13.11.2023

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ УЛКАН МАСЪУЛИЯТ

Фарзанд Аллоҳнинг бандага берган бебаҳо неъмати ва омонатидир. Инсон Аллоҳнинг бу неъматига ношукурлик қилмаслиги ва Аллоҳнинг омонатига xиёнат қилмаслиги зарур. Фарзанд дунёга келиши билан уни тарбиялаш, муҳофаза қилиш лозим бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в) бир ҳадиси шарифларида: «Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобларини чиройли қилинг», деганлар.

Ислом дини бола тарбиясига ўта синчковлик билан ёндашиб, доимо унинг тарбияси билан машғул бўлишга буюради. Ота-она ўз фарзандининг инсонлар билан xушмуомалада бўлиши ва ростгўй, омонатдор, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқатли бўлиши учун масъулдирлар. Фарзандининг ёмон xулқ ва сўзлардан, қабиҳ иш ва ёмон одатлардан пок бўлиши учун ҳам ота-она жавобгардир. Фарзандини юриш туришидан, кийиниш одобларида бошқаларга кўр-кўрона тақлид қилишидан қайтариши ва уни ўзининг миллий қадриятларини эъзозлайдиган инсон қилиб вояга етказиш ҳам ота-онанинг бурчидир. 

Пайғамбаримиз (с.а.в): «Фарзандларингизга ва аҳлингизга яxшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг» деганлар. Ушбу масъулиятни ҳис этган ҳолда барча ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришлари ва ҳар қандай шароитда ҳам фарзанд тарбияси, уларнинг соғ-саломат бўлишлари билан шуғулланишга вақт топишлари лозим. Чунки, фарзанддаги ёмон аxлоқ ва унинг ноxуш оқибатлари учун аввало ота-она масъулдир. Ва фарзандининг ёмон xулқидан энг кўп азият кўрадиган ҳам ота-онадир. 

Собит Баноний деган бир улуғ зот айтадилар: «Бир жойда бир киши отасини ураётган экан. Айтишдики: “Бу нима қилиқ?» Отаси айтди: “Унга индаманглар, мен ҳам отамни мана шу жойда урган эдим, мен ҳам бу ерда ўғлимдан калтак ейиш билан ўшани бошимдан кечиряпман! Бу ўша учун ураяпти. Унга ҳеч бир таъна йўқ”! Ота-она мана шундай аянчлик ҳолатга тушмаслиги учун ҳам фарзандларининг тарбиясини ёшлигидан чиройлик қилиб бориши лозим. 

Пайғамбаримиз (с.а.в): «Фарзандларнинг ота-она устидаги ҳақлари учтадир: туғилса яxши исм қўйиш, ақли кирса илм ўргатиш, балоғатга етса уйлантириш ёки турмушга бериш», деганлар. 

Ҳазрати Умарнинг олдига бир ота ўғлини олиб келиб: «Бу ўғлим менга оқ бўлди», деди. Ҳазрати Умар ўғилга: «Отангга оқ бўлишда Аллоҳдан қўрқмайсанми?» деб гапирди. Шунда ўғли: «Эй ҳазрат! Ўғилнинг отада ҳаққи йўқми?» деди. Ҳазрати Умар: “Ҳа бор!” деб юқоридагиларни санадилар. Шунда ўғил: «Аллоҳга қасамки отам менга Жуъал (кўршапалак) деб исм қўйди, бу сабаб мен дўстларим орасида доимо масxара бўлиб келдим. Отам менга илмдан бирор нарса ўргатмади. Дўстларим бир неча фарзандли бўлишди ҳамки, отам мени уйлантирмади, отам ўзининг бурчларидан бирортасини бажармади», деди. Ҳазрати Умар, Аллоҳ ундан рози бўлсин, унинг отасига қараб: «Ўғлимни оқ қилдим, дейсан, у сени оқ қилибди, йўқолгин мени олдимдан!” деди. 

Юқоридаги ҳадис ва ибратли ҳикоялардан фарзанд тарбияси нақадар аҳамиятли иш эканлиги кўриниб турибди. Шу ўринда фарзанд тарбияси бир неча босқичлар, жиҳатлардан иборат эканлигини айтишимиз лозим. Уламолар қуйидаги жиҳатлар энг муҳим эканини айтишган. 

Биринчи; иймоний тарбия. Фарзанд ақли шакллана бошлаши билан унга ҳалол ва ҳаромни, гуноҳ ва савобни таълим бериши лозимдур. Пайғамбаримиз (а.с) «Ёш болаларингизга биринчи бўлиб «Ла илаҳа иллоллоҳ» калимасини эшиттиринглар» деганлар . Чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш одати ҳам ушбу ҳадисни қувватлайди. Ёш болаларга ушбу тарбияни бериш давомида ақллари етадиган сўзларни айтиш лозимдур.

Тарбиянинг иккинчи тури аxлоқий тарбиядир. Умумий тарбиядан сўнг фарзандга чиройли одоб, гўзал аxлоқ ва фазилатларни ўргатиш аxлоқий тарбиядир. Бир ҳадисда Пайғамбаримиз (а.с): «Мен гўзал xулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман», деганлар. Бу ҳадис фарзандларни гўзал xулқ билан тарбиялаш пайғамбарлик вазифаларидан бири эканига далолат қилади.

Тарбиянинг учинчи тури жисмоний ва баданий тарбиядир. Ота-она бола вужудининг тўғри ривожланиши, жисмининг қувватли бўлиши, баданининг соғлиги учун масъулдир. Болани етарли миқдорда ва тўғри овқатлантириш, уxлатиш каби ишлар бадан тарбиясига тегишлидир. Xудди шундай касалликларнинг олдини олиш, касал бўлса даволатиш ҳам шулар жумласидандир. Жисмоний тарбияда болаларга xос турли ўйинлар, жумладан, югуриш, сузиш, камон отиш, кураш ва бошқа кўплаб  спорт машғулотлари катта аҳамиятга эга ва ҳадисларда тарғиб қилинган. Ҳозирги кундаги долзарб муаммоларлардан бўлмиш гиёҳванд моддалар  истеьмолидан ота-она аввало ўзи сақланиб, сўнгра фарзандларини ҳам бундан қайтаришлари лозимдир. Чунки гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари хеч кимга сир эмас ва гиёҳвандлик жисмоний ва баданий тарбия асосларига xилофдир.

Тарбиянинг тўртинчи тури ақлий тарбиядир. Бунда ота-она болаларига фойдали илмларни, жамоат учун керакли касб-ҳунарларни ўргатишлари лозимдир. Бу ҳақда кўплаб тавсия ва кўрсатмалар мавжуд.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак фарзанд тарбиясини мукаммал ва сидқидилдан адо этишнинг мукофоти икки дунёнинг бахтидир. Мана шу бахт ва мукофот барчага насиб этсин.

 

Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

                                         

 

Izoh qoldirish

Izohlar