01.11.2023

ҲАНАФИЙ ВА САЛАФИЙЛАР ЎРТАСИДА ҚАБР МАСАЛАСИ (2-қисм)

Имом Термизий Абу Саид Худрий(612-693 йй.)дан ривоят қилиб айтади: “Фақат уч масжидга (зиёрат учун) сафар қилинади”.[1] Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам қабрини зиёрат қилиш мақсадида Мадинага бориладими, деган савол олимлар орасида баҳс-мунозарага сабаб бўлган мавзу саналади. Хусусан, Ибн Таймия (1263-1328 йй.) бу ишни жоиз эмас деган. Ибн Таймия мана шу қарашлари туфайли икки марта қамалган ва ҳибсда вафот этган. Бошқа олимлар эса, пайғамбаримиз қабрларини зиёрат қилиш учун сафарга чиқиш мумкин дейишган. Уларнинг фикрича, салаф уламоларимиз Мадинага сафар қилиб бориб, пайғамбар қабрини зиёрат қилишган. Бу зиёратни фақат Масжид Набавийда намоз ўқиш учун қилишган, у ерга боргач Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрини йўл-йўлакай зиёрат қилишган, деб тушуниш тўғри эмас. Ушбу ҳадис Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад” китобида қуйидаги лафзлар билан келтирилган: “Намоз ўқиш мақсадида фақат уч масжидга сафарга чиқилади”. Демак, бу ердаги қайтариқ масжидларда намоз ўқиш ниятида сафарга чиқишга боғлиқдир. Қабр зиёратига ҳеч бир алоқаси йўқдир. Масжидларга чиқиш ҳақидаги қайтариқни қабрларга чиқишга буриш тўғри иш эмас.[2]

Кашмирийнинг фикрига кўра, солиҳ инсоннинг қабрини зиёрат қилиш учун сафарга чиқишнинг соғлом далили ва таянчи йўқдир.[3] Муборакфурий эса, уч масжид деган лафз араб тили қоидаларига биноан умумий маънода келган ва ана шу ҳолида қабул қилинади. Шунга кўра ўша уч масжиддан бошқаларига табаррукланиш ва намоз ўқиш мақсадида сафарга чиқилмайди. Илм олиш, тижорат қилиш ва бошқа шунга ўхшаш сабаблар учун сафарга чиқиш эса жоиздир.[4] 

Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, қабрларни бир қаричдан юқори кўтаришдан қайтарилган ҳадисларни Кашмирий Муборакфурий каби тушунган ва бир қаричдан тепа бўлгани макруҳ бўлишини айтган. Кашмирий ҳам, Муборакфурий ҳам қабрлар устида ўлган кишининг исмини ёзишни жоиз деган ва бунга ривоятдаги лафзларга қараб эмас, балки ислом юртларида татбиқ қилиб келинаётган амални асос қилиб олишган. Қабристонда намоз ўқиш масаласига келадиган бўлсак, Кашмирий бу ишдан қайтаришнинг сабаби қабрдаги кишини улуғлаб, унга таъзим қилиш ёки қабрга қараб намоз ўқиш ҳолатларидан қайтарилган. Ушбу сабаблар топилмаса, қабристонда намоз ўқиш жоиз деб топган.  Муборакфурий эса, бу борада салафийларнинг принципини тутган ва ҳеч қачон қабристонда намоз ўқиб бўлмайди, дейди. “Уч масжиддан бошқасига сафарга чиқилмайди” деган ҳадис борасида Мубороакфурий яна ҳадиснинг зоҳирий маъносини асос қилиб олган ва шу уч масжиддан бошқасига сафар қилиб чиқилмайди, деган фикрдадир. Кашмирийнинг фикрича эса, шу уч масжиддан бошқа бирор бир масжидга намоз ўқишни қасд қилиб йўлга чиқишдан қайтарилган. Бу ҳадисни қабрларни зиёрат қилишга ҳеч бир алоқаси йўқ, деб ҳисоблайди. Юқоридагилардан Анвар Шоҳ Кашмирийнинг қарашлари ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик эътиқодига мос қараш эканини, Муборакфурийнинг қарашлари эса, бизнинг мазҳабимизга мос эмас, балки кўпроқ янги салафийлик оқими фикрларига мос келишини хулоса қилиш мумкин.

 

Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР

  1. Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим Муборакфурий. “Туҳфатул аҳвазий”. Дарул фикр.
  2. Муҳаммад Абдуллоҳ Ансорий. “АШ-Шайх Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий ароуҳул иътиқодийя”. Уммул қуро. Макка, 2000. – Б. 400.
  3. Сердар Мурат Гурсес. “Ҳанефий-селефий шерҳ геленейи ачисиндан Кешмиринин ал-Арфу-ш-шазий ва Мубарекфурийнин “Туҳфетул аҳвезий” исимли эсерлеринин каршилаштирмаси”. Инўну Университети, Ижтимоий фанлар институти. ДДИ. Малатя 2018. Б:300.
  4. Ҳаким Нисобурий. Ал-мустадрак ала саҳиҳайн. Байрут. 2012. Ж:I, – Б: 525.

 

 


 

[1] Имом Термизий. Сунан Термизий. Солат боби. 128-ҳадис

[2] Анвар Шоҳ Кашмирий. Файзул борий, II, 589 б.

[3] Анвар Шоҳ Кашмирий. Ал-арфуш-шазий. I, 558 б.

[4] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. IV, 188. б. 

Izoh qoldirish

Izohlar