НИКОҲ АҚДИНИНГ САҲИҲ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ ВА РУКНЛАРИ. МАҲР.
Маҳр - никоҳ ақди ёки эр-хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериши лозим бўлган молдир.
Маҳр шаръий ижтимоъий муҳофаза бўлиб, Қуръон билан собит бўлган.
Аллоҳ Қуръонда:
فما استمتعتم به منهن فئاتوهن اجورهن فريضة ولاجناح عليكم فيما تراضيتم به من بعد الفريضة
“Бас, уйланган ( никоҳингизга олган ) хотинларингизга белгиланган маҳрларини берингиз. Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни, улар ўз ихтиёрлари билан ҳаққи маҳрларидан кечиб юборишларида сизлар учун гуноҳ йўқдир”. ( Нисо сураси-24).
Қуръони карим оятларида ва ҳадиси шарифларда маҳр лафзи 9 лафз билан ишлатилган.
المهر ولاجرة والمسمى والصداق والصدقة والنحلة والفريضة والعلائق والعقر
Мазкур оятга кўра ва бошқа шу маънодаги оятларнинг ҳукми никоҳнинг маҳрсиз ҳам дуруст бўлишини билдиради.
Чунки маҳр ҳадя сифатида турмушга узатилаётган аёлнинг кўнглини кўтариш, эрига нисбатан ҳурматда ва муҳаббатда бўлиш учун бериладиган шаръий воситадир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
وءاتوا النساء صدقاتهن نحلة فان طبن لكم عن شيء منه نفسا فكلوه هنيئا مريئا
“Аёллар маҳрларини чин дилдан чиқариб беринглар. Агар улар ундан бирор нарсани ўз розиликлари ила берсалар, бас уни енглар, ош бўлсин”. (Нисо сураси - 4 ).
Ушбу ояти карима эрнинг маҳр бериши вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин маҳрни бериш никоҳнинг шарти ёки рукнларидан эмас. У сиз ҳам никоҳ бўлаверади.
Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишига рози аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериш лозимлиги уқтирилмоқда. Маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзи иши. Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, олган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни олиб бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.
Абул Ажфаъ (р.а) дан ривоят қилинади:
Умар (р.а) бизга хитоб қилиб:
“Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрини ошириб юборманглар! Агар у нарса бу дунёда ҳурмат-икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, ичингизда унга энг ҳақли киши пайғамбар (с.а.в.) бўлур эдилар. Росулуллоҳ (с.а.в.) хотинларидан бирор аёлга ўн икки увқиядан кўп маҳр берганлари йўқ. У Зотнинг қизларидан бирортасига ҳам бундан кўп берилгани йўқ”, деди.
Ҳазрати Умар мазкур хутбани халифалик вақтларида қилганлар. Шундан ислом ҳукумати маҳр масаласида кишиларга тушунтириш ишлари олиб бориб туриши келиб чиқади. Чунки маҳрнинг кўпайиб кетиши ҳеч кимнинг қадр-қийматини оширмайди. Одамлар қизларнинг қадрини маҳрнинг миқдори билан ўлчашлари мумкин эмас.
Шунингдек, маҳр кишининг тақвосига ўлчов бўлиши ҳам мумкин эмас. Агар маҳр қадр-қиймат ўлчови бўладиган бўлса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) дунёдаги энг кўп маҳрни беришлари керак эди. Дунёда у Зотдек қадрли ва тақводор одам йўқ. Дунёда у Зотнинг завжаи мутоҳҳароларидек, қизларидек қадрли ва тақволи аёл ҳам йўқ. Шундоқ бўлса ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз завжаи мутоҳҳароларидан бирортасига ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар. У оналаримиз ( р.анҳумолардан ) бирорталари ҳам бундан ортиқ маҳр сўрамаганлар.
Шунингдек, Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг қизлари, жигар бандларидан бирортасига ҳам ўн икки увқиядан ортиқ маҳр берилмаган.
Бугнги кундаги маҳрфурушлар ушбу ҳақиқатни яхшилаб тушуниб олишлари керак. Маҳрнинг кўплиги турли муаммолар келтириб чиқариши мумкин, холос. Қизларни эр олмай уйда ўтириб қолишлари, йигитлар маҳр тўплаш учун қийналишлари, иккала томон ҳам ҳаром йўлга кириб кетиши ёки ўша ишнинг хавфи кучайиши, маҳр топишга имкони йўқлар ғайридин аёлларга уйланиб олиши ва бошқа кўпгина муаммолар шулар жумласидандур.
Никоҳдаги маҳр масаласи, ислом динининг умуминсоний ҳақийқий халқ қабул қила оладиган ҳаётий дин эканлигини кўрсатадиган амалдир. Чунки ғайри динларда аёлларнинг мерос тўғрисидаги ҳақ-ҳуқуқлари оёқ-ости қилиниши баробарида уларнинг маҳрлари ҳам аёвсиз топталган.
Ислом ўз ҳаққонияти билан аёлнинг топталган ҳуқуқларини тўла қайтариб берди ва уни ижтимоий муҳофазасига олди. Шунга кўра мужтаҳид имомлардан имоми Шофъий (р.а) маҳрни никоҳнинг фарзларидан ҳисоблаганлар. Ҳанафий уломаларининг наздида эса маҳр вожиб амалдир. Агар ваъда қилинган маҳр берилмаса, маҳр мисл ҳар қандай ҳолда вожиб бўлади.
Маҳр мисл ҳар бир даврда ва ҳар бир мамлакатда ва ҳар бир маҳаллада одат бўлган, урф бўлган қизга бериладиган ҳадяни билдиради.
Маҳр масаласини текширар эканмиз, маҳрнинг миқдори тўғрисида Қуръонда ҳам суннатда ҳам аниқ кўрсатма йуқ эканини кўрамиз. Шунинг учун маҳр миқдори куёвнинг ижтимоъий ҳолига қараб белгиланиши шариатга ҳам мувофиқ бўлади. Ҳанафий мазҳабида маҳрнинг энг кам миқдори 10 дирҳамдир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида:
لا صداق دون عشرة دراهم (رواه جابر )
“Ўн дирҳамдан кам маҳр, маҳр эмас”, деганлар.
(Жобир ривояти )
Ҳадиси шарифда ҳам маҳрнинг вожиблигига далолат қиладиган нарсалар келган.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида:
لى الواجد ظلم يحل عرضه و عقوبته ( رواه احمد وترمذى )
“Имконияти бор одам маҳрни бермаслиги зулмдир. Бу обрўсини кеткизишни ва қиёматда азобни унга ҳалол қилади”, деганлар.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна бир ҳадисларида:
اول من يختصه يوم القيامة الرجل والمراته ( رواه ابو ايوب الانصاري )
“Биринчи бўлиб қиёмат кунида эр-хотин ўзаро ҳақлари устида талашадилар. Шунда эр маҳр бермагани учун ҳасрат ва надоматга қолади”.
Маҳрнинг вожиб бўлишидаги ҳикмат, юқорида санаб ўтганимиздек, аёлнинг жамиятдаги ҳақ-ҳуқуқларини тан олиш, унинг ижтимоъий муҳофазаси, қадр-қиймати қаторида инсонга хос бўлган меҳр-муҳаббати, яъни турмуш ўртоғи, оиласи, фарзандлари олдидаги шаръий вазифаларни ўташига самимий киришиши учун омил ҳамдур. Шунингдек, маҳр оила ҳамда жамиятнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.
Довутов Саййидбурхон - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar