куфр иш деб ҳукм чиқаришдан ҳам тап тортишмайди. Шу ўринда таъкилаб ўтиш керакки, ҳадисларда қабрларнинг устини баланд қилиб кўтаришдан ва қабрлар устида ўтиришдан қайтарилган. Лекин бу ишни қилганлар кофир бўлишини айтиш мутлоқо хато ва нотўғри қиёслашдан ўзга нарса эмас.
Имом Термизийнинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳуга баланд қилиб кўтарилган қабрларни текислашни ва устидаги ҳайкалларни йўқ қилишни буюрган.[1] Энди ушбу ҳадисни салафийлардан бўлган Муборакфурий шундай изоҳлаган: “Қабрлар устида гўзал бинолар қуриш сабабли ислом дини кўз ёшлар тўкмоқда, бу биноларга кўнгли боғлиқ кимсалар худди бутларга кўнгли боғлик кишиларга ўхшайди. Улар қабрларни эҳтиёжларини қондирувчи даражасидаги бир макон, инсониятни қўлида тутиб туриш воситаси ўлароқ сиғиниш ўрни ҳолига келтирдилар. Бандаларнинг фақат Аллоҳдангина сўраши керак бўлган нарсаларини қабрлардан сўрайдиган бўлиб қолишди. Фақатгина қабрларни кўриш, зиёрат этиш, эҳтиёжларини қондириш мақсадида сафарга чиқадиган бўлиб қолишди. Қадимда жоҳилият даврида кофирлар, мушриклар бутлар учун нима ишлар қилишса, ҳозирда мана шу ишларни қабр учун амалга оширишмоқда...”[2] Муборакфурий сўзининг давомида қабрлар борасида жиноят қилаётганларни бу ишдан қайтармайдиганларни ҳам қаттиқ маломат қилиб, жуда оғир сўзлар билан тилга олган.
Аллома Анвар Шоҳ Кашмирий эса, бу масъалада мўътадил йўл тутишга чақириб, қабрларнинг устидаги баландлик бир қаричгача бўлиши мумкинлиги, ундан баландроқ бўлса, макруҳ (ёмон кўрилган) иш бўлишини таъкидлаган.[3]
Имом Термизийнинг Жобир ибн Абдуллоҳдан қилган ривоятига кўра, Пайғамбар алайҳиссалом қабр устида ёзув ёзиб қолдириш, бино қуриш, қабрни босиб ўтиш, гипс қилишдан қайтарган.[4] Ушбу ҳадисни шарҳлаган Муборакфурий ҳам, Кашмирий ҳам қабр устидаги ёзув ёзишни қайтарилган иш эканлигини баён қилишган. Ушбу ҳадисни шарҳлаётган ҳар иккала олим ҳам Имом Термизийнинг ривоят қилган бу ҳадисдан сўнг Имом Ҳаким Нисобурий (321 - 405 йй.) қуйидаги қарашларини келтиришган: “Амал бу ҳадисга кўра эмас. Чунки бутун ислом юртларида олимлар қабрлар устига ёзув ёзишга рухсат берганлар”.[5] Каширмийнинг фикрича, ҳадис умумий маънода айтилган, лекин амал қилиш борасида Ҳаким Нисобурий айтгани кабидир. Менинг бу борада бошқа айтадиган сўзим йўқ.[6] Имом Шавконийнинг фикрига кўра, зайдийлар бу борада фақатгина қабр устида вафот этган кишининг исм-шарифини ёзишни истисноли равишда рухсат беришган. Бунга далил қилиб пайғамбар алайҳиссаломнинг Усмон ибн Мазъун (ваф. 624 й.) розияллоҳу анҳунинг қабри устига белги ўлароқ бир тош қўйганлигини кўрсатишган. Шавконий (1765-11834 йй.) бунга шундай муносабат билдирган: “Бу қиёс нас-далилга асосланган қиёс эмас, балки қиёс йўли билан умумий маънони ифодаловчи ҳадисни хослашдир.”[7] Муборакфурий бу гаплардан сўнг мавзуъга алоқадор бошқа сўз айтмаган. Эҳтимол бу билан қабр устига вафот этган кишининг исм-шарифини ёзиш мумкин, деган фикрга тўхтагандир. Бунга далил сифатида эса юқоридаги Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу қабри устига пайғамбаримизнинг белги сифатида тош қўйганини келтирган. Ушбу ҳолат орқали олимлар ҳадислардан қандай қилиб истинбот ва қиёс қилишганини кўриш мумкин.
