ЎЗБЕКИСТОН БАҒРИКЕНГЛИК ДИЁРИ
Жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкам қарор топтиришнинг энг муҳим тамойилларидан бири ижтимоий ва диний бағрикенгликдир. Юртимизда турли конфессиялар вакиллари ягона оила бўлиб, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаётгани, жонажон Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани бизнинг энг катта бойлигимиздир.
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келишмоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг ҳар қандай тажовуздан бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари жамият барқарорлигининг муҳим кўрсаткичларидан саналади.
Ўзбекистонда ислом маърифатини тарқатиш, ўтмиш аждодларнинг бой маънавий меросини янада чуқур ўрганиш олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан саналади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ислом сивилизатсияси марказининг ташкил этилиши, Имом Бухорий ва Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари шунингдек Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ҳамда Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг очилиши тарихий аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам «Жаҳолатга қарши маърифат» деган улуғвор ғоя асосида дин соҳасидаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, бузғунчи ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш каби устувор йўналишлар эътироф этилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда минглаб маҳкумларнинг афв этилиши, фуқароларнинг турли рўйхатлардан чиқарилиши, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилиши, шунингдек, “Меҳр” операциялари доирасида можароли ҳудудлардан аёллар ва ёш болаларнинг юртимизга олиб келиниши, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши экспертлар томонидан юқори даражадаги ислоҳотлар сифатида эътироф этилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон диний соҳадаги “Алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам бу борадаги ишларнинг ёрқин амалий ифодасидир.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистондаги диний бағрикенглик борасидаги фаолият дунёдаги кўп конфессияли мамлакатларга намуна қилиб кўрсатса арзийдиган даражада экани халқаро экспертлар, турли диний конфессия раҳбарлари томонидан баралла янграмоқда.
Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва дин вакиллари тинч ва эркин яшаб, ўз диний маросимларини бемалол бажараётган бағрикенг мамлакат сифатида қадрланади. Мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган изчил сиёсат халқимиз, жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, кўп конфессияли давлатлар, хусусан, Ўзбекистонда диний бағрикенглик борасидаги ёндашувлар ва қарашларга янгича нигоҳ билан назар ташлаш, ушбу йўналишдаги фаолиятни тизимли ва тартибли ташкил этишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Ўзбекистон тажрибаси ва ушбу йўналишдаги ислоҳотлар том маънода ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатдаги турли конфессия вакилларининг ўзаро аҳил, иноқ ва ҳамжиҳатликда фаолият юритишига асос бўлаётир.
Пировардида, юртдаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга эришилмоқда.
Зеро, мамлакатимиз истиқболини тинчлик, инсонпарварлик ва барқарор тараққиёт сари этакловчи йўлнинг дарвозасини маърифат ва диний бағрикенглик калити билан оча оламиз.
Имомиддин Бобоқулов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассаса матбуот хизмати
Izohlar