20.07.2022

ХАВОРИЖЛАР КИМЛАР?

  “Хаворижлар” деб аталган тоифа анъанавий исломдан – аҳли суннат ва жамоатдан илк ажралиб чиққанлар гуруҳи бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни “дажжол малайлари” ва “дўзах итлари”, деб атаганлар ва доимо огоҳлантирганлар. Уламолар эса хаворижларнинг кимлар экани, қандай бўлишлари ва алоҳида хусусиятлари борасида фикр билдириб ўтганлар. Уларнинг якдил фикрлари шуки, хаворижлар ўз подшоҳларига ва давлатлари раҳбарларига қарши чиқувчи ва ўз юртларини уруш-жанжаллар гирдобига тортувчи бахтсиз нокаслардир. Биз уламоларнинг фикрларидан айримларини бирма-бир келтирмоқчимиз:

Аҳли суннат ва жамоатнинг улуғ олимларидан бири, ўзларининг “Шарҳ ас-Суннат” (“Суннат изоҳи”) асарлари билан донг таратган зот Аллома ал-Барбаҳорий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

“Кимки мусулмонларнинг давлат раҳбарларидан бирортасига қарши чиқса, демак, у хавориж тоифасидандир! Дарҳақиқат, у мусулмонларнинг ҳассасини синдирган, яъни иттифоқлигини бузган ва ҳадисларга тескари иш қилгандир. Унинг ўлими жоҳилият ўлимидир!” (Барбаҳорий. “Шарҳ ас-Суннат”, 76).

Буюк юртдошимиз, таниқли фақиҳ ва мутакаллим Абулйуср ал-Баздавий раҳимаҳуллоҳ “Усул ад-дин” (“Диннинг асослари”) номли асарларида бундай деганлар: “Улар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу, Усмон разийаллоҳу анҳу, Зубайр разийаллоҳу анҳу, Талҳа разийаллоҳу анҳу, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо ва Муовия разийаллоҳу анҳуни кофир дейишга иттифоқ қилганлардир. Улар яна катта ёки кичик гуноҳ қилиб қўйган кимсаларни ҳам кофир дейишга иттифоқ қилганлардир. Улар яна мусулмонларнинг подшоҳларига қарши чиқишга ва улар билан урушишга ҳамда ислом диёрларини жанг-у жадал диёрига айлантиришга иттифоқ қилганлардир” (Абулйуср ал-Баздавий. “Усул ад-дин”, 248).

Аллома ал-Ожурий раҳимаҳуллоҳ “Шариат” деб аталган китобларида бундай деганлар: “Хаворижлар ёмон, ифлос бир нажасдирлар! Уларнинг йўлида бўлган бошқа хаворижлар ҳам уларнинг мазҳабларини – эски ва янги ақидаларини улардан мерос олгандир. Улар подшоҳларга ва раҳбарларга қарши чиқадилар ҳамда мусулмонлар билан урушмоқни ҳалол санайдилар” (ал-Ожурий. “Китоб аш-Шариат”, 24).

Бидъатчи гуруҳ ва оқимларнинг тарихини битган аш-Шаҳристоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Милал ва-н-Ниҳал” (“Миллатлар ва элатлар”) номли асарларида хаворижлар тўғрисида бундай деганлар:

“Жамоат (жамият ва мамлакат аҳолиси) раҳбарлигига иттифоқ қилган ҳар бир ҳақ подшоҳга (давлат раҳбарига) қарши чиққан кимса хавориж деб номланади. У саҳобалар даврида хулафои рошидин (чаҳорёр) га қарши чиққан ёки улардан кейинги ҳар бир замонда уларга яхшилик билан эргашувчи қиёмат кунигача бўладиган подшоҳларга қарши чиққан бўлсин, фарқи йўқ!” (аш-Шаҳристоний. “ал-Милал ва-н-Ниҳал”, 1/105).

Ҳозирги замонамиз хаворижлари бўлмиш бемазҳаб «салафий»лар томонидан ўзларининг энг улуғ уламоси деб ҳисобланадиган Ибн Таймия ҳам “Мажмуъ ал-фатово” (“Фатволар тўплами”) асарида хаворижлар тўғрисида бир неча ўринларда тўхталиб ўтган бўлиб, бир жойда уларнинг асосий хусусиятлари тўғрисида бундай деган:

“Уларнинг машҳур иккита хусусиятлари бор. Бу икки фарқ билан улар мусулмонларнинг жамоати ва имомларидан ажралиб турадилар. Биринчиси, уларнинг суннатдан четга чиқишларидир. Ёмон бўлмаган нарсани ёмон деб, яхши бўлмаган нарсани эса яхши деб туриб оладилар. Буни хаворижлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига очиқ-ойдин айтишдан ҳам тоймаганлар. Жумладан, Зулхувайсира ат-Тамимий деган кимса: “Адолат қил, чунки, адолат қилмаяпсан!”, деган эди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ҳолингга вой! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?! Агар мен адолат қилмасам, сен хору зор бўласан-ку?!”, деганлар. Хаворижлар ва бидъатчилар тўғрисидаги иккинчи фарқ шуки, улар гуноҳ ва ёмон ишлар туфайли мусулмонларни кофирга чиқараверадилар. Гуноҳ қилгани учун кофирга чиқаришларининг асосида мусулмонларнинг қонлари ва молларини ҳалол санаш ётади. Улар ислом диёрларини уруш диёрига айлантирадилар, ўзларининг яшаётган жойларини эса имон юрти, деб ўйлайдилар” (Ибн Таймия. “Мажмуъ ал-фатово”, 19/72).

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ал-Бухорий”га битган “Фатҳ ал-Борий” (“Яратганнинг фатҳи”) номли асарларида хаворижлар ҳақида бундай деганлар: “Хаворижларга келсак, улар қарши чиққан тоифадир. Улар битъатчи гуруҳлар бўлиб, хаворижлар деб номланган. Бу уларнинг динга ва мусулмонларнинг яхшиларига қарши чиққанликлари учундир” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. “Фатҳ ал-Борий”, 12/296).

Имом аз-Зурқоний раҳимаҳуллоҳ “Муватто-и Молик” га битган шарҳларида бундай деганлар: “Золим, жавр қилувчи подшоҳ билан жанжаллашувнинг жоизлигини мўътазилийлар ва хаворижларнинг барчаси айтиб келадилар. Аммо аҳли суннат ва жамоат эса подшоҳнинг фазилатли, адолатли, яхши ишлар қилувчи бўлишини ихтиёр қилишни айтадилар. Агар бундай бўлиб чиқмаса, жавр қилувчига итоат қилиб сабр этмоқ унга қарши чиқмоқдан кўра яхшироқдир! Чунки, қарши чиқмоқда омонликнинг (тинчликнинг) хавф-хатарга, қонларнинг тўкилмоғига, толон-тарож ва фисқу фасоднинг кенг ёйилишига ўзгармоғи бор. Бу эса подшоҳнинг жаври ва фисқига сабр қилмоқдан кўра оғирроқ оқибат келтиради” (Шарҳ аз-Зурқоний”, 8/226).

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “Мирқот ал-мафотиҳ” асарларида бундай деганлар: “Бу хаворижларнинг сифати бўлиб, улар подшоҳларга диёнат билан итоат қилмайдилар, одамларга қилич билан қарши чиқадилар… Уламолар ижмоъ қилганларки, хаворижлар ўзларининг залолатларига биноан мусулмонларнинг фирқаларидан бир фирқадир” (Али ал-қори. “Мирқот ал-мафотиҳ”, 11/119).

Хуллас, хаворижлар ўз подшоҳларига ва давлатлари раҳбарларига қарши чиқувчи ва ўз юртларини уруш-жанжаллар гирдобига тортувчи бахтсиз нокаслардир. Бу гапни исломнинг барча аҳли суннат ва жамоатдаги уламолари таъкидлаб келганлар. Зотан, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни “дажжол малайлари” ва “дўзах итлари”, деб атар эканлар, уларнинг то қиёматгача барча замонларда ва барча маконларда изғиб-тентираб, ғавғо кўтариб юришларидан огоҳлантирган эдилар. Демак, хаворижлар тоифасига қўшилиб қолишдан, уларнинг фикрлари ва гап-сўзларига алданиб қолишдан сақланиш лозим. Ҳар ҳолда, ҳеч бир мусулмон “дажжол малайлари” ва “дўзах итлари”дан бўлиб қолишни истамаса керак! Шундай экан, тинч-тотувликда, осойишта ва фароғатда имконингиз қадар Аллоҳ таолонинг тоатида ва қўлингиздан келгунча раҳбарларингиз итоатида умр ўтказаверинг! Бошқасини қўйинг, қолгани, Аллоҳга ҳавола!

 

✍️ Ҳайбатулло РАШИДОВ - Шўрчи тумани “Толли ота жоме масжиди” имом хатиби


 

Izoh qoldirish

Izohlar