Имом Термизий қабр устида ва ҳаммомда намоз ўқиш жоиз эмаслиги тўғрисида Абу Саид Худрийдан қуйидаги ҳадисни ривоят этган: “Қабр ва ҳаммомдан ташқари бутун ер юзи масжид қилинди”.[8] Муборакфурий бу ҳадис орқали ҳаммом ва қабр устида намоз ўқишни мутлоқ равишда манъ қилган. Шу билан бирга Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855 йй.) ҳам шу фикрда эканини қайд этиб кетган.[9] Абдулҳақ Деҳлавий (ваф. 1052/1642 й.) фикрига кўра, қабр яқинидан бир ерга жойлашиб, қабрга тўғри йўналмасдан намоз ўқиш жоиздир. Яна намозини мукаммал бўлишини умидидаги бир киши пайғамбар ёки солиҳ бир кишиниинг қабри ёнида қабрга тўғри йўналмай намоз ўқиши мумкиндир. Муборакфурий бу қарашларнинг бирортасига қўшилмайди. Унинг фикрича, Пайғамбар алайҳиссалом пайғамбарларнинг қабрини яҳудий ва насронийлар каби масжидга айлантиришдан қайтарган.[10] Ким қабрга қараб намоз ўқиса ёки қабрдаги одамдан мадад сўраса, куфр ишни қилибди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг юқоридаги ҳадисига зид иш қилибди. Аслида ислом умматиман деган киши қабристонга фақат ибрат олиш ва ўлган киши ҳақига дуо қилиш учун боради. Салаф уламолардан ҳеч бири юқорида ман қилинган ишлардан бирортасини қилмаган ва бу ишларни қилишни мункар иш деб билган.[11]
Анвар Шоҳ Кашмирий эса, ҳадисдаги қайтариқдан мақсад қабрдаги кишини улуғлашдан, унга таъзим қилишдан қайтариқ ўлароқ англагани учун қабр устида бўлмаса, ё қабрга бевосита йўналган бўлмаса, балки у билан қабр орасида бирор тўсиқ қўйилган бўлса, бу ҳолатда намоз ўқишнинг зарари йўқ. Имом Муҳаммад ҳам бу шаклда намоз ўқиш жоизлигини ўзининг “Жомиу-с-сағир” китобида айтиб ўтган.[12] Кашмирийнинг фикрига кўра, Имом Бухорий “Аллоҳ пайғамбарларнинг қабрларини масжид қилиб олган яҳудий ва насронийларни лаънат қилган”[13] деган ҳадисни муаллал ҳадис сифатида қабул қилган. Кашмирийнинг Имом Тийбийдан (ваф. 1342 й.) ривоят қилган нақлга кўра, пайғамбар ёки солиҳ бир инсоннинг қабри яқингида ўша қабр масжид ташқарисида қолдириш шарти ила, у қабрни улуғлаш мақсадида эмас, балки табаррукланиш умидида, унинг файз-футуҳидан Аллоҳ баҳраманд қилиши ниятида намоз ўқиш жоиздир.[14]
Низомиддинов Ҳошимжон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР
- Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий. “Файзул борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий”. Дарул иҳяи-т-турос ал-арабий. Байрут, 2005.
- Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий. “Арфу-ш-шазий ъала Жомиъи Термизий”. Дарул кутубил илмийя, Байрут, 2007.
- Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра. Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ.–Байрут: Дорул-иҳя ат-турос ал-арабий.1995.Ж.1.– Б.378.
[1] Имом Термизий. Сунан Термизий. Жаноиз боби. 64-ҳадис
[2] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. VII, 322 б.
[3] Анвар Шоҳ Кашмирий. Ал-арфуш-шазий. II, 593 б.
[4] Имом Термизий. Сунан Термизий. Жаноиз боби. 58-ҳадис
[5] Ҳаким Нисобурий. Ал-мустадрак ала саҳиҳайн. I, 525.
[6] Анвар Шоҳ Кашмирий. Ал-арфуш-шазий. II, 596 б.
[7] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. VII, 328-330 б. Шавконий. Найлул автор. IV, 133 б.
[8] Имом Термизий. Сунан Термизий. Солат боби. 120-ҳадис
[9] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. IV, 155 б.
[10] Имом Бухорий. Жомиъу-с-саҳиҳ. Солат боби. 48-ҳадис
[11] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. IV, 166-167. б.
[12] Анвар Шоҳ Кашмирий. Ал-арфуш-шазий. I, 542 б; Файзул борий. II, 62 б.
[13] Имом Бухорий. Жомиъу-с-саҳиҳ. Солат боби. 84-ҳадис
[14] Анвар Шоҳ Кашмирий. Файзул борий, II, 58 б.
Izohlar