16.11.2023

Зикр

Аввало зикр хақида сўз юритсак. “Зикр” сўзи луғатда эслаш, хотирлаш, тавсифлаш каби маъноларни англатади. Аммо умумий маънода зикр икки хил бўлади: тил билан ва дил билан зикр қилиш. Уламолар истилоҳида: “Зикр – банданинг Роббисини тили ва дили билан эслашидир. Бу У Зотнинг Ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр қилиш ёки Китобини тиловат қилиш ёхуд У Зотга дуо қилиш, У Зотдан бирор нарсани сўраш, У Зотга ҳамду сано айтиш, У Зотни улуғлаш ва У Зотга шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.

Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир бандага маҳбуб қилинган нарсадир. Зикр ҳар доим қилиниши керак бўлган марғуб ишдир.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар”(41 – 42-оятлар). 

Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш ҳамда “У мени кузатиб турибди” деган доимий сергакликда туришдир.

Энди нақшбандия тариқатидаги зикрга келсак, Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин) ҳазратлари ҳам бу улуғ тариқатга учта қоида – дастур илова қилиб, уларни ўн биттага етказганлар. 

1. Ҳуш дар дам: Ҳар бир нафас олиш ва чиқаришда огоҳ бўлиш.

2. Назар бар қадам: Қадамларини назорат қилиб юриш, ноўрин қарашлардан эҳтиёт бўлиш ва ўзини сақлаш.

3. Сафар дар ватан: Ҳар қадамда асл мақсадга – Ҳақ томонга юриш.

4. Хилват дар анжуман: Халқ ичида Хақ ила ёлғиз бўлиш.

5. Ёдкард: Нафас чиқармасдан (нафасни ютиб) қалб ва тил билан тавҳид зикрини жамлаб айтиш.

6. Бозгашт: Матлуб ва мақсуднинг фақат Аллоҳ ризоси учун эканлигини билиш.

7. Нигоҳдош: Қалбни хавотирдан сақлаш.

8. Ёддошт: Ҳар нафасда Аллоҳ билан бўлиш.

9. Вуқуфи замоний: Ҳар бир лаҳзасини ҳисоб-китоб қилиш ва қадрлаш.

10. Вуқуфи ададий: Зикрда саноққа риоя қилиш.

11. Вуқуфи қалбий: Қалбни “Аллоҳ” зикри, фикри ва амри билан банд қилиш.

Хожа Муҳаммад Порсо ҳазратлари “Фасл ул-хитоб” (“Тавҳидга кириш”) номли асарида Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларидан шундай баҳс қилган.

Демак зикр нақшбандия тарийқатида юқоридаги 11 та қоидаларга мувофиқ махфий бўлади. Устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф рахматуллоҳ алайҳи ўзининг “Нақшбандия” китобидаги зокирнинг одоблари бобида қуйидагиларни келтирган. “Одамлардан панада бўлиб, хилватда зикр қилиш кўпчилликнинг ичидаги зикрдан афзалдир.

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ ҳадисда келган “Агар бандам Мени ёлғиз зикр қилса, Мен ҳам уни ёлғиз зикр қиламан” деган иборадан “Махфий зикр ошкора зикрдан афзалдир” деган ҳукмни чиқарган.

Махфий зикрнинг афзаллиги бундан бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланган. Зотан, у риёдан йироқдир”.

Демак юқоридаги ҳадисларга кўра нақшбандия тариқатида зикр қалб билан ва махфий бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аввал инсонлар шариатни мукаммал билиши шартдир. Шариатни билмасдан туриб тариқатга кириш тўғри эмас. Бу борада тасаввуфшунос бобокалонларимиздан Сўфи Оллоёр (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин) ўзининг “Сабот ул - ожизин” асарида “Шариатсиз киши учса ҳавога кўнгул қўйма анингдек худ навога” деганлар. Бу байт билан бобомиз шариатни мустахкам ўрганмасдан тариқатга кириб бўлмасликни айтганлар. Аввало шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат ҳақидаги илмларни ўрганиб амал қилсак мақсадга мувофиқ бўлади. Бугунги кунда кўзга ташланаётган баъзи кишиларнинг йиғилиб жаҳри зикр қилиб қўни қўшнилар ва бошқа инсонларнинг кўнглига хавотир солишлари,  келиб чиқмайди. 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф рахматуллоҳ алайҳнинг “Нақшбандия” китоби асосида тайёрланди. 

 

Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar