КЎП КУЛИШ ҚАЛБНИ ЎЛДИРАДИ
Кўп кулиш ҳақида Аллох таоло шундай мархамат қилади:
"Бас (улар) қилмишларининг жазоси учун (бу дунёда) оз кулсинлар ва (охиратда) кўп йиғласинлар" (Тавба, 82).
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳуалайҳи васаллам) кўп кулишдан хам қайтарганлар. Бу сўзга эътибор бериб қарасак, Расулуллоҳ (соллаллоху алайҳи васаллам) фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган элчи эмас, балки ишларнинг замирини ўргатувчи муаллим, қалб касалликларининг моҳир табиби эдилар. У зот қалбга ишора қилиб айтадилар: "Агар у соғлом бўлса, бутун вужуд соғлом бўлади, агар у бузилса, жасад ҳам айнийди".
Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Агар мен билган нарсаларни билганингизда оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз", дедилар.
Агар қалб кўп кулиш касаллигига мубтало бўлса, ўзига келадиган нурлардан махрум бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўп кулишга тариф берар эканлар, уни шайтонга эргашиш ваҳавойи нафсга қул бўлиш, деб изоҳлаганлар. Бировларни мазах қилишдан хазар қилиш лозим. Умар ибн Абдулазиз айтганидек: "Мазах қилишдан тийилинг, чунки у ахмоқлик бўлиб, кек ва адоват келтиради".
Ҳакимлардан бири мазахга шундай тариф берган: "Мазах бу сўкишдир, чунки мазах қилувчи жиддий ҳолатда эмас, балки кулиб мазах қилади".
Ҳаким Мансур бундай дейди: "Мазах қилиш олов ўтинни егани каби қулиш хайбатни еб битиради. Кимнинг мазахи кўпайса, хайбати камаяди, кимнинг хазил қилиши кўпайса, ақли камаяди".
Саид ибн Ос ўғлига бундай васият қилади: "Мазах қилма, чунки кўп мазах қилиш киши қадрини кетказади ва ахмоқликка етаклайди".
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Мен хазил қилсам хам фақат хақиқатни айтаман", дейдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хазилларидан баъзиларини келтириб ўтиш тарбиявий жихатдан киши ўз хаддини билишида ибратдир.
Ансорийлардан бир кекса аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хузурларига келиб: "Эй Расулуллоҳ, мени дуо қилинг. Аллох мени жаннатга киритсин", деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Билмайсанми, жаннатга кампирлар кирмайди", дедилар. Кампир йиғлаб юборди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) табассум қилиб: "Аллохнинг ушбу оятини ўқимагансан!", деб оятни ўқидилар:
"Биз уларни (хур қизларни) дафатан пайдо қилдик. (онадан туғилмадилар). Кейин уларни бокира қизлар қилдик. (Улар) жозибали ва тенгқурдирлар" (Воқеа, 35-37).
Аллоҳ таоло бундай мархамат қилади:
"Эй мўминлар! (сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эхтимол, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқдир. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эхтимол, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқдир. Ўзларингизни (бир -бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир - бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Ким тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир" (Хужурот, 11).
Кулиш ва мазах тўғирисидаги васият Умар ва Али (розияллоҳу анҳу): "Ким кўп кулса, ҳайбати камаяди" деганлар. Али (розияллоҳу анҳу) эса: "Олим қаттиқ кулса, унинг илми сусайиб бораверади", деганлар.
Бобораҳматов Абдулбосит – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar