06.11.2023

ҲАДИС ВА СУННАТ ОРАСИДАГИ ФАРҚ

Пайғамбар алайҳиссаломдан содир бўлган ҳар бир ҳикматга (сўзга) баъзан суннат, баъзан ҳадис, баъзан хабар ёки бўлмаса асар ҳам дейилади. Ушбу истилоҳларнинг орасида бўлган муайян фарқни билиш учун уларнинг ҳар қайсиси устида алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқдир.

Баъзи истилоҳларда уламоларнинг қарашлари бир-биридан фарқ қилади.  Аммо бундай тафовут асосан лафзларни нима мақсадда  қўллашга бориб тақалади. Чунки истилоҳ муайян бир лафзни маънолардан бирига далолат қилиши учун хослаб қўйишдан иборат. Истилоҳдаги хилма-хиллик ташқаридан ихтилофли бўлиб кўринса-да, моҳиятда мақсадларга зид келмайди.

Суннат” ва “ҳадис” истилоҳлари масаласидаги тафовут ҳақида айтиш мумкинки, бу икки истилоҳнинг жамланадиган ва жамланмайдиган ўринлари бор.

Жамланадиган ўринлар:

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган сўз, феъл, тақрирларга ҳам “ҳадис”, ҳам “суннат” ибораси қўлланаверади. Шайх Абдуллоҳ Жудийъ айтади: “Муҳаддисларнинг “ҳадис”га берган таърифларидан “сифат” истисно қилинса “суннат”нинг аслий маъноси билан бир хил бўлади. “Суннат” жумласидан набавий сифатнинг истисно қилиниши баҳс шаръий ҳукмлар борасида кетаётгани учундир. Зеро, шаръий ҳукмлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халқий сифатларидан эмас, балки у зотнинг сўзлари, феъллари ва тақрирларидан истифода қилинади (Таҳрир улумил ҳадис).
  2. Аллоҳ таолонинг буйруқларини муҳофаза қилувчи тоифа ва нажот топувчи фирқага ҳам “аҳли ҳадис”, “аҳли сунна” дейилади.
  3. Ҳадиси шарифлар ва салафи солиҳларнинг сўзларини нақл қилувчи китоблар ҳам “кутубул ҳадис”, “кутубус сунна” деб номланади.

Фарқланадиган ўринлар:

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишларидаги субути қатъий бўлмаган ҳидоятларига “суннат” калимаси қўлланилади. Бу билан у зотнинг таълимотлари, услублари ва танлаган йўллари назарда тутилади. Уламолар кўпинча бу ўринда “ҳадис” иборасини қўллашмайди.

Саййид Сулаймон Надавий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан воқеъ бўлган ҳар бир нарса “ҳадис” ҳисобланади, гарчи уни ҳаётлари давомида бир-икки марта қилган ёки фақат бир киши томонидан ривоят қилинган бўлса ҳам. Аммо “суннат” аслида мутавотир амал учун берилган исм бўлиб, у бизга мутавотир амал билан етиб келади. Яъни дастлаб бир ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилиб, у зотдан кейин саҳобалар, улардан сўнг тобеинлар, сўнг кейингилар унга амал қилишиб, шу ҳолатда бизгача етиб келади. Унинг ривояти мутавотирлик даражасига етиши ҳам шарт эмас. Мутавотир амал йўли “суннат” деб аталади. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари билан ҳам боғлиқ: “Сизларга икки ишни қолдириб кетяпман, агар уларни ушласангиз адашмайсиз: Аллоҳ таолонинг китоби ва Расулининг суннати” (Имом Молик ривояти). Бу шундай суннатки, унга бирор мусулмон хилоф қилиши ёки уни тарк этиши мутлақо жоиз эмас, акс ҳолда унинг Исломдан насибаси бўлмайди” (“Мажаллатул манор”).

  1. Ихтисослиги диннинг фақат шаръий аҳкомлари йўналишида бўлган уламоларга ҳам “суннат” калимаси нисбат берилади, “ҳадис” эмас. Бу борада Абдураҳмон ибн Маҳдийнинг машҳур гаплари бор: “Суфёни Саврий – ҳадис имоми, суннат имоми эмас. Авзўий – суннат имоми, ҳадис имоми эмас. Молик ибн Анас эса иккиси (ҳадис ва суннат)да ҳам имомдир” (“Тарийху Дамашқ”).

Абу Амр ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Баъзилар Молик ибн Анасни раҳимаҳуллоҳ ҳақларида у суннат ва ҳадисни жамлаган дейишади. Суннат ва ҳадис ўртасида қандай фарқ бор?”

Ҳофиз: “Суннат бу ерда бидъатнинг зиддидир. Гоҳида инсон аҳли ҳадис бўлса-да, бидъатчи бўлади. Молик розияллоҳу анҳу икки суннат орасини жамлаган. Шундай қилиб, у киши суннатни билувчи, яъни ҳадисни ва суннатга эътиқод қилувчи (эргашувчи) бўлди. Яъни у кишининг мазҳаблари бидъатдан узоқ бўлган аҳли ҳақ мазҳабидир, валлоҳу аълам” деб жавоб берди (“Фатово Ибни Салоҳ”).

  1. Муайян бир феълнинг афзаллик ҳукмини баён қилишда “ҳадис” эмас, балки “суннат” ибораси қўлланади.
  2. Уламолар ривоятларнинг саҳиҳлиги ёки заифлиги борасида баҳс юритишганида “ҳадис” иборасидан фойдаланишади, “суннат”дан эмас. Масалан, “Бу ҳадис заиф  ёки саҳиҳ” дейилади, “Бу суннат заиф ёки саҳиҳ” дейилмайди. Бу нарса “суннат” ҳадислардан келиб чиққани эътиборидандир. Ўз-ўзидан маълум бўладики, суннат Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манбаадир. Чунки, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари тўпламидан иборат. 

 

Имомиддин Бобоқулов - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассассаси ўқитувчиси 

 

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar