10.11.2023

“САЛОМЛАШИШ – ИСЛОМДАГИ ГЎЗАЛ ХУЛҚЛАРДАНДИР”

Дарҳақиқат, Саломлашиш Ислом дини тарғиб қиладиган асосий шиорлардан саналади. Шу боисдан ҳам саломлашиш – мўмин-мусулмонликнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Уни адо этиб юришда эса унга алоқадор билимга эга бўлиш алоҳида аҳамият касб этади. Бу борадаги барча билимлар манбаи эса Қуръони карим ҳамда Суннати Мутоҳҳара ҳисобланади. Шунингдек, улуғ саҳобийлар ҳам бу борада жуда муҳим сўзларни айтишган. Жумладан:

Абдуллоҳ ибн Аббос: «Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломнинг ниҳояси баракотдир», деганлар. Хабарларда қайд этилишича, энг яхши амал очларни тўйдириш ва таниган-танимаган кишига салом беришдир.

Йирик олимлардан Ҳусайн Воиз Кошифий шундай деган: “Агар “Салом берилганда жавоб қайтариш одоби қандай?” деб сўрасалар, “Бу нарсанинг еттита шарти мавжуд”, деб айтгин. Биринчи навбатда, саломга ҳушнудлик ила жавоб қайтариш. Иккинчиси, салом берган кишига “Раҳмат”, деб айтиш. Учинчиси, Ислом миллатига мансуб бўлмаган киши салом берса ҳам алик олиш кераклиги. Тўртинчиси, саломга алик олувчининг ҳам таҳоратли, пок бўлиши кераклиги. Бешинчиси, кўп инсон турган бўлса, уларнинг ораларидан бир одам саломга жавоб қайтарса кифоя қилиши. Олтинчиси, саломга ишора ёки имо билан эмас, балки овоз чиқариб алик олиш кераклиги. Еттинчиси, саломга алик олганда салом берган кишининг эшитиши муҳимлиги”.

Салом бериш ва алик олиш хусусида ахлоқ-одобимизнинг бир қанча кўрсатмалари бор бўлиб, қуйида баъзиларини келтирдик:

“Аввал салом, кейин калом” (яъни бошқа гап-сўзлар).

“Салом бермагунича, бировни таомга чақирманглар”.

Бу борада кўплаб муҳим гаплар мавжуд бўлиб, ҳаммасини қамраб олиш имконсиз. Дарҳақиқат, салом бериш одоблардан яна бири сифатида шуни айтиш керакки, инсон ҳеч ким бўлмаган хона ёки уйга кирса ҳам “Ассалому алайкум Аҳлал байти ва раҳматулллоҳи ва барокатуҳу” деб салом бериб кириши мақсадга мувофиқ саналади. Бу ҳақда Жаноби Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳуга айтган ҳадисларида марҳамат қилиб айтганлар:

 

ياَ بُنِىَ إِذاَ دَخَلْتَ عَلىَ اَهْلِكَ فَسَلِّمْ تَكُنُ بَرَكَةً عَلَيْكَ وَ عَلىَ بَيْتِكَ

رواه الترمذى

 

яъни: “Эй ўғилчам! Аҳли-аёлинг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бергил! Саломинг шарофати билан сенга ва оила аъзаларинга Алллоҳнинг баракоти нозил бўлади”.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Исломнинг улуғ аҳлоқлар борасидаги беназр бебаҳо йўл-юриқларига, гўзал одоб-ахлоқларга амал қилишимизда ва азиз фарзандларимизни ҳам юксак маънавият соҳиби этиб тарбиялашимизда улкан муваффақиятлар ато қилишини сўраб қоламиз! Амин.

 

Нуралиев Умид – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси АРМ кутубхоначиси.

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar